Мақолалар

Дунё бўйича энг зўр кашфиётлар қилган муслима аёллар

Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин-мусулмон эркак ва аёл илм олиш учун интилиши лозимлиги ҳақида таълим берган эдилар. Замонавий илм-фанга мусулмон аёллар шундай ажойиб ҳисса қўшдиларки, уларнинг бу ишларини “лаббайка ё Расулуллоҳ!” деб айтиш мумкин. Мана улардан кашфиётлари дунё эътирофига сазовор бўлганлари: 

Самина Шоҳ ҳиндистонлик. У  Нью Йоркдаги Thomson Reutersнинг етакчи илмий ходими. 2009 йилда ҳиндистонлик аёлларнинг техника соҳасидаги  ютуқлари танловида Google мукофотига сазовор бўлган. У сунъий ақл яратиш устида тадқиқот олиб боради. «Информатика билан шуғулланиш жону дилим. Бу менинг нарса ва ҳодисалар мантиғини англашимга ёрдам беради. Чунки бир қарашда тасодифий бўлиб туюлган ишларнинг моҳияти чуқурроқ ўрганилса, улар бир мукаммал тизим асосида юз берганига гувоҳ бўламиз...” дейди олима. 

Ануших Ансари эронлик. У ўсмир ёшида АҚШга иммиграция бўлиб борган Жорж Майсон университетини электроника ва ҳисоблаш машинаси бўйича битирган. Ансари 2006 йил космосдаги биринчи аёл-сайёҳ ва келиб чиқиши эронлик бўлган биринчи астронавт бўлди. 

Хадижа Мухаммад Юсуф малайзиялик. Хадижа – микробиолог. У ҳозирги вақтда  Ньюкасла касаллигининг терапевтик ва диагностик реагентлари устида тадқиқот ишлари олиб бораётир. Ўлим билан ниҳоясига етадиган бу касалликка дунёдаги товуқларнинг барча турлари чалинган. 2005 Хадижа микробиология соҳасида Карл Финлай мукофоти билан тақдирланди. Хадижа фан инсониятга фойда келтиришига ишонади. 

Амина Ғариб Факим маврикиялик. Ғариб – Маврикия президентлигига сайланган биринчи аёл. У Суррея университетини 1983 йил химия фани бўйича битириб  бакалавр босқичини олди. 1987 йил Эксетера университетида органик химия бўйича докторлик ишини ёқлаганидан сўнг юртига қайтади ва Маврикия университетига ишга жойлашади. Ҳозирда у Маврикия ўсимликларининг тиббий ва озиқлик хусусиятларини ўрганмоқда. “Тадқиқот ишимдан кўзланган мақсад – диарея, дизентерия ва бошқа юқумли касалликларга ўсимликлардан инсон организми учун хавфсиз бўлган табиий дори-дармонлар яратиш ва маврикиялик, Ҳинд океани минтақаси ва Африка давлатлари болаларига ёрдам кўрсатишдан иборатдир”, дейди у. 

Исмахон Элуафи марокколик. У генетика соҳаси бўйича Кордова университетида докторлик ишини ҳимоя қилган.  Исмахон фан ижобий ютуқларни қўлга киритиш ҳамда қашшоқлик ва камситишларнинг олдини олиш борасидаги қарорларга асос бўлиши керак деб ҳисоблайди. Айни чоқда у сув етишмайдиган ерларда фермерларга ёрдам кўрсатишга ихтисослашган халқаро биотуз қишлоқ хўжалиги марказининг (шўр босган ерларда тузга чидамли дарахтлар ва озуқабоп ўсимликларни етиштириш технологияси) бош директори вазифасида фаолият юритмоқда. 

Бина Шаҳин Сиддиқий покистонлик. Профессор Бина Шаҳин Докторлик унвонини химия соҳаси бўйича Карачи университетида олган. У маҳаллий гиёҳлардан дори олиш устида тадқиқот олиб борган ва мамлакат тиббиёти ҳамда қишлоқ хўжалиги ривожига катта ҳисса қўшган. Сиддиқий 250 га яқин илмий мақолалар эълон қилган ва кўплаб нуфузли мукофотлар билан тақдирланган. Улар сирасида химия бўйича ал-Хоразмий мукофоти ҳам бор. 

Ҳайат ал-Синди – маккалик биотехнолог. Синди Яқин Шарқ аёллари ичида биотехнология соҳасида биринчи бўлиб фан докторлигини қўлга киритган. Синди “Ҳамма учун ташсих” ташкилотининг таъсисчиларидан бири. Бу ташкилот камбағал давлатлар учун бир оз енгилроқ ташхис ускуналарини ишлаб чиқаради. Олима бу лойиҳага кўплаб сармоядорларни жалб этди. Хусусан, Билл Гейтс 10 миллион доллар сармоя киритди. «Мен Кембрижда ўқишни бошлаган кезларимда бир машҳур олим менга “Сенинг бу ишларингдан ҳеч нарса чиқмайди. Чунки сен аёлсан ва дин фанга қарши туради”, деди. (ундан ҳайиққаним учун қайси дин? деб сўрай олмадим) Мен истардимки, дунёдаги барча аёллар ўзларига ишонсин ва мақсадлари йўлида собит қадам бўлсин”.

Read 7064 times

Мақолалар

Top