Мақолалар

Қалбларни покаш сари: Олийжаноб киши Аллоҳга осий бўлмайди
  1. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Ким илм талабида бўлса, жаннат унинг талабида бўлади. Ким гуноҳ талабида бўлса, дўзах унинг талабида бўлади”.

Уламолар илм бандани жаннатга ва Аллоҳга элтадиган энг яқин йўл дейдилар. Илм талабида бўлган инсонда яхшиликлар ва самимийлик шаклланади ва жаннат бу кабиларнинг ўзида бўлишини орзиқиб кутади. Агар инсон бунинг акси ўлароқ гуноҳ талабида бўлса, гуноҳ ишларни қилишга интилса нафсига қул бўлса дўзахга яқинлашади, азоб ва уқубатлар бундай тоифадагиларнинг атрофини ўраб олади.

  1. Яҳё ибн Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Олийжаноб киши Аллоҳга осий бўлмайди. Ҳаким донишманд эса бу дунёни охиратдан устун қўймайди”.

Уламолар олийжаноб киши деганда хулқи ва одоби гўзал, ҳиммати баланд, улуғ инсонларни назарда тутишган. Демак, мана шу сифатларга эга инсон ҳеч қачон Аллоҳ таолога осий бўлмас экан. Донишманд, ақли расо, кўп тафаккур қилувчилар эса бу дунё лаззатлари ва матоҳлари деб, охиратидан воз кечмайди.

  1. Аъмаш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Кимнинг сармояси тақво бўлса, тиллар унинг динининг фойдасини васф қилишдан чарчабди. Кимнинг сармояси мол-дунё бўлса, тиллар унинг динининг зарарини васф қилишдан чарчабди”.

Яъни, ким тақвони асос қилиб, маҳкам ушласа демак динида кўп манфаат олар экан. Ким мол-дунёни асос қилиб, унга суянса демак динида кўплаб зарар топар экан.

Мунаббиҳот китоби асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 2066 times

Мақолалар

Top