Мақолалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни биз умматларини қандай таниб оладилар?

Қиёмат куни Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Қиёматгача яратилган барча инсонлар маҳшар майдонида тўпланадилар. Тасаввур қилинг, ўша пайтда қанча одам бўлади. Ҳозир дунё аҳолисининг сони 7 миллиарддан ортиқ бўлса, Одам алайҳиссаломдан то Қиёматгача қанча инсон яшаб ўтган бўлади? Жуда ҳам кўп! Аниқ саноғини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шунча миқдордаги кишилар орасида турган умматларини қандай таниб оладилар? Бу ҳақида ворид бўлган ҳадислардан бирини келтирсак:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, умматим Қиёмат куни таҳоратнинг асаридан «Ғурран Муҳажжалийн» деб (пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида) чақирилурлар. Сизлардан ким ўзининг ғуррасини (қашқасини) узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин!» Бухорий ривояти.

“Ғурра” деб отнинг пешонасидаги оқ қашқага айтилади.

“Муҳажжал” деб олд ва орқа оёқларининг туёқларидан юқори қисми оппоқ бўлган отларга айтилади.

Одатда кўпгина отлар ичида мазкур сифатга эга бўлганлари гўзаллиги ва қашқалари билан ажралиб туради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларининг юзларидан ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турганини кўриб, шундан таниб олар эканлар. Бу нур таҳорат сабабли пайдо бўлар экан. Энди ким “Қиёмат куни нурим узун ва ёрқинроқ бўлсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олишлари яна ҳам осон бўлсин” деса, доим таҳоратли юришга, ибодатларни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилсин!

Аллоҳ таоло барчамизга қиёмат куни ана шундай нур ато этсин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3191 times

Мақолалар

Top