Мақолалар

Бузиб талқин қилинаётган атама

Диний экстремистик оқимларнинг асоссиз даъволаридан бири ҳижрат бўлиб, “ҳижрат” сўзининг луғавий маъноси “тарк қилиш, ташлаб кетиш, ўз ватанидан бошқа жойга кўчиш” демакдир. Истилоҳда эса динига эркин амал қилиш имкони бўлмай, юртида беш вақт намоз ўқиш ва бошқа фарз амалларни бажаришни имкони топилмаса, қодир кишиларнинг бошқа юртга кўчишларини англатади.

Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси, дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. “Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!” (Наҳл сураси, 41-оят), дейди  Аллоҳ таоло. Шу мазмундаги оятлар (Нисо, 100-оят), (Анфол, 74-оят), (Наҳл, 110-оят) сураларида ҳам бор.

Иккинчиси: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг “Субулус Салом” деган машҳур китобида қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган). “Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.

 Имом Байҳақий Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Раббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, “ҳижрат” сўзи бир жойдан иккинчи жойга кўчиш маъносини англатади. Истилоҳда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги мусулмонларнинг Ҳабашистонга, сўнгра ўзлари бош бўлиб Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади. Ҳижрат деганда гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш ҳам тушунилади. Бу ҳақда Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлига ҳижрат қилган кишидир”, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб бориб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдир”, дедилар.

Ҳижрат қилишни илгари сураётган тоифага кучли раддиялардан яна бири қуйидаги ояти каримадир. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасининг 72-оятида мўъминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда ва уларнинг ҳаммасини, ўз ватанидан ҳижрат қилганларни ҳам, ҳижрат қилмаганларни ҳам   ҳақиқий “мўъминлар” деб атамоқда.

Албатта, ҳижратга тегишли оят ва ҳадислар фақат юқорида зикр қилинганлардангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар бу ҳукмни батафсил баён қилганлар.
Қисқа бўлиши учун Қувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган “Фиқҳ энциклопедияси”да баён қилинган сўзларни келтирамиз:
“Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига путур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади”.

Бу ерда дорул ҳарб деганда мусулмонларга қарши уруш эълон қилган диёрда яшаб турган мусулмонлар назарда тутилган.
Ҳозирги кунда деярли барча мамлакатлар ўртасида тинчлик сулҳлари тузилган. Бу ерларда яшаб турган мусулмонларни қандай қилиб кофирга чиқариш мумкин. Замонамизнинг кўплаб уламолари аслида номусулмон бўлган ғарбий давлатларда мусулмонларнинг яшашлари, ишлашлари ва ўша давлат фуқаролари бўлишларига фатво берганлар.

Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни “Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!” дейиш қандай маъносиз гап?!

Ислом дини қоидаларига биноан, фатво бериш ҳуқуқи, ақида ва фиқҳ илмида мукаммал даражага етган, Қуръон ва ҳадис илмини тафсирлари  ва турли шарҳлари, санадлари билан тўлиқ ёд билувчи, қолаверса, муфтий мартабасига эга бўлган муайян шахсларгагина берилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, янги пайдо бўлган барча тоифалар ўзларига баландпарвоз шиорларни танлашлари, ислом динида муқаддас ҳисобланган сўзларни бузиб талқин қилмоқчи бўлаётганлари  ёки бутун мусулмонлар учун мўътабар бўлган баъзи бир атамалар билан ўзларини номлаб олишлари қабиҳ жиноятларини ниқоблашга уринишдан бошқа нарса эмас.

 

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Хожа   Бухорий   ўрта    махсус   ислом   билим   юрти мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари  

 

 

Read 7428 times

Мақолалар

Top