Мақолалар

Биз - тинчлик тарафдоримиз!

Барчамизга маълумки, мусулмонлар бир-бири билан кўришганда “ Ассалому алайкум”, яъни “Сизга тинчлик омонлик тилайман”, дея саломлашадилар. Халқимизнинг энг кўп такрорлайдиган тилаги “Илоҳо, хонадаонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил”, дуосидир. Бундан ташқари, доно халқимиз томонидан “қўшнинг тинч-сен тинч”, “бир уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “тинчлигинг-ҳурлигинг”, “уруш томошабинга осон”, деган нақллар бежизга айтилмаган.

Дарҳақиқат, инсонларга тинчлик ва осойишталикдан кўра азизроқ неъмат йўқ! Юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулгу татимайди. Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр - оқибат, одамгарчилик унутилади. Бошланган хайрли ишлар ва улуғ мақсадлар ортга чекинади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур - ҳаловат, турмушидан ором - фароғат кўтарилиб кетади.

Аллоҳ таоло бандаларини бўлар – бўлмас сабаблар билан уруш чиқаришдан, бир-бирларига қурол ўқталишдан қайтарган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

яъни “Аллоҳ сизларни фақат дин тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалар билан дўстлашишингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсалардир”  ( Мумтаҳана сураси, 9-оят ).

Аслини олганда диний бағрикенглик, ўзаро тотувлик ва ҳамфикрлик ва дўстона миллий муносабатлар одамийликнинг олий намунасидир. Хабарингиз бор, қадим улуғларимиз сизу биздек - авлодларига бебаҳо туганмас улкан маънавий мерос қолдирган. Зеро, тотувликда ҳикмат кўпдир. Тинчликнинг қадрига етмоғимиз зарур.

Тарихга назар соладиган бўлсак, қанча қанча урушлар беъмани сабаблар: бойлик ва амал талашганликдан келиб чиқиб, бу эса неча-неча бегуноҳ жонларнинг умрига зомин бўлган, тараққиётни ортга суриб юборган. Ҳисоб китобларга қараганда, сўнги олти минг йил ичида ер юзида жами беш минг етти юз марта катта урушлар бўлган. Вақтлар ўтган сайин урушлар сервайрон ва серқурбон бўлиб бормоқда. Масалан, биринчи жаҳон урушида тўққиз миллион, икккинчи жаҳон урушида эса эллик миллиондан ортиқ киши нобуд бўлган. Уруш инсоният бошига фақатгина кулфатларни келтиришини мана шу мисолларда ҳам яққол кўриниб турибди.

Инчинун, тинчлик-тотувлик ва аҳилликда маъно кўп. Самовий китобларнинг бирортасида уруш асло тарғиб қилинмаган. Балки, тичлик ва омонлик ҳамда сулҳга чақирилган. Яратган ер юзида яшовчи инсонларга диний ва миллий қарашларида тенгликни раво кўрган. Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: яъни “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз  сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл ( Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.

(Ҳужурот сураси,13-оят).

Шу ўринда Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида глобаллашув замонида ҳар томонлама пишиқ ва пухта режалар асосида, миллий ва умумбашарий қадриятларга таянган ҳолда, иш тутиш лозимлигига алоҳида урғу бериб, тотувлик ва тинчликнинг қадрига етиб, барча ишларни ҳамкорлигу ҳамжиҳатликда адо этиш ҳақида сўзлади.

Мамлакатимизда бир қанча миллату элат вакиллари аҳил, дўстона, тинчлик-тотувликда яшаб келмоқда. Биласизки, аждодларимиз ўзга дин вакилларига доим бағрикенглик билан муносабатда бўлишган. Ўз навбатида улар ҳам ўлкамизни ўз Ватани сифатида қабул қилишиб, диёримизнинг ривожланиши йўлида ўз меҳнатлари билан хизмат қилганликларига гувоҳмиз.

Ўзбекистон аҳолиси 33 миллиондан ошиб кетди. Улар орасида эса 130дан ортиқ  миллат вакиллари бор. Юртимиз фуқароларнинг 94 фоиздан кўпроғи муқаддас     Ислом динига эътиқод қилади. 3,5 фоиз аҳоли эса православ динига мансубдир. Аҳолининг қолган қисми бошқа динга мансуб ҳисобланади. Юртимизда кўплаб диний ташкилотлар ҳам фаолият олиб бораётганлиги озод ва обод ҳаётда яшаётган халқимиз бағрикенглигининг амалий ифодаси бўлиб ҳисобланади.

Шу кеча-кундузда Тоғли Қорабоғ масаласи кун тартибидан жой олиб, барчани ташвишга солмоқда. МДҲ раислик қилаётган Ўзбекистон Давлати Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикаси муносабатларидаги кескинликнинг ошиши жиддий ташвишда эканигини изҳор этди. Мамлакатимиз ташқи ишлар вазирилигининг баёнотида қайд этилишича, ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ташқи Ишлар вазирлиги Баёнот берар экан, жумладан, шундай дейди: “Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз”.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Ҳеч ким биродарига қурол ўқталмасин, чунки шайтон васваса қилиб, жаҳаннам қаърига етаклаётганини билмай қолиши мумкин”, деганлар.( Муттафоқун алайҳи ). “Мен вафот этганимдан сўнг бир-бирингизнинг бўғзига тиғ урадиган кофир бўлиб кетманглар”, дейилган. (Имом Бухорий ривояти.)

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги кўпгина маҳаллаларда турли миллат вакиллари бир оила аъзоларидек истиқомат қилишади. Юзга яқин миллат вакиллари жумладан, озарбойжон ва арман миллати вакиллари ҳам аҳил ва иноқ тарзда ҳаёт кечиришаётганлиги алоҳида қайд этмоғимиз зарур. Барча миллат вакиллари бир тану бир жон бўлиб, бир оиланинг вакилидек, бир бирининг ҳолидан хабар олиб, яхши - ёмон кунларида бақамти тарзда яшаб келмоқдалар.

Бу эса юртимизда ҳеч бир инсон ва миллат вакили эътибордан четда эмаслигини тўла тўкис ҳис этган тарзда уларга эмин - эркин истиқомат қилишларига шароит яратилганлигидан далолатдир.

 

 Одил Холмуродов

Миробод тумани  “Ал – Бадр” жомеъ масжиди имом хатиби

 

Read 4257 times

Мақолалар

Top