Мақолалар

Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик – тараққиёт мезони

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, – дея  белгилаб қўйилган. Шу маънода мамлакатимизда миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлаш учун барча ҳуқуқий асослар ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилган. Бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида “Бағрикенглик тамойиллари тўғрисида”ги Декларация қабул қилинди. Мазкур декларацияда: “Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”, дейилган.  Ўшандан буён 16 ноябрь санаси Халқаро бағрикенглик куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади.

Республикамизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансублигидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда,  юртимиз равнақи учун хизмат қилишмоқда. Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилиб, турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилган.

Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топади. Инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.

Ўзбекистон заминида қадим замондан Ислом дини билан бир қаторда бошқа дин вакиллари ҳам ёнма-ён яшаб келишган. Диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам намоёндир. Буюк саркарда Амир Темур ҳазратларининг қўшини таркибида ғайридин аскарларнинг ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримизнинг тасдиғидир. Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан ёдга олади.

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжид, черков ва синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолатдир.

Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р.Бенеман шу ҳақда тўхталар экан, Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилганини таъкидлаб:  “Ўрта асрларда Европа ва Византия империясидан қувғин қилинган яҳудийлик, Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”, – деб ёзади.

Мамлакатимиздаги рус Православ черкови расмий вакили Сергей Стаценко: “Ўзбекистон учун бугунги кун шунчаки сана эмас, балки байрам дейиш мумкин. Чунки турли динга, эътиқодга мансуб, бироқ Ватани бир, инсонлар фикрлашамиз, дўстона мулоқот қиламиз. Шукрки, бугун бизнинг юртимиз тинч, мақсад-ниятларимиз ўхшаш. Ана шу тотувлик ва осойишталик бардавом бўлишини Яратгандан сўрайман”, дейди.

Ўзбекистонга келиб, мамлакатингиз ҳақидаги тасаввурим янада бойиди, - деди Шанхай ижтимоий фанлар академиясининг Динлар институти директори Ян Кэцзя. Шунингдек хорижий давларларнинг корпус вакиллари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаши бизни жуда манун этди, дейди.

Ўзбекистонда ўн йилдан буён фаолият юритаман, - деди Ўзбекистондаги Рим католик черкови епископи Ежи Мацулевич. Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, тинч ва осуда ҳаёт кечираётгани, жамиятда қарор топган бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик бизни қувонтиради. Одамлар тинч-хотиржам яшамоқда, ўз орзулари, интилишларини эмин-эркин амалга оширмоқда. Ўзбекистонда қарортопган тинчлик, барқарор ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муҳит дунё ҳамжамияти ҳавасини тортаётгани таъкидланади.

Бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Турли динга эътиқод қилувчилар учун зарур шароитлар яратилгани, уларнинг ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келаётгани эътиборга моликдир.

Яқинда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари юртимиздаги диний бағрикенглик муҳитига юқори баҳо бериб, Ўзбекистондаги динлараро ҳамжиҳатликни барча давлатларга намуна бўлишини эътироф этди.

Бундай иноқликнинг яна бир сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада ободлиги йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифаларни адо этиб борилади. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталикда ўз ифодасини топмоқда.

Инсоннинг дини, тили, миллати, ирқидан қатъий назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида ҳаёт кечириш ҳам диний, ҳам миллий қадриятларимизга ҳамоҳангдир.

Ҳозирги вақтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари мавжуд.  16та диний конфессиялар ўзаро аҳил-иноқ бўлиб фаолият юритмоқда. Бу эса юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.

Сарвар Муҳаммадиев,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

Read 5960 times

Мақолалар

Top