Мақолалар

Инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган ислоҳотлар халқимиз турмушининг янада юксалиши, мамлакатимиз ободлиги ва тараққиётини таъминлаш, Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда юксак самаралар бермоқда.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ҳурматли И.А.Каримовнинг ташаббуси билан узоқ йиллардан буён юртимизда ҳар бир йилнинг бошланиши олдидан унга маълум бир ном бериш ва ўша йилда мазкур номга тегишли масалаларни ҳал қилишга катта эътибор қаратиш яхши анъанага айланган эди. Шу анъанани давом эттириб, давлатимизнинг янги раҳбари Ш.  М. Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номладилар ва бу шиор халқимиз томонидан хурсандчилик билан қабул қилинди. Йилнинг бундай номланиши замирида давлат органларининг халқ билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва мавжуд муаммоларни оқилона ҳал этиш мақсадлари мужассамдир. Бош Қомусимизнинг 2-моддасида, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, - дейилган. Демак, ушбу йилда ҳукуматимизнинг оддий фуқаролар билан  мулоқотлари янада кенгроқ йўлга қўйилади. Бу мулоқот воситасида  барча ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, бир сўз билан айтганда, жамиятда адолат қарор топишига янада кўпроқ аҳамият қаратилади.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, — бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад — инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, унинг дарду-ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.

Мамлакатимиз Президентининг янгидан қабул қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шу йўналишдаги ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Фармонда кексаларни ижтимоий ҳимоялаш, соғломлаштириш, уларнинг фаоллигини ошириш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Ушбу хайрли иш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг: “Кимки кичикларимизга раҳм қилмаса, кексаларимизнинг ҳаққини, қадр-қимматини билмаса, у мусулмон уммати эмасдир”, деган ҳадиси шарифларига ҳамоҳангдир.

Давлатимизнинг бундай эътибор ва ғамхўрлиги хонадонимиз фаришталари бўлган нуронийларимиз кучига куч, умрларига умр қўшади, уларга жуда катта руҳий мадад бўлади. Зеро, қарияларимиз хизматини қилиш, уларнинг дуосини олиш биз учун олий саодатдир. Булар ҳали улкан ишларнинг дебочаси холос. Муқаддас қадамжоларимиз ва улуғ боболаримизнинг ҳурмат ва эҳтиромлари бевосита Ўзбекистоннинг биринчи Президенти марҳум И.Каримовнинг раҳнамоликларида ўз ўрнига қўйилган эди. Ушбу хайрли ва асрга татигулик савобли ишнинг давомини сайланган Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошлаб бердилар. 

Бугунги кунда ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёев эл манфаатини барча нарсадан устун қўйиб, фуқароларимизнинг оғирини енгил қилишга тинмай ҳаракат қилмоқда. Биргина “виртуал қабулхона” жойларда янгидан ташкил қилинган“Халқ қабулхоналари” орқали минглаб юртдошларимизни қийнаб келган муаммоларининг ўз ечимини топгани ва топаётгани бунинг яққол далилидир. Аслида, одамлар орасида адолат билан ҳукм юргизиш Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай хабар берилган: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар...” (Нисо сураси, 58-оят).

Адолат билан иш  юритган раҳбарга улкан ажр-мукофотлар ваъда қилинган. Шунингдек, инсонларга манфаат етказишга ҳаракат қилиш ҳам динимизда тарғиб қилинган амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифларда хабар берилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор мўминдан дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан охират машаққатларидан бирини аритади. Банда, модомики, дўстига ёрдам бериш (йўли)да бўлар экан, Аллоҳ унинг мададкори бўлади”, –  дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган). 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: “Аллоҳга энг севимли киши ким?” ва “Аллоҳга энг севимли амал қайси?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга энг севимли киши, одамларга кўпроқ манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш. Ёки унинг ташвишини аритиш. Ёки қарзини ўташ. Ёки ундан очликни кетказиш. Мен бир дўстимнинг эҳтиёжи учун юришим, ушбу масжид – Масжидун набавийда эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир” - дедилар.

