Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит I 17-ўгит: Ёмон гумондан четланинг!

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  17-ўгит: Ёмон гумондан четланинг!

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: Эй, мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир! (Ҳужурот сураси 12-оят)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда шундай жумлалар келади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир.....  дедилар». (Тўртовлари ривоят қилган)

         Хулоса:

  1. Хитоб хоссатан мўминларга бўлмоқда. Ушбу хитоб орқали Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган кишиларни яна бир жирканч амални тарк қилишликка буюрмоқда.
  2. Гумондан мурод бадгумонлик, яъни, кишилар ёки уларнинг амаллари, гап сўзлари ва бошқа ҳолатлари ҳақида аниқ маълумотга, арзирли асосга эга бўлмаган ҳолда шубҳаланиш, ҳадиксирашдир.
  3. Аллоҳ таоло бизни айнан шу нарсадан қайтармоқда. Чунки, бадгумонлик сабабли бир кишига ёки жамиятга нисбатан туҳмат, иғво ва ҳасад каби бошқа иллатлар пайдо бўлади. Бу эса мусулмонлар орасида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни йўқолишига, ўзаро ишончсизлик ва тафриқаланишга сабаб бўлади.
  4. Шу ва шу каби бошқа иллатларнинг пайдо бўлишлигига сабаб бўлгани учун ёмон гумон қилишнинг ўзи ҳам гуноҳдир.
  5. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бадгумонликни ёлғоннинг энг ёмонидир дедилар. Чунки, гумонда аниқ асос бўлмайди. Асоси йўқ ҳар қандай гапни гапириш, ҳох эшитгани бўлсин, ҳох у қалбидаги ўй ҳаёл бўлсин, ёлғон дейилади ва бундай сўзга ишонишлик, ўзгаларга етказишлик ҳамда хулоса қилишлик мумкин эмас.
  6. Дин фақат аниқ асосларга, фактларга суянади. Ҳар хил деди-деди, миш-миш ёки кишининг қалбидаги гумони сабаб ҳеч кимга хулоса ёки жазо бермайди. Аксинча, ҳар қандай мужмалликни қоралайди.

Аллоҳ таоло қалбимизни саломат қилсин. Мусулмон биродарларимизга нисбатан ёмон гумонда бўлишликдан, гумон сабабли кимнидир ёмон кўришдан, ўзгаларга шубҳа билан қарашдан Ўзи асрасин!

 

Олмазор туманидаги

“Мевазор” масжиди имом ноиби:

Ёрбек Ислом

Read 2212 times

Мақолалар

Top