Мақолалар

Гиёҳвандлик  – келажак кушандаси

Асримиз вабоси сифатида тез суръатлар билан тарқалиб бораётган гиёҳвандлик балосининг жисмоний ва маънавий зарарлари тўғрисида дунё оммавий ахборот воситалари орқали кўпдан-кўп маълумотлар берилди, уни бартараф этишга бағишлаб кўп мамлакатларда, Ўзбекистонда ҳам қатор халқаро анжуманлар ўтказилди, гиёҳвандликка қарши чора-тадбирлар кўриш мақсадида кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар таъсис этилди. Лекин, афсуски, бу бало ва офат манбаи ҳануз ортга чекинмаяпти.

Муқаддас динимизнинг барча кўрсатмалари одамлар орасида меҳр-муҳаббат инсоф-адолат, эзгулик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсоннинг жамият равнақига ҳисса қўшишига катта эътибор беради. Гиёҳвандлик инсоннинг иймонига, қолаверса, умуман инсонийлигига зиён етказади. Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборишининг сабабларидан бири сифатида пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини кўпгина оятларда баён қилган.

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса – пок; покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодатдир. Агар бунинг акси бўлса, ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи, айниқса, ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсалар динимизда ҳаром қилинган. Ҳадисларда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг ифодасидир.

Бошқа бир ҳадисда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”, дейилади. Бу ҳадисдан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром экани аён бўлади. Шунга кўра, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар гиёҳванд моддаларга ҳам тегишлидир. Гиёҳвандликнинг  ўлимга олиб келишидан уни истеъмол қилган киши ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади, деган хулоса келиб чиқади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни манъ қилган. Банда ушбу чегарадан чиқса ҳамда манъ қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса динимиз кўрсатмаларига зид амалдир.

Гиёҳвандликнинг зарарлари беҳисоб. У етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб қилса, худди шунгдек, шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади; тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади; қашшоқлик, муҳтожликда яшашга мажбур этади. Охир-оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Дунёда гиёҳванд моддаларини инсонлар истеъмол қилаётгани, кўплаб ёш авлод унинг қурбони бўлаётгани ва ундан моддий даромад орттириш мақсадида тижорат қилинаётгани ўта ачинарли ҳолдир.

Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кимсалар, топган пулини ҳаром ичимлик ва гиёҳванд моддаларни сотиб олишга сарфлайди, ўша заҳарни топиш учун ҳеч нарсани аямайдилар. Бор молу дунёсини, машинасини, уйини, ҳатто кийимини ҳам сотиб юбориш даражасига етади. Исрофгарчиликнинг бундан ёмонроқ кўриниши бўладими?..

Бу аср вабосидан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда жуда кўп чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳукуматимизнинг бу соҳадаги чиқарган қарорларидан ташқари, оммавий ахборот воситалари ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимизни огоҳлантириб бормоқда. Чунки бу иллатга қарши курашиш динимиз амри, виждонимиз нидоси, қонунларимиз олдидаги бурчимиздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”.

Демак, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиз экан. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлмоғи зарур. Шу қабиҳ иш ортидан тез бойиб олишни истаган одамлар қанчадан-қанча кишиларнинг умрига зомин бўлаётганига бефарқ қараб туриш мумкин эмас.

Бу разолат манбаи саналмиш гиёҳлар олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб, бошланғич ва ўрта таълим даргоҳларигача кириб келаётгани, эркагу аёллар ўртасида баробар илдиз отиб фалак ёзаётгани ақл-идрокли кишиларни бефарқ қолдирмаслиги керак.

Ўткир  МАҲМУДОВ,

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг ўқув    ишлари    бўйича      ўринбосари 

Read 6410 times

Мақолалар

Top