Мақолалар

Озодалик  – мўмин зийнати

Динимизда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилади.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар» (Муслим, Насаий ва Термизий ривояти).

Халқимиз азал-азалдан тозаликка, озодаликка риоя этиб келган. Орасталик бор ерда барака бўлишини таъкидлаган.

Инсон яшаётган манзилнинг озода бўлишининг ҳикмати шундаки, ҳовли ва уйлар нопок бўлса, бундан биринчи галда ўша хонадонда яшовчилар зарар кўради. Ахлат-чиқиндиларга бепарво хонадонлар жинлар тўпланадиган маконга айланади. Ҳовлиларда чиқинди йиғилиб қолиши, уйнинг шифтларида ўргимчак тўри бўлиши ва шунга ўхшаш нопок ишлар макруҳ амал ҳисобланади. Шунақа уй-жойлар бефайз ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”. дея марҳамат қилганлар.

Нафақат, уй-жойларимизни, балки маҳаллаларимиз, кўчаларимиз, ишхонамизни озода тутсак қандай яхши. Эрта тонгда ишга бораётиб, кечқурун ишдан қайтаётиб ҳовли-кўчасига сув сепиб, супураётган уй соҳибаларини кўрганда кишининг баҳри дили очилади. Урф-одатларимизда саҳарлаб ҳовли- кўча супуриш озодалик билан бирга ишга бортаётган уй соҳибининг иши баракали, йўллари равон бўлишига ёрадм беради деб умид қилинган. Озодаликка биринчи галда экологияга самарали таьсир қилади,  чиқиндиларнинг вақтида олиб кетилиши  анча-мунча касалликларнинг олдини олади.

 Покизаликка оид урф-одатларимиздан бу – умум халқ ҳашарларидир. Бунда барча баробар, ёшу қарининг иштирок этади. Ён-атроф озодалигига, баданимиз тозалигига, соғлигимизга эътибор беришимиз – буларнинг барчаси ибодатдир. Демак, қайсики ишда савоб ўша иш ибодат ҳисобланар экан. 

Динимиз таълимотларида айнан поклик йўлида қилинган ҳар бир ҳаракат юқори баҳоланиши, улкан ажр-савоблар берилиши айтилган. Ўзимизни ва атроф-муҳитимизни поклай олсак, ҳаётимиз баракали, икки дунёмиз саодатли бўлади.                                           

Севара ҒАНИЕВА,

      Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти мударрисаси

Read 8482 times

Мақолалар

Top