Мақолалар

 Ҳаммамиз парвонани яхши биламиз. Бу жонивор недир илинж ва умид билан тунда шуълага ёки чироққа ўзини ургани-урган, ҳалок бўлишини ё билади, ё билмайди. Чунки унда ақл йўқ-да... Онги бўлганида ўзини ҳалокатга ташлармиди?! Унга эргашган бошқа жониворларнинг ҳам тонг отгач чироққа урилиб ҳалок бўлганини кўрганмиз.

Худди шундай ҳолат 10 сентябрь куни кузатилди: кеч тушиши билан айрим ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари недир илинж ва умидда (!) сохта хабарлар тарқатди. Тарқатилган асоссиз хабарларнинг сарлавҳалари турли-туман бўлса-да, бироқ мазмун бир хил: эмишки, “Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб ўтаётган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов лавозимидан озод этилибди”...

Катта шов-шувга сабаб бўлган бундай сохта, ёлғон, бўҳтон, туҳмат хабарларни тарқатаётган кишиларни, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг, миллатимизнинг, динимизнинг (!) душманлари, ёлғончилар дея оламиз. Модомики, улар шу заминда яшаб, мамлакатнинг қонунларига ҳам бўйсунмаяптими, демак, улар давлатнинг ҳам душманидир.

Сўз исботи билан гўзал. Табиийки, мўмин киши, аввало, каломларнинг энг улуғи – Қуръони каримга мурожаат қилади. Каломуллоҳда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!», деб марҳамат қилинган (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши (фосиқ “фисқ” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “қобиқни тешиб чиқиш” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсиятларни яширмай, уялмасдан, очиқ-ойдин қиладиган одамга “фосиқ” дейилади) бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.

Ҳадиси шарифларда: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”(Имом Муслим ривояти), “Мусулмон шундай кишики, унинг на қўлидан, на тилидан мусулмонлар озор кўрмайди”(Имом Бухорий ривояти), “Бировга зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”(Имом Байҳақий ривояти)дейилган.

Хўш, шу куни тарқатилган сохта хабарлардан кимга нима наф? Нима мақсадда шундай қилинди? Ояти каримага кўра, хабар текширилиб кўрилдими? Ҳадиси шарифга биноан эшитган нарсасини аниқлаштирмасдан туриб, сайтга қўйиб юборган киши ёлғончи, мусулмон биродарига зиён-заҳмат етказган, уни обрўсизлантирган бўлиб қолмадими?! Ёки шу ишни қайси ояти каримага, ҳадиси шарифга, халқимиз, бутун ислом олами эътироф этган уламолардан қай бирининг сўзига биноан бажарди?!!

Ваҳоланки, ёлғон хабарни тарқатган манбани кузатсангиз, унда бериб борилаётган мақолалар ояти карималардан, ҳадиси шарифлардан, улуғларнинг ҳикматли сўзларидан иборат бўлиб, уларнинг бу ишлари одамларга гўё “дин учун жон куйдираётган”дек туюлади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончи одам жаннатга кирмаслиги хусусида кўп маротаба бизларни огоҳлантирганлар.

Энди, холисанлиллаҳ (!), ўзбекча айтганда, Худо учун (!), дўппини ечиб, Худога қараб, тафаккур қилиб кўрайлик... Сўнгги икки ярим йил мобайнида мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний йўналишда ҳам амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилсак. Аввало, гапни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (!) 72-сессиясидаги тарихий нутқида саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш; диний эркинлик; диндорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш; уларнинг камситилишига йўл қўймаслик чоралари каби ўта муҳим ва долзарб масалаларни кун тартибига қўйди.

Бу нутқ Ислом олами етакчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Туркия Президенти Ражаб Тоййип Эрдўған БМТ минбаридан туриб, Ислом дини қадриятлари ҳақида сўзлаш катта жасорат эканини эътироф этди.

Шу билан бирга, юртимизда «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида амалга оширилаётган ишларни нафақат Ислом олами, балки бутун дунё экспертлари, сиёсатчилар, таҳлилчилар юксак эътироф этишмоқда.

Булар шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, балки айни ҳақиқатдир! “Исботи қани” дейсизми? Марҳамат, унда қулоқ тутинг: сўнгги уч йилда биргина диний соҳадаги ўзгаришларни олайлик:

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди;

Ислом цивилизацияси маркази барпо этиляпти;

“Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти йўлга қўйилди;

Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби фаолият бошлади;

Бухорода тасаввуф, Қаршида ақида илми, Марғилонда фиқҳ, Самарқандда калом илми мактаблари очилди;

Бухорода Мир Араб олий мадрасаси таъсис этилди;

2019-2020 ўқув йили учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модуль тизим асосида 120 нафар ўрта махсус маълумотга эга имом-хатиблар сиртқи бўлимга ўқишга қабул қилинди ва ҳоказолар.

Ўқувчини зериктириб қўймаслик мақсадида юртимизда янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилаётган жоме масжидлар, мажмуалар, Рамазон ойида мингга яқин масжидда Қуръони карим хатм қилинаётгани, таровеҳ намозларида Каломуллоҳни тиловат қилаётган қорилар айнан ўзимизнинг қоракўзлар экани, диёримиздаги мадрасаларда таҳсил олгани ҳақида тўхталиб ўтирмадик.

Ақли расо инсонмиз, оқ-қорани ажрата оламиз. Юқорида санаб ўтилган ишлар ўз-ўзидан амалга ошмаётганини, буларнинг замирида қанчадан-қанча меҳнат, беқиёс машаққат борлигини, кунни тунга, тунни тонгга улаб, изланиб, тафаккур қилиб, ўйлаб, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезони эканини ўзига дастуриламал қилиб олган олижаноб шахсларнинг хизмати катта эканини яхши англаймиз.

