Мақолалар

Етимни жеркиманг!

Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! (Зуҳо, 9).

Динни (охират жазосини) инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?! Бас, у етимни жеркийдиган ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган (кофир) кимсадир (Моъун, 1-3).

Эътибор беринг! Етимни жеркиш ва мискинга таом бермаслик у ёқда турсин, мискинга таом беришга атрофдагиларни тарғиб қилмаслик динни, охират жазосини инкор қилишдек, кофирлик гуноҳи қаторида саналмоқда!..

Эслатма! Халқ орасида “Етим бола боқсанг, оғзи-бурнингни қонга тўлдиради. Етим қўзи боқсанг, оғзи-бурнингни гўштга тўлдиради”, деган гап бор. Шу тўғрими? Йўқ! Оят ва ҳадисларга буткул зид гапдир! Динимиз кўрсатмаларини била туриб, бу гапни қасддан айтиш, мўминликка номуносиб сўздир!

“Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” нақли ҳам бекор гап эмас, албатта. Воқеликда боқиб олинган етимлардан вояга етгач, кутилган натижаларга акс муносабатлар кузатилиши ҳам бор нарса. Бу дегани, етим боқишга тарғиботлар келган оят-ҳадислар нотўғри, етим асраш бошга битган бало дегани ҳам эмас...

Нега шариатнинг ўзида бу ишга тарғиб қилингани билан етимнинг имомликка ўтиши макруҳ дейилган? Нега икки ҳукм бир-бирига зид? Муаммо қаерда?

Калаванинг учи узоққа бориб тақалмайди. Шариатнинг бу ҳукмларида зидлик йўқ. Бу борада воқеликни эътиборга олиб, шундай ҳукм қилинган. Кам ҳолларда, вояга етгач, баъзи бир етимларнинг ахлоқий инқирозга юз тутиши учраб туради.

Биринчидан уларнинг баъзиларини “ота-она”си (ҳайф уларга ота-она аталмиш муқаддас ном!) бузуқилар бўлиб, беникоҳ пайдо бўлган ҳомилани бир нарса қилиб, туғиб, қаергадир ташлаб, жуфтакни ростлаб қолган. Шукрки, болалар уйлари доим бало-гардон бу борада. Палаги “тоза” бола “Қуш инида кўрганини қилади” мақоли таъбирича, қон томирлари орқали кўрганларини қилиши мумкин.

Иккинчидан халқимиз орасида “етимни уриб бўлмайди”, деган тушунча бор. Бу ҳам халқимизнинг етимпарвар ва раҳмдиллигидандир! Тўғри, етимни ҳуда-беҳуда уриб-сўкиб бўлмайди. Лекин уни қарамоғига олган одам, ҳар томонлама: моддий, маънавий ва жисмоний, руҳий, таълим-тарбиявий жиҳатдан ҳам қарамоғига олган ва унга масъулдир! Унда қайсидир жабҳада камчилик кўрса, дарҳол, тўғрилаши керак! Камчилигини ўрганиб, бартараф этмоғи шартдир! Ахлоқи бузилса, танбеҳ бериши, керак бўлса, уриб-туртиб бўлса ҳам, тартиб-интизомга солмоғи лозим! Бўлмаса, у талтайиб, дангаса-ялқов бўлиб, улғайгач, ҳалиги мақолдаги маънони тасдиқлайдиган нобакорликларга ҳам қўл уриши мумкин!

Қоида! Асраб олган етим фарзандига ўзининг фарзанди нимани яхши кўрса, унга ҳам ўша нарсани яхши кўриши лозим. Ўз фарзанди қайси яхши ишни қилса, тақдирласа, етимга ҳам шу ишни қилгани учун мақтов айтиш, ўз фарзанди қайси ёмон ишни қилганда одоб таёғидан насиба олса, етим фарзанди ҳам шу ишни қилган тақдирда ўзига яраша жазо ва насибасини олмоғи керак! Ортиқча эркалатиш – хатарлидир!

