Мақолалар

Ёшларга эътибор келажакка эътибор

Мамлакатимиз тараққиёти ҳар томонлама ўсиб-ўниб келаётган навқирон авлоднинг таълим тарбияси, маънавияти ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг энг устивор йўналишидир.

Ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган марралар, ютуқлар ана шу ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашнинг ёрқин ифодасидир. Ватан тақдирига дахлдор эканлигини ҳис қилиб яшаш ва берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳар бир Ўзбекистон фарзандининг муқаддас бурчидир.

Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шартидир.

Айнан шу сабабдан сўнгги йилларда юртбошимиз томонидан  Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар масаласига устувор вазифа сифатида катта эътибор қаратиб келинмоқда. Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шунингдек уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар мухайё қилинмоқда.

Юртбошимиз томонидан 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам мазкур ислоҳотларнинг бевосита давомидир. У киши янги йилни номини эълон қилар экан, “Умуман олганда, ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажаги боғлиқ бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши ўйнайди. Шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб биламиз”, деди.

Муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилади. (Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” асари).

Бугунги кунда мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ёшларга берилаётган замонавий таълим-тарбия Янги Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори бўлмоқда.

Куни-кеча давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашувида илгари сурилган ташаббус ва ғоялар бунинг исботидир.

Айтиш жоизки, ушбу форумда ёшлар учун янги имкониятлар тилга олиндики, бу Янги Ўзбекитондаги ёшларимизнинг дунёқарашини тубдан ўзгартиришга асос бўлди.  Улардан бири кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади.

Шунингдек, икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилади. Ёшларимизнинг нуфузли хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилади.

Жумладан, халқаро таълим дастурлари бўйича энг юқори балларни тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Изланувчи ёшларни рағбатлантириш мақсадида  “Ёш олимлар” инновацион танлови учун 30 миллиард  сўмдан ортиқ маблағ ажратилганининг ўзи ҳам катта имкониятдир.

2021 йилдан бошлаб мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтириш бўйича кўрсатма берилиши ҳам диққатга сазовордир.

Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар камолотига қараётган доимий эътибори, айниқса, таълим ислоҳотларида яққол кўзга ташланмоқда.

Хорижий таълим муассасаларидан ўзимиздаги олий ўқув юртларига ўқишини кўчириш, тест жараёнлари, бир вақтнинг ўзида 5 та ОТМда билимини синаб кўриш масалалалари бунинг ёрқин мисолидир.  Албатта, бу кунларни асрлар давомида халқимиз орзу қилган.

Жумладан, жадидларимиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий миллат тараққиёти ва истиқболи,Туркистоннинг келажаги ҳақида ўйлар экан, халқни жаҳолат ва нодонлик, эрксизлик ва қашшоқлик ботқоғидан қутқариб олишнинг бирдан-бир йўли илм-маърифатли бўлишдир, деган ҳулосага келган эди.

Беҳбудий эса  халқдан маблағ йиғиб ўқишга, илмга рағбатли бўлган, аммо, ота-онасининг қурби етмайдиган Туркистон ёшларини чет эл дорилфунунларига юбориб ўқитиб, миллатнинг ривожи ва истиқболи учун зарур бўлган муҳандис ва муаллимларга, Оврўпа бозорларида савдо-сотиқ қиладиган, ҳорижликлар тилини биладиган замонавий илмий ҳодимларга эга бўлиш орқали юрт тараққиётини юксалтириш ғоясини илгари сурган.

Жадидлардан  Абдурауф Фитрат ёш авлодни тўлақонли тўғри йўлдан тарбияламасдан жамиятни ислоҳ қилиш, унинг ривожини тараққиёт сари йўналтириш  мумкин эмас деган.

“Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, дейди донишмандлар.

Жобир ибн Самурадан ривоят қилинган ҳадисда : “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирингизнинг боласига одоб бермоғи, ҳар куни ярим соъ (400 грам) миқдорида садақа қилиб тургандан афзалдир”, дедилар” (Термизий ривояти). Бундан равшан бўладики, фарзандга гўзал хулқ ва таълим-тарбия бериш мол-дунё сарфлаб, садақа қилишдан ҳам савоблироқдир.

Мазкур фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, ёшлар тарбиясига барчамиз масъулликни ҳис қилиб, жамиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши биргаликда курашишимиз лозим.

Ёшлар-ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Уларнинг онги учун вайронкор ҳамда маърифатпарвар ғоялар ўртасида кураш давом этаверади. Ушбу ғоявий курашда эса ўзининг эзгу амалий ҳаракатлари билан ёшларнинг ишончини оқлай олган томон ғолиб бўлади. Зеро, баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчиларидир.

Абдулазиз Бобамирзаев,  

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Read 3479 times

Мақолалар

Top