Мақолалар

Ота-онага оқ бўлиш – гуноҳлар гуноҳи

 Динимизда ота-онанинг ҳаққи, улуғлиги, мартабаси ниҳоятда буюклиги айтилган. Биргина шу таълимотнинг ўзиёқ ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси исломга тенг кела олмаслигига далил бўлади.

 Мана бу ояти карималарга диққат қилинг: "...ота-онангизга яхшилик-қилинглар!" (Нисо, 36); "Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишга амр этдик" (Луқмон, 14); "Ота-онангдан бири ёки икковлари қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга ёмон сўз айтма, ҳатто "уфф" демагин, уларга қаттиқ ҳам қарамагин. Доимо яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут. "Роббим, мени улар ёшлигимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳмат қилгин!" дегин" (Исро, 23-24).

Ана шу мазмундаги ҳадиси шарифлар ҳам жуда кўп. Ибн Масьуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Аллоҳ наздида энг суюкли амал қайси?" деб сўрадим. У зот: "Намозни вақтида ўқиш", дедилар. Сўнгра: "Яна қайси амал?" деб сўрадим. Расулуллоҳ: "Ота-онага яхшилик қилиш", деб жавоб қилдилар" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ота-онанинг хизматини қилиб, уларнинг дуоларини олиш қанчалик савобли иш бўлса, уларга оқ бўлишдаги гуноҳнинг  меъёри жуда катта – Аллоҳ таолога ширк келтиришга яқиндир. Баъзилар, ота-онанинг оғзидан: "Сени оқ қилдим", деган лафз чиқса фарзанд оқ қилинган бўлади, деб юради. Аслида ундай емас. Ота-онага оқ бўлиш Қуръон ва ҳадисларда келган "Ота-онага яхшилик қилингиз!" амрининг аксини қилиш билан содир бўлади.

У қуйидагича белги ва кўринишларга эга:

ота-онани йиғлатиш ва хафа қилиш;

уларга бақириш, жеркиш;

бир ишга буюрсалар, "уф" деб норозилигини намойиш етиш;

уларга хўмрайиш ва пешонасини тириштириш;

ота-она кексайгандаги баъзи ишларига ғаши келиши, ҳолатларидан жирканиш;

уларга иш буюриш;

она тайёрлаган таомдан камчилик топиш;

ота-онага уй ишларида ёрдам бермаслик;

ота-она гапираётганида юзни буриштириш, уларга қулоқ солмаслик, сўзларини бўлиш, уларни ёлғончига чиқариш ёки улар билан гап талашиш, баҳслашиш;

уларнинг раъйларига эьтиборсизлик билан қараш;

ота-она ҳузурида ака-укалар ёки бошқалар билан жанжаллашиш;

одамлар олдида ота-онасини ёмонлаш, уларнинг айбларини муҳокама қилиб, обрўларини тўкиш;

ота-онасини сўкиш, лаьнатлаш;

қабиҳ, пасткаш ишлар қилиш орқали ота-онани шарманда этиш;

уларни ортиқча харажатга қўйиш;

уларни хабардор қилиб қўймасдан уйга кеч қайтиб уларни хавотирга қўйиш;

аҳли аёлини ота-онасидан устун қўйиш;

уларнинг эҳтиёжи бўлиб турганда, улардан алоҳида яшаш;

улар сабабли бошқалардан уялиш;

уларга қўл кўтариш;

уларга хасислик ва бахиллик қилиш;

уларга миннат қилиш;

уларнинг нарсасини ўғирлаш;

уларнинг олдида нолиш ва бўлар-бўлмас дардини тўкиб-солиш;

уларнинг изнисиз сафарга чиқиш;

уларнинг ўлимини тилаш. 

Шундай экан, уларга оқ бўлиб қолишдан сақланиб, яхшилик қилишга шошилайлик ва Аллоҳ ҳузуридаги чексиз ажрга эга бўлайлик.

Зеро, улар ҳеч қачон бизга ёмонликни раво кўрмайди, фақат яхшилик тилайди. Аллоҳ ҳаммамизни уларнинг розиликларини олишга муяссар қилсин.

Фотима КОМИЛЖОНОВА,

ТИИ 1-курс талабаси

 

Read 7475 times
Tagged under

Мақолалар

Top