Мақолалар

Фарзандингизни “ўлдириб” қўйманг...

Ҳаммамизга таниш манзара: кўча-куйда, поезд ёки автобусда кетаётган бошқа миллат вакиллари эндигина тили чиққан боласининг ҳар бир саволига худди катта одамга тушунтираётгандек, мукаммал жавоб беради. Биз учун бу икки карра ҳайратомуз: биринчиси – ота-онанинг гўдак фарзандига “эринмасдан, майдалаб” тушунтириши бўлса, иккинчиси – шугина “тирмизак”нинг худди катталардек фикрлаши ва гапларининг бурролиги! Агар ўша гўдакка микрофон тутсангиз ҳам, у ҳеч тортинмасдан, фикрини бошқаларнинг “қолипи”га солмай жавоб берадики, ҳайратланмай иложингиз йўқ!

Буниси ҳам – ҳаммамизга таниш ўзбекона манзара: серсавол боласининг саволларига она (ота), аввалига болаларча содда жавоб беради (масалан, “бўжи” опкетди, ташла, “қих” бўлади ва ҳ.к.) Савол кетидан савол ёғилавергач, “чарчаган” ота (балки, саволга жўялироқ жавоб топа олмаганидан) энг ишончли “усул”ни қўллайди: “Бор, ойингдан сўра”. Онаси, табиийки, отадан ҳам “бандроқ” бўлади. Боласини койиб беради: “Бирпас жим

тур, чарчадим. Тавба! “Худонинг уйи қаерда” эмиш! Мен қаердан биламан? Бола бўлсанг – боладай бўл-да!”

Кўпинча, серсавол ва сермулоҳаза ўқувчи мактабда ҳам олқишланмайди. Ўз фикрига эга болалар, ўзлари билмаган ҳолда ўқитувчи ва мутасаддиларга “ноқулайлик” туғдириши мумкин. Ундайлар ҳақида: “кўп гапиради, “ақлли”лик қилади”, дейдилар. Баъзан, салбий маънода қўлланиладиган “ақлли” деган таъриф ёш мутахассисга “айб тамғаси” бўлиб босилиши ҳеч гап эмас! “Ўзбекчилик”да: “Бизга ҳақиқат эмас, тўғри сўз керак”, деган тагдор ибора бор.

Кўпинча, “ҳақиқат машъали”, уни баланд тутган одамнинг ўз қўлини куйдиради. Шунинг учун, ўз фикрини эркин ва очиқ билдирувчи одамларни баъзан хушламайдилар.

Чиндан ҳам, бундайлар “ўзбекчилик”нинг “ёзилмаган қонунлари” ва нозик жиҳатларини унчалик ҳис этмайдилар. “Ўз ўрни ва вақтида айтилмаган ҳақиқат – ёлғондан ҳам ёмон”, “Биламан дедим – тутилдим, билмайман дедим – қутилдим” деган каби мулоҳазаларни маҳкам тутганмиз. Бунинг ижобий ва шу билан бирга, салбий жиҳатлари ҳам йўқ эмас.

Аслида очиқ ва тўғри сўзни, ҳақиқат ва Ҳақни инсонга болалик чоғларида ота-она ва оила сингдириши лозим. Боланинг улғайиши яхши бўлса, ёшлигиданоқ унга дунё ва охират ҳақида тўғри маълумотлар берилса, балоғатга етган вақтда бу сўзлар унга таъсир қилувчи, фойдали, қалбида гўё тошга нақш ўрнашгандай мустаҳкам жой олади. Агар боланинг улғайиши бунинг акси бўлиб, ўзи истаган саволларга жавоб топа олмаса бора-бора у ўйин, ёмонлик, беҳаёлик, таом ва либос очкўзлиги, зийнат, мақтанчоқликка ўрганиб, қалби ҳақиқатни қабул қилмайдиган бўлиб тошдай қотиб қолади. Ишларнинг энг муҳими тарбияга эътибор беришдир, чунки бола фитратан яхшилик ва ёмонликларни баравар қабул қилувчи этиб яратилгандир. Албатта ота-оналари уни икки тарафнинг бирига мойил қилишади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир гўдак фитратда туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий, ё насоро, ё мажусий қилиб қўйишади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). 

