Мақолалар

Оилаларимиз тинч ва мустаҳкам бўлсин!

Ҳозирги кунда ақд никоҳ қилиб, янги қурилган оилада эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга амал қилиш, оилани ташкил қилиш ва уни бошқариш, қолаверса, бахтли қилиш энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Оила мустаҳкам, бақувват ва бахтли бўлса, жамият ҳам мустаҳкам, бақувват ва бахтли бўлиши ўз-ўзидан аёндир.

Ёш оилаларни яхши тинч-тотув яшаб кетишларида қайнона-қайноталарнинг вазифалари беқиёсдир. Қиз болага оила қуриб, ўзи билмаган, кўрмаган бошқа бир янги оилага келиб қўшилиб, уларни ҳар бир аъзосини ўрганиб керагича муомала қилиш вазифаси анча масъулиятлидир. Ўз уйида ота-онасига эркаланиб юрган қиз янги оилага келганидан сўнг унинг паст-баланд жойларини билишида қайноналар бор меҳрларини бериб улардан айб-нуқсон қидирмасдан, билмаган ишларини ўргатишлари керак. “Болам, бу иш унча ўхшамабди, бунақа қилишингиз керак эди, кейинги сафар мана бундай қилинг, десалар, келинлар ҳам бундай муомаладан кейин ўзларини худди  ўз уйларида юргандек тасаввур қиладилар. Аммо аксинча, улардан айб қидириб: “Овқатингиз шўр бўлибди, кирни яхши дазмол қилмапсиз, деб бўлар-бўлмас айблар ахтаришлари яхши эмас. Айниқса, ўғли келганда келинни унга ёмонлаб, арзир-арзимас камчиликларини айтиб, куёвни келиндан секин-аста кўнгли қолишига ўзлари сабабчи эканликларини билмаяптилар. Охир-оқибат оилага дарз кетиб, ажрашишлар кўпайиб борадиган ҳолга келиб қолаяпди. Баъзида илмсиз қайноналар томонидан келинига: “Ўғлим қўймаса, мен қўйдим, уйингга кетавер!” деб ҳам айтадиганлари топилади. Бу эса шариатга мутлақо зиддир. Унинг ўрнига оилани ислоҳ қилиш, унинг тинч-тотув яшаб кетишига кўмаклашишни ўз бурчлари деб билсалар нур устига аъло нур бўлар эди.

Баъзи қайноналарнинг қиз танлашда келинларни бойроқ жойдан олишга, қизнинг отаси яхшироқ жойда ишласа, мебелларни хорижникидан қилса деган умидда ҳам келин қиладиганлари топилади. Дунё матоҳи ҳеч қачон оилаларни  мустаҳкам бўлишида муҳим аҳамият касб этмайди.

Яна бир муҳим масала устида тўхталсак, қайноналар келинлари ҳомиладор бўлганларида уларни ўз қизлари каби кўриб, уларга руҳан ва жисмонан ёрдам берсалар, қилган ҳар бир заррача яхшиликлари эвазига Яратгандан кўпдан кўп ажру савоблар олишларини бир ўйлаб мулоҳаза қилиб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аксинча улар: “Ҳа, бизлар ҳам бундай даврни бошимиздан ўтказганмиз, нима қилибди, дейдилар. Бундай қилиш ўрнига келинларнинг ҳомиладорлик сабабли ишлари қолиб кетаётгани ҳақида қайғурадилар. Бундай вақтларда ўз келинларига кўмакчи бўлсалар, туғилажак набиралари ҳам соғлом бўлиб туғилишида ўзларининг ёрдамларини аямасалар кўп яхшиликларга сабабчи бўладилар. Ҳозирги келинлар яшаб турган вақт билан қайноналар яшаган давр тенг эмас. Ҳар бир замоннинг, ҳар бир вақтнинг ўз ўлчов тарозуси бор.

Энди келинларга ҳам тавсияларимиз бор, эрига яхшилик қилиш сирасига унинг ота-онасига ва бошқа қариндошларига яхшилик қилиш ҳам киради. Зотан, аёлнинг уларга яхшилик қилиши шариатнинг талаби. Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошларга силаи раҳм қилиш қанчалик улуғ аҳамиятга эга эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Келин учун эрининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлганидек, куёв учун ҳам аёлининг  отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлади. Шунингдек, бошқа қариндошлари ҳам шулар жумласидандир. Қарс икки қўлдан чиқади, дейилади. Қайноналарга айтадиганларимиз: Келинларни ўз фарзандингиз каби кўринг, яхши кунларида дўст, оғир кунларида ҳамдард бўлишга ҳаракат қилинг. Келинларга айтадиганларимиз: куёвнинг онасини ўз онангиз, отасини ўз отангиз каби, қариндошларини ҳам ўз қариндошларингиздек кўришга ҳаракат қилинг. Бу қилаётган яхши амалларингиз  қиёматда катта ажру савобларга эга бўлишингизда сабаб бўлишини яхши  ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўринг. Куёвлар эса оналарининг ҳурматларини ўз ўрнига қўйган ҳолда, ўз аёлини бўлғуси  фарзандларининг онаси эканлигини эсдан чиқармасалар, деймиз.  Фарзандлари соғлом, хонадонлари тинч оилалар – жамият таянчидир.

 

Зарифа Маҳкам қизи

Read 2914 times

Мақолалар

Top