Мақолалар

Ислом ила яшнаган ўлка

Ислом – Сомалининг давлат дини. Турли манбаларда келтирилишича, мамлакат аҳолисининг 99 фоиздан ошиқроғи Ислом динига эътиқод қилади. Мусулмонларнинг аксари суннийлар. Мамлакатнинг 2012 йилда қабул қилинган муваққат конституциясида Ислом Сомали Федератив Республикасининг давлат дини ва Ислом шариати миллий қонунчиликнинг асосий манбаи сифатида белгиланган.

Шунингдек, муваққат конституцияда шариат аҳкомларига мувофиқ келмайдиган ҳар қандай қонун лойиҳаси қабул қилинмаслиги белгилаб қўйилган.

Ислом Африканинг мазкур мамлакатига VII асрда кириб кела бошлаган. Ўшанда дастлабки мусулмонлар бу ерга Арабистон яриморолидан келишган эди.

Ушбу маконда Исломнинг тарқалиши ва мустаҳкамланишида маънавий раҳнамолар – Шайх Мадару, Абдураҳмон аз-Зайлий, Авайс ал-Баравий, Муҳаммад Гулиду ва бошқа устозларнинг роли катта бўлган.

Сомали тарихи Ислом кириб келганидан сўнг янги, аниқ белгиланган йўналишга тушиб олди. Бир неча асрлар давомида ушбу заминда бир неча этник гуруҳлар яшаган ҳамда уларни умумий тил ва маданият боғлаб турган. Улар хушбўй (атторлик) ишлаб чиқарувчи эдилар ва қадимий мисрликлар ҳамда Рим империяси билан савдо алоқаларини ривожлантирганлар. Бироқ уларнинг қадимий ақидалари аста-секин Исломга ўрнини бўшатиб берди ва XIII юзйилликка келиб юрт аҳолисининг ҳаммаси мусулмон бўлди.

Сомалиликлар Исломга кирганларидан кейин янги сиёсий тузилма – Ифат давлатини ташкил қилди. У Эфиопия билан қарамлик муносабатларини узиб, Адал султонлигига айланди ва янги султонлик Африканинг шарқий қирғоқлари бўйлаб Ислом давлатлари билан савдо алоқалари ўрнатиш орқали гуллаб-яшнади. Аммо Адал султонлиги 1541 йили Португалия Эфиопия билан иттифоқ тузиб, Сомалининг қирғоқлардаги шаҳарларига ҳужум қилиб, уларни вайрон қилганидан сўнг қулади. Ҳудудда португалларнинг мавжудлиги султонликнинг қайта тикланишига тўсқинлик қилди ва Адал кўплаб майда султонликларга парчаланиб кетди.

XVII асрга келиб португаллар минтақадан суриб чиқарилганидан сўнг усмонийлар Сомалининг шимолий қисмида ҳукмронлигини ўрнатди. Бу вақтда жанубдаги султонлик Занзибар султони билан муносабат ўрнатишга ҳаракат қилаётган эди.

Сомалининг ўша даврларда усмонийлар империяси ҳукмронлиги остида бўлган қисми аҳолиси ҳанафийлик мазҳабига амал қилади. Занзибар билан муносабат ўрнатган қисми аҳолиси эса шофеийлик мазҳабидадир. Яна унчалик кўп бўлмаган, келиб чиқиши асосан покистонлик бўлган шиалар ҳам бор. Шунингдек, аҳоли орасида қодирия ва шозилия тариқатлари кенг ёйилган.

Мамлакат пойтахти Могадишода Бутун жаҳон мусулмонлари конгрессининг Шарқий Африкадаги минтақавий бўлими жойлашган. 

Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.

“Ҳидоят” журнали 2023 йил 1-сонидан


Hidoyat.uz  – http://Hidoyatuz.taplink.ws;

Muminalar.uz – https://t.me/muminalaruzb

Online obuna bo’ling! – https://obunahidoyat.taplink.ws

 

Read 1221 times

Мақолалар

Top