Мақолалар

“Билингки, тақво мана бу ерда”

Агар тақводорлар майдонида юрса, халқдан ажралади, ўзини четга олади. Одамларнинг чалкаштириб юборганини кўриб, яна ўзидан ажабланади.

Одамларни паст кўради. Уларга юқоридан, менсимай қарайди. Уларнинг ишларини ёқтирмайди. Шунда ғазаб ҳарорати нафс ғазабидан ажралади. Унинг ғазаби улар учун раҳматдир. У уларни писанд қилмайди, ҳуқуқларини паст санайди. Юзларига афтини буриштиради. Уларни кўрганда юзи ёришмайди. Одамларни ўзининг қўрқитишидан холи кўради. Бу киши ўзидан мамнунлиги, ўзини Аллоҳнинг яратганларидан катта олиши, уларни менсимаслиги, паст санаши билан алдангандир.

Ботинида улардан ўзини четга олади, уларни ёқтирмайди. Зоҳирида эса, одамларда ўзининг ҳаққи бор, лекин одамларнинг унда ҳаққи йўқ деб билади. Бу алданиш ва ёмон хулқдир.

Алданиши уни ўраб, уни чалғитган. У одамлар зоҳиридаги чалғишни кўриб, ўзини улардан четга олишига қараб, ўзини тақводор санайди. Тақво Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишора қилиб: “Узилиб кетманглар, юз ўгиришиб кетманглар, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар”, деганларидир. Сўнг: “Билингки, тақво мана бу ерда”, деб кўксиларига ишора қилдилар.

Шунга кўра тақво қалбнинг, айтиб ўтганимиз, одамларни менсимаслик, уларни паст санаш, уларга етарли меҳр кўрсатмаслик, уларга насиҳат қилмаслик, уларга Аллоҳга ибодат қилишларида ёрдам бермаслик, уларни яхшиликка чорламаслик каби ишлардан поклигидир.

Тақво соҳиби ҳаммомдан чиққан кишига ўхшайди. У ҳаммомдан кирлардан тозаланиб, оппоқ кийимларни кийиб олади. Агар чанг кўриб қолса ёки шамол туриб қолса, боши, соқоли ва кийимларини эҳтиёт қилиб, чангдан ўзини четга олади. Шу тақводор киши агар қалбини, кўнглини покласа, кейин одамларнинг адашганини кўрса, уларга раҳми келади, меҳр кўрсатади. Уларга ачиниб, Аллоҳга тазарру қилади, дуо қилади. Бу ачинишлари унинг раҳмини қуритмайди. Балки янада уларга меҳр-шафқати ошади. Уларга ғазаб қилмайди. Уларни паст санамайди. Юзларига афтини буриштирмайди. Уларнинг мусулмонлик ҳақларини адо этади. Балки унинг тоати билан хурсанд бўлиб, гуноҳига хафа бўлади.

 Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Read 977 times

Мақолалар

Top