Учинчидан, қалб кечинмаларини ҳам эътиборга олинса, масала осонроқ ечим топади. Жаҳон чемпиони бўлаётган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам борлигини тан олган ҳолда, яна бир илова борки, баъзи бир ўта шаффоф қалбли, кўнгли ўксик, ҳамиша мўъжиза юз бериб, ота-онаси келиб қолишини кутишга қалби интиқ болалар кўнглига бошқа таълим-тарбиялар сиғмасмикин?.. Болалардек ўйин-кулги қилгиси келганда, ўз уйида ака-ука, опа-сингиллари билан мазза қилиб, яйраб қувлашмачоқ ўйнаб, чарчаб, ёнига келганида бағрига босиб, юз-кўзидан ўпиб, анвойи ширин сўзлар билан эркалаб-эркалаб, бошини силаб, қорнини тўқлаб, алла айтиб ухлатиб, уйғонганида боши узра соябон фариштадек, соғинганидан  фарзанди уйғонишини интизор кутувчи гул юзли онасига айни муҳтож пайтида топа олмагани учун одамлардан ранжиб, мурғак қалбида уларга нафрат ҳисси уйғониб қолмаганмикин?! “Мени дадам ҳаммадан кучлилар”, демоқчи бўлиб ўйласа, отасининг суратини ҳаёлига ҳам келтира олмай, аламини йиғидан олган, болалар уйининг ҳеч кимга кўринмайдиган жойига беркиниб олиб, тўйиб-тўйиб йиғлаган пайтлари нима дейсиз, инсониятга меҳри ортганмикин? Ўртоғининг амаки ёки тоғаси келганида ўзининг яқинлари қаерда қолиб кетганини ўйлаб, жавоб топа олмаган саволининг жавоби эмасмикин, унинг бугунги бизга ёқмаётган ишлари?!

Шариатда етимнинг имомликка ўтиши макруҳ дейилгани ҳам, аксар ҳолларда ундай болалар илм олишга имконлари бўлмагани учун, қироат-намозга оид илми етарли бўлмай, қироатда хатоликка йўл қўйиб, намозни бузиб қўйиб, жамоатнинг ғазабига дучор бўлмасин, фитна чиқмасин, деган мулоҳаза ила айтилган.

Одатда етимларга нисбатан халқ пастроқ назарда қараб, унинг имом бўлишини хоҳламай, норозичиликларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар етим бола жамоатдаги одамлар орасида энг қироати яхши ва илмлиси бўлса, ҳеч гап сўзсиз у имом бўлиши мумкин. Ҳақли ҳам бўлади, керак бўлса. Болада ҳеч қандай айб йўқ. Етимлик айб эмас! Қолаверса, имомлик қилиши дуруст бўладиган ёшга етганида у ўзи етимлик ёшидан ўтган, балоғат ва вояга етган кишилар қаторида бўлади. Демак, бу ўринда ҳеч қандай бир-бирига қарама-қарши фикр йўқ, тўғри тушуниб олинса, бас!

Насл-насаби тоза етим болаларни олиб, ўз фарзандлари қаторига қўшган киши бир одамни сақлаб қолган бўлади. Бу эса бутун инсониятни сақлаб қолгандек, баҳоланиб, Ислом динининг беназир инсонпарвар кўрсатмалари бўйича қиёматда Аллоҳ таоло томонидан шунга яраша мукофотлар берилади.

Тавсия! Кузатишларга кўра, болалар уйи ҳисоб рақамига пул ўтказиб бериш, баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини олиб бориб, дарвоза хонаси ёнига ташлаб, савоб бўлар, деб қайтиш ҳам жуда яхши ва таҳсинга сазовор иш! Фидоий тарбиячилар орқали болаларнинг шахсий эҳтиёжларига нима етишмаётганини ўрганиб, ўзингиз олиб келиб, ҳар бир боланинг бошини силаб, қалбига сурур бағишлашингиз – ҳар томонлама энг мақсадга мувофиқ иш бўлади. Қалбингиз юмшаб, кўзингизга ёш қалқиб, бошқача бир енгилликни ҳис қиласиз! Хайр-эҳсонингиз ҳам ўз жойига етганига гувоҳ бўлиб, қалбингиз янада яйрайди, такрор-такрор у жойни йўқлаб турувчи, ўзингиз ҳам танимай қолган бир яхши инсонга айланасиз! Қиёматлик дўстлар орттирасиз! Улар бошқа яқин дўстларингиз ташлаб қочадиган кунда жонингизга оро кирувчи чин ДЎСТЛАР!..

Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Read 6143 times

Мақолалар

Top