Доно халқимиз “Яхшига қилсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам қайтади. Ёмонга қилсанг яхшилик – на айтади, на қайтади” дейди. Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, доно халқимиз фаровонлиги, пок динимиз равнақи учун қилинаётган ишларга жавоб қайтариш шуми? Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам билиб айтган эканлар-да Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятларида: “Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик билдираолмаган инсон Худога ҳам шукр қилаолмайди” деб. Энг таажжубланарли жойи шуки – бундайлар яна дин тўғрисида бошқалардан “кўпроооқ” қайғуриб, бошқалардан “кўпроооқ” ғам чекадилар. Гўё фақат уларгина мусулмонлар, гўё фақат уларгина диндорлар!..

Шундай вазиятда муқаддас динимизга сидқидилдан хизмат қилаётган муҳтарам инсонни обрўсизлантиришга ҳаракат қилиш, ёлғон ва сохта хабарлар тарқатиб, халқнинг тинч-тотув ҳаётига раҳна солиш, мўмин-мусулмонлар орасига фитна суқиш орқали кимнинг тегирмонига сув қуйяпсиз?!

Ваҳоланки, Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиқиб, баланд овозда бундай дедилар: «Эй, тилида мусулмон бўлиб, имон қалбига сингмаган жамоа! Мусулмонларга азият етказманг, уларни айбламанг! Уларнинг айбларини қидираверманг! Зеро, ким мусулмон биродарининг айб-нуқсонларини суриштириб, ошкор этса, қиёмат куни Аллоҳ ҳам унинг айбини ошкор қилади. Аллоҳ кимнинг айбини ошкор этса, уйида бўлса ҳам, уни одамлар олдида шарманда қилади».

Халқимиз жуда ориятли. Бирор иш қилмоқчи бўлсак, аввало, ёши улуғ инсонларнинг, ҳаёт дорилфунунини тамомлаган кайвониларнинг олдидан ўтамиз, уларнинг дуоларини, маслаҳатларини олиб, йўл-йўриқларига қатъий риоя қиламиз. Нега? Чунки шу тартибда бошланган ишнинг оқибати хайрли бўлиши ҳаётий тажрибада кўп бор синалган.

Айрим сайтларда асоссиз хабар тарқатган кимсаларни ёш, ғўр, дейиш мумкин. Лекин уларнинг ҳам раҳбари, бошлиғи бор-ку. Жилла қурса, улар ҳам қайсидир масжидда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ортидан намоз ўқигани чиқар, ҳеч бўлмаса, муфтийнинг фатвосига кўра иш қилгандир, у зот муаллифлигида чоп этилган рисолалар, китобларни ўқиб ўргангандир?! Наҳотки, уялмаса, ор қилмаса? Ҳаё қилмаса?..

Ҳадиси шарифларда: “Аллоҳ таоло бир банданинг (эътиборини) йўқотишни истаса, ундан ҳаёни олиб қўяди”, “Ҳар диннинг мукаммал ахлоқи бор. Исломнинг ахлоқи – ҳаёдир” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Баъзан ношукрлигимизга бориб, олдимизда, ёнгинамизда оқаётган сувнинг қадрини билмаймиз. Бу азим дарёдан бошқалар фойдаланишади. Шу билан бирга, унинг манфаати мўллигини эътироф ҳам этишади. Иордания Қироллиги стратегик ислом тадқиқотлар маркази ҳар йили жаҳоннинг энг нуфузли мусулмонларининг янги 500 талик рўйхати эълон қилади. Ана шу рўйхатдан қаторасига ўрин олиб келаётган муфтий ҳазратлари ҳақида тарқалган ёлғон хабарлар нафақат юртимиз мўмин-мусулмонлари шаънига, балки давлатимиз, муқаддас динимиз (!) шаънига ярашмайдиган иш бўлди.

Китобларимизда “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У Зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ номларидан гапиради” дейилган. “Мен, алхамдулиллаҳ, мусулмонман” деган одамга ярашармикан шундай иш?

... Хайрият ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳақиқат қарор топиб, ботил зое бўлди: муфтий ҳазратлари ҳақида тарқалган хабарлар асоссиз, сохта, ёлғон экани фош бўлди. Лекин дил ярасининг битиши қийин кечяпти. 

Қуръони карим оятларига ҳам, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларига ҳам, шариатимиз ҳукмларига-ю уламоларимиз фатволарига ҳам, давлатимиз конунларига-ю шарқона одобларимизга ҳам, жамиятшунослик алоқаларига-ю одамгарчилик муносабатларига ҳам, инсоний туйғуларга-ю руҳшунослик сир-асрорларига ҳам, юртимиз урф-одатларига-ю ўзбекчилик қоидаларига ҳам, маданиятимиз ахлоқларига-ю инсоний ақлга ҳам, ахлоқий нормага-ю доно мақолларимизга ҳам, миллий анъаналаримизга-ю диний қадриятларимизга ҳам, халқимиз онгига-ю Ислом динимиз тушунчаларига ҳам зид бўлган ушбу ҳаракатларни қандай тушуниш мумкин экан???

Мақсадимиз – бировни ёмонотлиққа чиқариш эмас, балки атроф-жавонибга теранроқ нигоҳ билан боқиб, ҳар бир ишни муқаддас динимиз (!) кўрсатмалари асосида амалга ошириш зарур эканини эслатиш холос.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Read 3819 times

Мақолалар

Top