Мақолалар

Интернет таҳдидидан огоҳ бўлинг!

Кунимизни интернетсиз тасаввур қилишимиз қийин бўлиб қолди. Ҳар бир ишимизда интернетга мурожаат қиламиз. Бирор муаммога дуч келсак ҳам, кундалик юмушларимизда савол туғилса ҳам ана шу тармоқлардан жавоб ахтарамиз. Интернет худди очиқ дарвозага ўхшаб унга ҳар қандай ахборот оқими кириб келаверади. Ўз вақтини интернетга сарфлаётган ёшлар эса нафақат вақтини бой беради, балки ёвузлик тўрига илиниб қолиши ҳам мумкин.

Айниқса, экстремистик оқим вакилларига интернетнинг очиқ дарвозаси жуда қўл келмоқда. Бузғунчи оқимлар, ёшларга муаммоларига ёрдам беришни ваъда қилади ёки динни ўргатаман, деб аврайди. Табиийки, қизиққон ва интилувчан ёшлар қандай ёмон йўлга кириб қолганини ўзи ҳам англай олмай қолади. Ана шундай ачинарли вазиятга дуч келмаслик учун, аввало, ҳар бир ўғил-қиз илмли бўлишга интилиши лозим. Кўрган маълумоти ҳақида мулоҳаза юритиши, шубҳали туюлган ахборотлардан узоқ туриши муҳим.

Қолаверса, дин илмини ўрганишни ният қилган ёшлар учун юртимизда қанчадан-қанча ўқув юртлари фаолият юритмоқда.  

Аллоҳ таоло ояти каримасида инсониятни огоҳликка чақириб:

“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!” деб марҳамат қилган. Ушбу оятнинг тафсирида уламолар бу каби вазиятда ўша маълумотнинг ҳақиқат эканини билгунча кутиш лозимлиги, шошилиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтганлар.

Чиндан ҳам, инсон қизиқувчан, у янгилик кутиб яшайди. Бироқ, интернетдан келаётган уйдирма маълумотларни қабул қилиб олиши унинг ўзига зарар етказиши мумкин.

Европа олимлари ёшларнинг илм олиши устидан тадқиқот олиб боришганда, натижа кўпчиликни ҳайратга солади. Ёшларда диний дунёқарашнинг шаклланиши кўп жиҳатдан глобал тармоқ – интернет орқали узатилаётган маълумотларга боғлиқ бўлиб қолаётган экан. Ғарб мамлакатларида истиқомат қилаётган кўплаб мусулмонлар кундалик ҳаётида дуч келаётган муаммоларига ўзлари амал қилиб келаётган ислом дини қандай муносабатда эканини билишни истайди. Бундай қизиқиш юртимизда ҳам учраб туради ҳамда кўплаб юртдошларимиз ўз саволларига сайтлардан жавоб олишга интилади... Демак, ҳар соҳада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда энг муҳим шарт – баландпарвоз тавсиялару таги пуч ғояларга ишонмаслик керак. Айниқса, диний мазмундаги масалаларга дуч келганда аллақандай сайтлардан эмас, балки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ҳамда Айдарбек Тулеповнинг яқинда қайта нашр этилган   “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида тавсия этилган диний идора тасарруфидаги сайтларидан   фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Аҳолининг дунёқарашини шакллантиришда, ёшлар онгидаги бўшлиқни тўлдиришда интернетнинг  ҳам ўзига хос ўрни бор. Шундай экан, назоратни аввало, ўзимиздан бошлашимиз зарур. Эътибор берайлик, биз кўп вақтимизни яқинларимизга эмас, ана шу тармоқлардаги мазмунсиз маълумотларни олишга ёки ўйинлар дарёсига ғарқ бўлишга сарф этмаяпмизми? Бекор кетаётган азиз вақтимизни фойдалироқ ишларга сафарбар этсак,  ҳаётимизга мазмун кириши мумкиндир. Албатта, ҳушёрлик ва зийракликни ҳам ҳамиша қўлдан бой бермаслик муҳим аҳамиятга эга. Маҳмуд Замахшарий айтганидек, “Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур”.

 

     Муҳаммадаъло МАДРАҲИМОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

 

Read 5119 times

Мақолалар

Top