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларнинг энг яхшиси уларга кўпроқ манфаати тегадиганидир”, деб айтдилар. Пайғамбаримиз (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадисларида инсон сўзини келтириши бежиз эмас. Инсон сўзи умумий маънони ифода этади. Жамиятда яшайдиган барча эр ва аёл, ёш ва қарияларга  халқ деб мурожаат қилинади. Демак, ҳадисдаги инсон сўзи халқлар ичида бўлган энг яхши инсонга нисбатан айтилган. Ҳадисда уларга кўпроқ манфаати тегадигани дейилмоқда. Инсонлар бир-бири билан ҳамжиҳат, ҳамкор бўлсалар, уларнинг  манфаати  бўлади. Инсонлар одамларга аралашиб зиёли киши ўзининг илми билан, бошқа касб эгалари эса ўзларининг иқтидорлари билан бошқаларга кўмакдош бўлса, яхшилик устига яхшилик бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир қийналиб қолган кишининг ишини осон қилса, Аллоҳ унга дунё-ю охиратини осон қилади. Модомики, банда ўз оға-инисига кўмак бериш пайида бўлар экан, Аллоҳ унга  кўмак бериш пайида бўлади”. Суюкли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу сўзларидан аниқ бўладики, инсонларга манфаат етказиш энг катта савоб экан.

Жойларда бораётган ислоҳатлар жараёни билан яқиндан танишиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятларга сафарлар уюштирмоқда. Жорий йилнинг 20 январ куни Юртбошимизнинг Қорақолпоғистон Республикасига қилган ташрифлари ҳам шундай эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди. Президентимиз ташриф чоғида “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида бир гуруҳ нуроний отахон ҳамда фахрийлар билан учрашдилар. Президентимиз ушбу масжид атрофида муҳташам мажмуа, кутубхона барпо этиш ва бошқа бир қатор хайрли ишларни амалга ошириш бўйича топшириқларни бердилар. 

Худди шундай ташрифларнинг бири шу йилнинг 10 февраль куни Сурхондарё вилоятига бўлди. Президентимиз Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишларини   кўздан кечирди, мажмуа ёнида қурилаётган 350 кишига мўлжалланган жомеъ масжид биноси бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари келгусида Абу Исо Муҳаммад Термизий мажмуасига Ислом оламининг машҳур олиму уламоларини таклиф этиш, хорижлик мутахассис, ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро илмий конференциялар ташкил этиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш кераклигини таъкидладилар. 

Муҳтарам Юртбошимиз Қашқадарё вилоятига қилган сафарлари чоғида шу юртдан етишиб чиққан улуғ ватандошимиз Абул Муъин ан-Насафий ҳазратларининг “Табсират ал-адиллати фи илм ал-калом” (Калом илмида далиллар тилга кирганда), “Ат-тамҳид ли-қавоид ат-тавҳид фи илми калом” (Калом илмидаги тавҳид қоидалари учун ягона китоб) асарлари ёшларнинг билими янада бойишида, уларнинг турли ёт оқимларга кириб қолишидан асрашда, эл-юртига хизмат қиладиган комил, фидоий инсонлар бўлиб етишишида муҳим асарлар эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, Давлатимиз Раҳбари“Абул Муъин ан-Насафий” зиёратгоҳида қайта қурилиш ишларини белгиланган лойиҳа асосида олиб бориш, зиёратгоҳ ҳудудида муҳташам кутубхона ташкил этишни ҳам таклиф этдилар.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафари чоғида табаррук масканлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуини зиёрат қилди. Президентимиз мазкур ёдгорлик мажмуасини янада обод масканга айлантириш юзасидан кўрсатмалар берди. Қолаверса, кўҳна ва боқий Бухородаги ёдгорлик, обидаларнинг ҳар бир дона ғиштини ўз ҳолида тиклаш, эҳтиёт қилиш ва келажак авлодга етказиш лозимлигини таъкидлади.

Юртбошимиз Бухоронинг жаҳон цивилизацияси ва Ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс экани, бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топгани ва яшаганини алоҳида таъкидлади.

Қадриятларимиз қайта тикланаётган, энг олис овуллардаги юртдошларимизга ҳам бирдек эътибор бериб, муаммоси ҳал этилаётгани, илму маърифат аҳлини тобора якдиликка, ғайрат, шижоатга, бунёдкорликка, илм ва ижодга ундайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва уламолари ҳайъати ҳам барча хайрли ишларда халқимиз билан, Юртбошимиз билан биргадир, елкама-елкадир ва ҳамиша дуойи хайрдадир. Ҳақ таоло бутун дунёда ва юртимизда тинчлик-осойишталикни ҳамиша барқарор ва бардавом қилсин. 

Усмонхон Алимов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Read 8146 times

Мақолалар

Top