Мақолалар

Умидсизликка тушманг

Ёш Уинстон Черчилл бошланғич синфнинг олтинчи қисмида имтиҳондан йиқилади. Улғайгач вазирлик сайловларида иштирок этади ва қатнашган барча сайловида мағлуб бўлади. Лекин шунга қарамай таслим бўлмайди, охири олтмиш икки ёшида Британия бош вазири этиб сайланади.

Унинг бир гапи бор экан: “Асло-асло умидсизликка тушманг. Бирор ишда муваффақият қозонмоқчи бўлсангиз, интилаётганингиз катта иш бўладими, кичик ишми, ҳеч қачон қайтадан ҳаракат қилиб кўришдан умидингизни узманг”.

Томас Эдисоннинг ўқитувчиси уни ўта галварс, унга ҳеч нарсани уқтириб бўлмайди деб ҳисобларди.

Лекин у йиллар ўтиб ихтирочига айланди. Мингта уринишдан сўнг ниҳоят электр лампочкасини ихтиро қилди. Бир журналист ундан минг марта уринишни кўп деб ҳисоблагандек бўлиб: “Қандай қилиб мингта уринишингиз муваффақиятсиз кетган бўлса-да, охири барибир лампочкани ихтиро қилишга эришдингиз?”. Эдисон унга жавоб берибди: “Мен минг марта муваффақиятсизликка учрамадим, аксинча, чироқни ихтиро қилишга етакламайдиган мингта йўлни кашф этдим!”.

Эдисон ўзи ҳақида айтар экан: “Менинг ҳимматимни тўхтатиб турадиган нарсанинг ўзи йўқ. Хато кетган уринишларга совуққонлик қилиш – олдинга юришдан ўзга нарса эмас!” Яъни, иш жараёнидаги муваффақиятсизликни оғир олмаслик олдинга қадам ташлаш демакдир.

Ёки Алберт Эйнштейнни олайлик, у тўрт ёшга етганда тили чиқа бошлаган экан. Етти ёшга етмагунча ўқишни эплай олмаган экан. Ота-онаси ҳам уни тенгдошларидан ақли заифроқ деб ўйлашган экан. Ўқитувчиларидан бири уни фикрлаши секин, хаёлот оламида узоқ-узоқларга кетиб қоладиган ўқувчи деб айтган экан. Охир оқибат уни ўқувчилар сафидан чиқаришибди. Шундан кейин Эйнштейн ўқиш ва ёзишни ўрганибди.

Инсониятнинг тушунчаларини ўзгартириб юборган нисбийлик назариясини дунёга тақдим этган олим айнан Алберт Эйнштейн бўлади!

Машҳур рус ёзувчиси Лев Толстой институтда ўқиганда имтиҳондан йиқилган экан. Ўша вақтда уни атрофидагилар илм ўрганишга қизиқиши йўқ, ўқишни эплолмайдиган талаба деб ҳисоблашган экан!

Генри Форд ҳаёти давомида беш маротаба банкрот бўлган экан. Шундан кейин заводлари муваффақият қозониб, форд компаниясига асос слоган экан!

Волт Диснейни олайлик, у машҳур “Дисней Ленд” шаҳрини қуришидан олдин олти марта банкротга учраган экан.

Кимки таъсир кучига эга бирор катта иш қилмоқчи бўлса, мақсадларига эришгунча такрор-такрор ҳаракат қилавериши керак. Дангасаликка ўтириб қолмаслиги, биринчи муваффақияциз ҳаракатдан сўнг ортига қайтиб кетмаслиги даркор!

Бир донишманд айтган экан: “Муваффақиятли кишилар қайта-қайта ҳаракат қилишни тўхтатмайдилар. Тўхтатадиганлар эса муваффақиятли бўлмайдилар”.

Роберт Годдардни олайлик, у замондошлари имконсиз деб билган коинотга учиш фикридан тўхтамади. Одамлар реактив двигател коинотда ҳаво йўқлиги сабаб ишлай олмайди деб билишарди. Лекин бугунга келиб фазовий кемаларнинг аксарияти Роберт Годдарднинг назарияси билан ишлайди ва коинотда ҳаво (кислород) йўқлигига қарамай ҳаракатланаверади.

Ҳаракат қилдингиз-у ўхшамадими, ҳечқиси йўқ!

Яна бир бор урининг. Керак бўлса яна уринишингиз ўхшамасин, нима қилибди?! Ахир юқорида келтирганларимиз муваффақиятли кишилар юз марталаб, минг марталаб уринишлари ўхшамасада ҳаракатдан тўхташмади-ку! Сиз нега тўхташингиз керак?! Модомики мақсадингиз тўғри, ниятингиз холис бўлар экан таслим бўлманг, ортга тисарилманг!

Бизнинг зўрлигимиз қоқилмасликда эмас, балки қоқилгандан сўнг яна оёққа туриб, ҳаракат қилишдадир!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

 

 

Read 920 times

Мақолалар

Top