Мақолалар

Карантиндан қандай фойдаланяпсиз? Энди фарзанд тарбиясига вақт топгандирсиз?

Карантин даври баъзиларга ноқулайдек туйилаётган бўлиши мумкин. Чунки фаол ҳаёт тарзидан уй тартибига мослашиш ҳаммада ҳар хил кечади. Шу боис карантин касалликнинг олдини олиш билан бирга кўплаб фойдали жиҳатлари борлигини эслатиб ўтамиз.
Карантин даври – келажакдаги режаларни қайта кўриб чиқиш учун айни муддаодир. Илгари вақт етишмаслиги боис кўнглимиз тусаган машғулотларга фурсат топа олмасдик. Энди бирор манзилга боришга кетган, беҳуда ишларга сарфланган вақтимизни оиламиз билан мазмунли ўтказишга, китоб мутолааси ёки фарзандимиз тарбиясига ажратишимиз мумкин. Кўпчилик аллақачон шундай қилмоқда.
Айрим кишилар каби тушкунликка тушиб ваҳима қилгандан кўра, ҳозирги вақтдан унумли фойдаланиб, келажак учун зарур режалар тузиш, бугунги имкониятлар-у эртанги фойдани таҳлил қилиш ўта муҳим ҳисобланади. Зеро, тўғри тузилган режалар эртанги ёруғ кунларда бизни янги ютуқлар сари етаклайди. Замонамиз кишиларидан бири: “Энг яхши бизнес яхши фарзанд тарбия қилиш”, – деган эди.
Карантин даврида ҳар бир ота-она учун ўта масъулиятли, зиммаларидаги омонатларидан бири – фарзанд тарбиясига яна бир бор танқидий эътибор берсак, жуда фойдали иш қилган бўламиз, иншааллоҳ. Ахир, карантиндан кейин ҳаммаси яна изига тушиши, ҳаёт жўшиши аниқ-ку!
Фарзанд тарбия қилиш ота-онадан катта маҳорат, улкан масъулият, теран ақл ва чуқур мулоҳазани талаб қилинади. Боланинг феъл-атвори синчковлик билан ўрганилиб, унга меҳр ва тадбир билан ёндашилса, кўзланган мақсадга эришилади, иншааллоҳ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бизга энг гўзал намунадирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни хурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг” (Ибн Можа ривояти), дея биз умматларга шу каби кўплаб фазилатли тавсияларини берганлар. Ушбу насиҳатларга амал қилган киши ҳатто тунда ҳам йўлидан адашмай, қоқилмай манзилига етади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга тарбияни салом бериш ва унга муносиб алик олишни ўргатишдан бошлаганлар. Кўчадан ўтиб кетаётиб ҳам уларга биринчи салом берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен болалар билан ўйнаётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келиб, бизга салом бердилар”. У кишидан (розияллоҳу анҳу) яна бир ривоятда: “Эй ўғлим, аҳли оиланг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бер. Чунки саломинг сенга ва оиланга барака келтиради”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Болага ёлғон гапириб ёки уни алдаб бўлмайди. Чунки ота-она унга намуна-андозадир. Абдуллоҳ ибн Омир (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг уйда ўтирган эдилар. Онам мени чақирдилар: “Қани, бу ерга кел-чи, сенга бир нима бераман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга нима бермоқчисан?” деб сўрадилар. Онам: “Бир дона хурмо бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агарда унга бирор-бир нарса бермасанг, сенга ёлғон ёзилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Фарзандларни жазолашда ўта қаттиққўллик ярамайди. Жазо унга яраша бўлиши учун юзга уриш ёки тупуриш ва бошқа нарсалар билан болани таҳқирланмайди. Чунки юз мукаррамлик белгисидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизлардан бирингиз урадиган бўлса, юзга уришдан сақлансин”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Ўғрилик барча даврларда инсонларнинг нафратига сазовор бўлган жирканч одатдир. У ижтимоий муҳитни издан чиқаради ва жамиятни таназзулга олиб боради. Айрим ота-оналар фарзандларининг ёшликда қилган ўғирлигига бепарво бўлиб, қилмишини гўдакликка йўядилар. Бу мутҳиш хатодир. Бундай бепарволик болада ўзгалар молига хиёнат қилишдан қўрқмаслик ҳиссини уйғотади. Қуйидаги ҳикоя сўзимизнинг далилидир: Маҳкамалардан бирида ўғрилик билан қўлга тушган ўғрини жазолашга ҳукм чиқарилади. Ҳукм ижро этиладиган кун келганда ўғри овозининг борича бундай деб бақиради: “Мени эмас онамни жазоланг! Биринчи бор қўнимизникидан тухум ўғирлаганимда у мени койимади ва эгасига қайтариб беришимни талаб қилмади. Аксинча, қилган ишимдан қувониб: “Ҳудога шукр! Менинг ўғлим ҳақиқий эркак бўлибди”, деган эди. Агар онамнинг тили бўлмаганида эди, мен ўғри бўлмасдим”.
Сўкиш ва ҳақорат сўзларни айтиш ёшлар орасидан энг кўп тарқалган ёмон иллатлардандир. Бунда катталарнинг “хизмати” катта. Чунки энди тили чиқаётган болага: “Битта сўкиб қўй”, деб ёмон одатни сингдириб боришади. Айрим ота-оналар жаҳл отига миниб, ўзаро тортишиб уятсиз сўзларни айтишлари фарзандларида маънавий аҳлоқсизликни шаклланишига, шунингдек, уларни кўча-кўйда қаровсиз қўйиб, хулқи бузуқ болалар билан ўртоқлашиб қолишига сабаб бўлишади. Бунинг учун бола тарбияси узлуксиз равишда диққат марказида туриш керак.
Бугунги кунда кўпчилик ёшлар ахлоқий меъёрлар буткул таназзулга юз тутган оломонча маданиятга кўр-кўрона тақлид қилаётганлари боис ахлоқий бузуқликка юз тутмоқдалар. Тарбияга масъул шахслар ёшларни маънавий ва моддий ҳужумлардан ҳимоялашлари, уларни доимо эзгулик сари чорлаб, панд-насиҳатлар қилишлари лозим. Ҳозирги фурсатдан ҳам унумли фойдаланиш барчамизнинг қўлимизда. Натижа эса жуда юксак!
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир” (Тур сураси, 21-оят).
Бу дунёда иймон билан яхши солиҳ амаллар қилиб ўтган кишилар жаннатга кирганларида яқинларини қидириб, улар қаерда, қани деб сўрашар экан. Ўшанда агар зурриётлари ҳам иймон билан ўтган бўлса, даражалари унча юқори бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фазли инояти ила уларни ота-оналарига қўшиб қўяр экан.
Аллоҳ таоло барчамизга ана шу бахтини насиб айласин. Синовли кунларда Яратган барчамизга ҳимоячимиз бўлсин. Барчамиз қалбан бирмиз. Уйда қолинг! Нидосига онгли амал қилувчилардан қилсин!

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент шаҳридаги“Навза” жоме масжиди имом хатиби

 

Read 2340 times

Мақолалар

Top