Мақолалар

Қоидага риоя қилиш – маданият кўзгуси

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда йўл ҳаракати қоидалари хусусида кўплаб кўрсатмалар бор. Чунки йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзиниг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса ислом динида қатъиян ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара,195). Бундан ташқари, йўл қоидасини бузган киши бошқаларнинг ҳаётига, мол-дунёсига ҳам хатар туғдиради...

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш – жамият аъзолари маданиятининг кўзгусидир. Динимиз йўл ҳаракати одобларини биринчи бўлиб батафсил баён қилиб берганига шубҳа йўқ. Хусусан, “ўнг қўл ҳаракати”, “пиёдаларга йўл бериш”, “орада масофа сақлаш” каби йўл ҳаракати қоидалари айнан суннат амалларидир.

Йўл умум мулки. Шунинг учун йўлдан фойдаланишда бошқаларга зарар етказиш омманинг ҳақини поймол қилиш ҳисобланади. Шариатимиз қоидасига кўра, бировларга зиён етказиш жоиз бўлмагани каби, зиёнга олиб борадиган ишларга қўл уриш ҳам мумкин эмас. Шу боис бировларга зиёни тегадиган бўлса, йўл юриш ножоиздир. Йўл оммавий мулк бўлгани сабабли жиддий зарурат туғилганда ҳаракатланишни тўхташ мумкин. Шунингдек, кишиларнинг ҳаёти ёки молларини сақлаш ва бошқа шу каби заруратлар юзасидан йўлларда тезлик миқдорини белгилаш ҳам шаръан мумкин. Бу, албатта, умумий манфаатлар юэасидан бўлгани учун жоиз ҳисобланади. Зотан, фиқҳий қоидалардан бирида: “Оммадан зарарни бартараф этиш якка шахсга етадиган зарарни кетказишдан устун қўйилади”, дейилган.

Йўлдан фойдаланган киши унинг ҳақларига, хусусан, ҳаракат қоидаларига, шаръий кўрсатмаларга риоя қилиши шарт. Агар уларга оғишмай амал қилинса, у улуғ савобларга сабаб бўладиган ибодат даражасига кўтарилади. Борди-ю, уларга риоя қилинмайдиган бўлса, бузилган меъёрнинг кўламига кўра, йўл юриш макруҳ ёки ҳаром амаллардан бири ҳисобланади.

Ислом фиқҳида: “Зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади” ва “Жамият манфаати шахс манфаатидан устун туради” дейилади.

Динимизда инсон зиммасида ҳар бир нарсанинг ҳаққи борлиги уқтирилади ва ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини бериш буюрилади. Мусулмон киши зиммасида йўлнинг ҳам ҳаққи борлиги ҳадисларда келган. Бу ҳақларни ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиси, у хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ йўловчи бўлсин, адо этмоғи лозим. Шунингдек, йўлда турган, ўтирган ва фойдаланувчилар ҳам ушбу ҳақларга риоя қилишлари шарт.

Имом Табароний Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонларга йўлларида озор берса унга уларнинг лаънати вожиб бўлур”, деганлар.

Бировга озор берадиган ишни қилиш ножоиз иш. Кишиларга йўлларда озор етказиш эса ундан-да оғир гуноҳ. Чунки йўл омманинг мулки бўлганидан кейин жамиятдаги ҳар бир инсон унга ўзини бевосита дахлдор деб билиши лозим. Ҳар бир шахс кўчанинг бир бўлагини ўз уйи деб қараб, унга ана шу асосида муносабатга бўлмоғи даркор. 

Лутфуллоҳ ЖАМОЛОВ,

   “Ҳидоя” ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси

Read 6765 times

Мақолалар

Top