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий айтадилар: «Уч ёшлигимда кечаси турар эдим ва тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намозларига қараб турардим. Бир куни менга «Сени яратган Аллоҳни эслайсанми?» дедилар. Мен: «Уни қандай эслайман?» дедим. Шунда у киши: «Кўрпангга ётаётган вақтингда тилингни қимирлатмасдан уч марта қалбинг билан «Аллоҳ мен билан бирга, Аллоҳ менга қараб турувчи, Аллоҳ мени кўриб турувчи», дегин», дедилар. Ана шуни бир неча кун айтдим, сўнгра у кишига буни изҳор қилдим. Менга «Яна ҳар кеча етти мартадан айт», дедилар. Яна бир неча кун айтдим. Сўнгра у кишига билдирдим. Менга «Яна ҳар кеча ўн бир мартадан айт», дедилар. Айтдим, ана шунда қалбимга унинг ҳаловати тушди. Шундан бир йил ўтгандан кейин тоғам яна менга «Сенга ўргатган нарсамни ёдингда тут ва то қабрга киргунингча доим уни айтиб юр, чунки у сенга дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда беради», дедилар. Шуни бир неча йил давомида айтиб юрдим. Ботинимда ҳам унинг ҳаловатини топдим. Сўнг тоғам менга бир куни «Эй Саҳл, қайси бир инсон билан Аллоҳ бирга бўлса, унга қараб турувчи ва уни кўриб турувчи бўлса, у киши Аллоҳга осийлик қила оладими? Сен ҳам Аллоҳга осий бўлишдан сақлан», дедилар. Мен ёлғиз юрар эдим, мени мактабга юборишди. Мен: «Мақсадларим (яъни, Аллоҳга яқинлашишга интилиш) тарқалиб кетишидан қўрқаман», деб айтдим. Лекин улар муаллим билан мен бир соатга бориб, таълим олгач, қайтиб келишимга шартлашиб олишди. Мактабга бордим ва Қуръонни таълим ола бошладим. Уни олти ё етти ёшимда ёдлаб бўлдим. Ҳар куни рўза тутардим. Таомим эса ўн икки йил ичида арпа нони бўлди. Ўн уч ёшлигимда бир масала чиқиб қолди. Оиламдан Басрага ана шу масалани сўраш учун юборишларини сўрадим. Басрага бордим ва уламолардан сўрадим, бирон киши саволимга жавоб бера олмади. Басрадан Ибодонга бир кишининг олдига бордим. У кишини Абу Ҳубайб Ҳамза ибн Абий Абдуллоҳ ал-Ибодоний, дейишарди. У кишидан масалани сўрадим, менга жавоб бердилар. Мен олдиларида бир муддат қолиб, илмларидан фойдаландим ва одобларини ўргандим. Сўнгра Тустарга қайтиб келдим. Овқатим учун бир дирҳамга арпанинг ўзини сотиб олиш билан кифояландим. Шуни янчиб нон қилиб беришарди. Бир увқиясини ҳар кеча саҳарлик пайтида тузсиз ва нонхурушсиз ердим. Бир дирҳам бир йилга етарди. Сўнгра уч кеча кетма-кет оч юриб, кейин едим. Сўнгра беш кеча, сўнгра етти кеча, сўнгра йигирма беш кеча оч юрдим. Мана шу ҳолда йигирма йил ўтди. Сўнг ер юзига бир неча йилга саёҳатга чиқдим. Кейин Тустарга қайтиб келдим. Кечанинг ҳаммасида Аллоҳ хоҳлаганича қойим бўлар эдим». Аҳмад айтдилар: «Аллоҳга йўлиққунларича у кишининг туз еганларини кўрмадим».

Яна бир ҳикояда айтилишича, Миср подшоҳи Рум султони билан адоват биносини бузиб, дўстлик риштасини боғлади ва ўз ўғлига унинг қизини никоҳлаб берди. Бу икки давлат соҳиби бир-бири билан дўстлашганидан иккала мамлакат ҳам обод ва фаровон бўлди.

Бир куни Миср подшоҳи Рум шаҳаншоҳига нома юбориб, унда: «Фарзандларимиз ҳаётимизнинг асоси ва тириклигимизнинг нишонасидирлар, бизлар вафот этганимиздан кейин ному нишонимиз ҳаётда улар орқали яшаб қолади. Мен ўғлим учун ажойиб, нафис матолар ва ҳисобсиз яхши от, туя ва бошқа ҳайвонлар, қуллар, кўшк ва иморатлар захира қилиб қўйдим. Сиз фарзандингизнинг келажаги учун қандай тадбир кўрдингиз?», деб сўради.

Рум подшоҳи мактубни ўқиб, табассум қилди ва дедики: «Мол бевафо, ёру дилдор бебақодир, унинг ҳисобини қилмоқ не керак. Бу беш кунлик ўтар дунёда ўткинчи матоларга алданиш керак эмас. Мен фарзандимни адаб ва тарбия сарпоси билан ораста қилдим, яхши сифат ва одобларни унинг учун захира қилдим. Молга завол етади, аммо яхши хулқ, тарбия ўзгармайди ва йўқ бўлмайди». Миср подшоҳи бу сўзлар ростлигини тасдиқлабди.

Хулоса ўрнида. Фарзандингиз туғилганда қандай қувонган бўлсангиз, у савол беришни бошлаганда ҳам шундай қувонч билан жавоб беринг. Болажонингиз билмоқчи бўлган нарсаларни айтинг, дунё ва охират ҳақида, Аллоҳ таоло ва унинг неъматлари хусусида гўдагингизга тўғри маълумотлар бериб боринг. Жажжи мурғак қалб эгаларини ҳеч қачон алдаманг, уларга ғазаб қилиб нафратланишни ўргатманг. Энг аввало ўзингизни тафтиш қилиб, яхшилар қаторига киришга ҳаракат қилинг. Зеро, фарзандингиз албатта сиздан ўрнак олади...  

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Read 3411 times

Мақолалар

Top