Мақолалар

Аллоҳ таоло сизни яхши кўрадими?

Инсон ўз аҳволини назорат қилиб, амалларини сарҳисоб қилиб бориши керак.

Агар тундаги намозга тура олмасанг, кундузда қилган гуноҳларингни эсла!

Агар Аллоҳ таоло сени тунги намозга (таҳажжудга) туришга муваффақ этса, билгинки, Аллоҳ таоло сени Ўзининг ҳузурида туришингни хоҳлабди, яхши кўрибди. Аллоҳга қасамки, таҳорат қилиш учун юриб борган қадамларинг сабабли У Зот гуноҳларингни ювиб юборади. (Таҳоратдан) кейин намоз ўқийдиган жойингга юриб келиб, Роббингни ҳузурида туриб, такбир айтиб, қулоқ қоқиб,

إِنِّي وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضَ حَنِيفاً وَمَا أَنَاْ مِنَ الْمُشْرِكِينَ

قُلْ إِنَّ صَلاَتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَبِذَلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَاْ أَوَّلُ الْمُسْلِمِينَ

“Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман” (Анъом сураси, 79-оят).

“Сен: “Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман” (Анъом сураси, 162-163-оятлар) деб, (тааввуз ва басмаладан кейин) Фотиҳа сурасини, унга қўшиб бирор сурани зам қилиб ўқи. Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини бир бандасидан эшитишни яхши кўради. Агар сен зам сурага мана бу оятларни ўқисанг, такрор такрор ўқийверсанг, қандоқ яхши:

وَلَا تُخْزِنِي يَوْمَ يُبْعَثُونَ يَوْمَ لَا يَنفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

“Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)” (87-89-оятлар).

Ушбу оятларни қайта-қайта ўқийвер. Сабаби бу оятлар қотиб қолган қалбларни уйғотиб, ҳаракатга келтиради. Чунки инсон Қиёмат куни шарманда бўлишдан қўрқади. Ушбу оятдаги дуо миллатнинг отаси, Аллоҳ таолонинг Халили – Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларидир.

Агар сен мазкур оятни ўқисанг, барча иш Аллоҳнинг қўлида эканини ҳис қиласан. Ҳа, У Зот истаса, сенинг мақомингни кўтаради, истаса, пасайтиради. Истаса, сени Ўзига яқинлаштиради, истаса, сени Ўзидан узоқлаштиради. Истаса, сенга раҳм қилади, истаса, сени хор қилади. Ҳеч ким ўзи учун фойда келтиришга ҳам, зиён етказишга ҳам молик, эга эмас. Чунки барча ишлар Унинг қўлидадир. Намозда Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг дуоларидан ўқиш Қуръонни теран англаганлик белгисидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг буюк Китобида шундай марҳамат қилган:

أُوْلَـئِكَ الَّذِينَ هَدَى اللّهُ فَبِهُدَاهُمُ اقْتَدِهْ قُل لاَّ أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ أَجْراً إِنْ هُوَ إِلاَّ ذِكْرَى لِلْعَالَمِينَ

“Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш. “Мен сизлардан бунинг учун ҳақ сўрамайман. У оламлар учун эслатмадан иборат, холос”, деб айт” (Анъом сураси, 90-оят).

Инсон Пайғамбарларнинг ҳаётларига, улар Роббиларига қандай дуо қилишганига, юрган йўлларига, қилган ишларига назар солса, уларга эргашишга уринади. Ана шунда Аллоҳ таоло у бандасини марҳаматига олади деб умид қилинади.  

 

Шайх Солиҳ Мағомисий ҳафизаҳуллоҳнинг мавъизаларидан

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 

Read 3095 times

Мақолалар

Top