Мақолалар

Қалбларни поклаш сари: Ким кулиб гуноҳ қилса йиғлаб дўзахга киради

 10. Баъзи зоҳидлардан ривоят қилинади:

“Ким бир гуноҳни кулган ҳолда қилса, Аллоҳ уни дўзахга йиғлаган ҳолда киритади. Кимки Аллоҳга йиғлаган ҳолда итоат қилса, Аллоҳ уни жаннатга кулган ҳолда киритади”.

Уламолар айтишадики, бази инсонлар қилаётган гуноҳларига тавба қилиш ўрнига ҳурсанд бўлиб, гуноҳлардан завқланади. Ана шундай тоифадагиларни Аллоҳ таоло қиёмат куни дўзахга афсус ва надоматга тўла кўз ёшлари ила дўзахга киргизади.

Агар банда бу дунёда Аллоҳга итоат этиш йўлида қийинчиликларга дуч келса ва азобда қолса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни қувончга тўла кулги ила жаннатга киритади.

11. Баъзи ҳаким зотлардан ривоят қилинади:

“Кичик гуноҳларни ҳақир ва паст санаманглар, чунки ундан катта гуноҳлар етилиб чиқади”.

Биз одатда кичик гуноҳларни писанд қилмаймиз ва эътиборсиз равишда қилаверамиз. Аммо, кичик гуноҳлар йиғилиб катта гуноҳларни келтириб чиқаради.

12. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади:

“Доимий бажариш билан бирор амал кичиклигича қолмайди, истиғфор билан эса гуноҳ катталигича қолмайди”.

Банданинг гуноҳи  тоғдек бўлса ҳам истиғфорда бардавом бўлса ва гуноҳларни тарк этса, катта гуноҳлар ҳам кечирилади. Зеро, истиғфор банданинг Аллоҳга энг маҳбуб амалларидандир.

Read 2419 times

Мақолалар

Top