Мақолалар

Нима учун ҳар куни қатиқ ичиш керак?

Қатиқ – организмга жуда осон сўриладиган маҳсулот. Ушбу неъмат сурункали уйқусизликда шифо бўлади, чарчоқни олади. У уйқу дорисидек таъсирга эга бўлгани боис шифокорлар уни кечаси ётишдан аввал ичишни тавсия қилишади.

Айниқса, ёғсиз кефир турли касалликларга тавсия қилинган диеталарнинг ажралмас қисми сифатида ишлатилади.

Қатиқ таркибида кальций ва фосфор дармондорилари мўл бўлиб, суяклар, тишлар ва тирноқларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Юз терисининг тиниқ бўлишини ва мушакларнинг соғломлигини таъминлайди. Яна у ингичка ва йўғон ичакларни ва қон томирларини тозалашда иштирок этади. Холестеринни, яъни ортиқча хилтларни йўқотишда организмга кўмаклашади.

Дисбактериоз ва диареяни даволашда ҳам қатиқдан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, у танамизни бир қанча касалликлардан ҳимоялайди. Антибиотик билан даволаниш жараёнида қатиқ ичиш ичак микрофлорасини яхшилаб, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлайди. Ичаклардаги фойдали бактерияларни тиклашда ёрдам беради. Шунингдек, организмнинг зaрарли микроб ва бактерияларга қарши кучини оширади.

Олимларнинг аниқлашича, доимий равишда қатиқ ичиб юрувчиларнинг танасига саратон хасталиги яқин йўламас экан. Болаларда учрайдиган бир қанча инфекцион касалликларнинг олдини олишда, рахит касаллиги, камқонликни даволаш жараёнида, аллергик касалликларда, турли яллиғланиш билан кечувчи хасталикларда ва иштаҳа йўқолганда қатиқ ичиш мақсадга мувофиқ.

Болаларга тишларининг соғлом ўсиши ва суякларининг бақувват бўлиши учун сут ва қатиқ маҳсулотларини кунлик овқатланиш тартибига киритиш лозим. Бир суткада 0,5 л қатиқ ичиш боланинг соғлом ўсишига ёрдам беради. Шифокорлар ҳомиладор аёлларга ҳар куни 1 стакан қатиқ ичишни тавсия этади.

Соғлом бўлишни истаган киши бир ёки икки кунни қатиқли парҳез куни сифатида ажратиши мақсадга мувофиқ. Бунда рационда 30–40 г оқсил, сут, қатиқ, творог, 200–300 г углевод ҳамда 20–30 г ёғ бўлади. Натижада ортиқча вазн ва ёғлардан халос бўлинади, юрак-қон томирларидаги ҳаракат меъёрлашади, хавфли шишлар сўрила бошлайди.

Оғир турдаги меъда хасталиги бўлган беморлар ҳам шифокор гастроэнтеролог маслаҳати билан қатиқ истеъмол қилиши мумкин.

 Шоира БЕКЧОНОВА,

тиббиёт фанлари номзоди,

олий тоифали шифокор

Read 1269 times

Мақолалар

Top