Мақолалар

Иқтидор куртаклари

Бир куни қарасам, ўғлим ўйинчоқларини устачилик асбоблари билан очиб, сочиб, қисмларга бўлиб ўтирибди. Унинг бу ишидан тепа сочим тикка бўлиб қаттиқ уришиб бердим. Тўғри-да, ахир уларни фалон пулга олиб берганмиз. Ўғлим гапимдан ранжиб ишини тўхтатди ва ўйинчоқларини йиғиштириб телевизор кўргани ўтирди.

Дадаси ишдан қайтганларида ўғлимнинг қилган ишини ва уни қаттиқ койиб берганимни айтдим. Дадаси гапларимни эшитгач, бир нарсаларни хотирлагандек нимтабассум билан жилмайдилар. Кейин менинг бу ишим хато бўлганини, боланинг оламни ўрганишга бўлган иштиёқидан келиб чиқадиган бундай ҳаракатларини тўғри баҳолашни, унга танбеҳ бериш ўрнига бунга ўхшаган ишлари учун рағбатлантириш кераклигини тушунтирдилар.

Кейин яна бир оз ўйланиб ўтирганларидан сўнг болаликларида оналари қилган ишни айтиб бердилар: "Марҳума онам жуда ажойиб, оқила аёл эдилар. Бир куни мен ҳам шу ўғлимиз каби “илмий иш” билан банд эдим. Лекин мен устачилик асбоблари ёрдамида сочиб ташлаётган нарса ўғлимиз қилганидек ўйинчоқлар эмас, балки уйимиздаги газ билан ишлайдиган иситиш мосламаси эди. Ҳа, бу бироз хавфли иш бўлса ҳам қизиқишим ғолиб келиб унинг қандай ясалганини билмоқчи бўлиб очиб кўраётган эдим. Онажоним бу ишимни кўриб қолдилар. Ана энди тамом, яхшигина таёқ ейдиган бўлдим деб турсам, йўқ, онам бирор оғиз қаттиқ гапирмадилар, қайтанга ўзлари ёнимга ўтириб “Бу мана бундай қилинади” деб билмаганларимни билганларича ўргатдилар.

Ўша кундан кейин устачиликка қизиқишим ошиб уйдаги деярли барча қурилмаларни тузатишни ўрганиб олдим. Баъзан тузатаман деб янада ёмонроқ ҳолатга келтириб қўйсам ҳам шаштимни туширмасдан “Ҳечқиси йўқ, энди бу қурилмага нима қилиш мумкин эмаслигини билиб олдинг” деб кўнглимни кўтарардилар. Онамнинг меҳрибончиликлари менинг муҳандислик соҳасини танлашимга туртки бўлди.

Мана ҳозир, ўзинг билганигдек, муҳандислик факультети катта профессориман. Менинг қилган барча ихтироларимда, катта-катта ширкатлар мен билан ишлаш учун ўзаро рақобат қилишларида, умуман олганда, барча эришган ютуқларимда онамнинг хизматлари беқиёс. Шу пайтгача муҳандислик йўналишида қанча ихтиролар қилган бўлсам, менинг том маънодаги илҳом парийим онажоним бўлганлар”.

(Ҳамма болаларда ҳам бундай қизиқиш бўлавермайди. Камдан кам болаларда топиладиган бундай қобилиятни кўпчилик ота-оналар тўғри баҳолай олмасдан боланинг қизиқишларини, ижодкорлик қобилиятларини эрта кунда йўққа чиқаришади. Агар болангизда шундай иқтидор бўлса, унинг оловдек ёниб турган тафтини сўндириб қўйманг, унинг эндигина куртак ёза бошлаган новдаларини қирқманг. Аксинча унга қалби дарё боғбон каби меҳрибон бўлинг. Шунда вақти келиб ўзингиз унинг мевасидан баҳраманд бўласиз, иншааллоҳ. Тарж.)

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 870 times

Мақолалар

Top