Мақолалар

Мушкулот ва  дарднинг давоси борми?

Муборак Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлиги – дўзахдан озод бўлиш даҳаси ҳам бир зумда ўртасига яқинлашиб қўйди. Энди ибодатларимизни, зикруллоҳларимизни янада кўпайтирамиз, уйқумизни эса янада камайтирамиз. Барибир, Рамазонга тўймай қолаверамиз. “Бу ойдан фойдаланиб қолинг, биродарлар, хатмга соме бўлинг. Рамазон ўтгандан сўнг бундай жамоани бу соатларда топа олмайсиз, қориларга ялинсангиз ҳам хатм қилиб бермайди сизга!” дейди Бектемир туманидаги “Алибек” жоме масжиди имом-хатиби Искандар домла.

Ҳа, Рамазондаги фазилатни бошқа ойларда топиш қийин. Чунки бу ойда ҳамма фойдали ишлар бизнинг манфаатимиз учун бир неча баробар орттирилган. Умра ҳажга тенг, нафл ибодат фарзга тенг, фарз ибодатнинг савоби етмиш баробар орттирилган ва бошқа яна биз билмаганлари қанча... Аллоҳ таолонинг меҳрибончилигини қарангки, бу ойда қилинган зикрларга ҳам одатдаги ойлардагидан ортиқ савоблар ёзиб, ўша зикрлар шарофати ила дуоларимизни мустажоб қилар экан. Биргина истиғфорнинг ўзи жамики мушкулларимизни осон қилиб, дардларимизга даво бўлар экан. Айтганларимиз тасдиғи учун динимизнинг икки буюк сиймоси ҳаётидан иккита лавҳани сизга илинишга журъат қилдик. 

Ривоят қилишларича, Шайх Шиблий ҳазратлари баланд бўйли, алп қоматли, ниҳоятда ҳайбатли одам бўлган экан. Сафарга чиққанида кеч тушиб қолганда бир шаҳарга кириб борибди. Масжидга кириб хуфтон намозини ўқибди. Кейин масжидда қолмоқчи бўлган экан. Масжид қоровули: “Бу ерда қолиш мумкин эмас”,  дебди. “Ундай бўлса, масжид ҳовлисида ётиб қолай, мусофир кишиман”, дебди Шайх. Қоровул: “Бу ерда қолиш ҳам мумкин эмас”, деб уни орқасидан итаргандек бўлиб кўчага олиб чиқибди. Ўша вақтда кўчадан бир одам ўтаётган экан. Уларнинг ғавғосини эшитиб: “Эй шаҳримизга меҳмон келибди-ку, юринг, бизнинг меҳмонимиз бўлинг”, деб уни уйига олиб кетибди.

У новвой экан. Чой дамлаб келса ҳам, нонни ушатса ҳам, хамир қорса ҳам, тандирнинг тагини ёқса ҳам, хуллас, нима иш қилса, ”астағфируллоҳ”  дер эмиш. Уни кузатиб турган Шиблий ҳазратлари: “Шу калимани неча йилдан бери айтасан?” деб сўрабди.  “Эсимни таниганимдан бери”, дея жавоб берибди мезбон. “Дуо қилсанг қабул бўляптими?” деб сўрабди Шайх. “Фақат биргина дуойим қабул бўлгани йўқ – Шайх Шиблийни зиёрат қилишни истаб ҳар доим дуо қиламан”, дебди новвой. Бу гапни эшитган Шайх: “Масжиддан бизни сенинг дуонг ҳайдаб чиққан экан-да”, дебди.

 Буюк тобеин Ҳасан Басрий ҳазратлари дўстларидан бири билан бирга ўтирган эди. Бир киши келиб унга: “Бизнинг диёрда ёмғир ёғмаяпти, қурғоқчилик бошланди, ҳолимиз танг бўлди, нима қилсак бундан қутуламиз, эй имом?” деди.

Ҳасан Басрий унга жавобан: “Бориб “астағфируллоҳ” дея истиғфор айтинг, Аллоҳ сизга ёмғир беради, иншааллоҳ”, деди.

У кетгандан сўнг бошқаси келди ва: “Ё имом! Мен моддий жиҳатдан жуда қийналиб қолдим. Қарзларим кўпайиб кетди, улардан қутула олмаяпман маслаҳат беринг”, деди.

Ҳасан Басрий унга: “Бориб тавба қил, Аллоҳ қарзларингдан қутулишингга ёрдам беради”, деди.

У кетди. Учинчи одам келди-да: “Ё имом, Аллоҳдан солиҳ фарзанд талабидаман”, деди.

Ҳасан Басирий унга: “Бориб тавба қил ва истиғфор айт”, деди.

Дардман, сиқилган... ким келса, уларга шу гапни айтаверди. Ҳамма кетганидан сўнг дўсти ундан:

“Ё имом, келганларнинг ҳаммасининг дарди бошқа-бошқа эди. Аммо сиз ҳаммасига бир дорини беравердингиз, бир нарсани тавсия этавердингиз. Нима уларнинг ҳаммасининг давоси тавба эдими?” деб сўради.

Имом Басрий раҳматуллоҳу алайҳ унга: “Ҳа, ҳаммасининг давоси тавбадир, чунки Аллоҳ таоло: “Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ сурасининг 10,11,12-оятлари), деб марҳамат қилган.

Тавбанинг фазилати шундай улуғ. Шунинг учун унинг қийматини билмоғимиз керак. Ҳамма фойда унда бор. Нима истасангиз: мол-мулк, фарзанд, охират, дунё, барчаси мужассам. Фақат биз уни маҳкам ушламоғимиз, дўстларимизга ҳам буни ўргатмоғимиз зарур. Боринг: қўшнингизга айтинг, қариндошларингизга айтинг, ҳар бир кишига тушунтиринг, уларни жаҳаннамдан қутқаринг, жаннатга даъват этинг”, деди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Read 6859 times
Tagged under

Мақолалар

Top