Мақолалар

Кимдир сизни ўзгартиришини кутманг!

Метро устунларидан бири остида ўтириб қалам чархлаб, сотадиган озғиндан келган, зеҳни ноёб бир бола бор эди.

Бир куни унинг олдидан бир тадбиркор, ишбилармон одам ўтиб, чўнтагидан бир доллар чиқарди ва боланинг олдига қўйди. Кейин шошилиб метрога ўтирди.

Озгина тафаккур қилгач яна метродан чиқди ва ҳалиги бола томон юриб борди ҳамда ундан битта қалам сотиб олди. У болага узр сўраш оҳангида, сотиб олмоқчи бўлган қаламини олишни унутиб қолдирганини айтди. Сўзи давомида болага яна дедики: “Сен худди мен каби ишбилармонсан, мана олдингда сотадиган товарларинг бор, нархлари жуда ўзига лойиқ”. Шу гапларни айтгач яна метро томон йўналди.

Орадан йиллар ўтди. Ижтимоий тармоқлардан бирида бир йигит ҳалиги ишбилармонга ўзини таништириб: “Катта эҳтимол билан мени эсламасангиз керак. Мен ҳам ҳатто исмингизни ҳам билмайман, лекин тирик эканман сизни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман! Негаки сиз менга ўзимга яхши баҳо беришни, ўзимни ҳурмат қилишни ўргатган инсонсиз! Мен ўзимни оддий бир қаламтарош деб билардим, то сиз келиб, менга “Сен ишбилармон одамсан”, деб айтгунингизга қадар!”.

Кўпчилик одамлар ўзлари қилиб юрган ишлардан анча юқори ишларга қўл урадилар, сабаби бошқа бор одам келиб уларга бунга қодир эканини айтган ва ўзига бўлган ишончни тақдим этган бўлади.

Лекин сиз кимдир келиб сизни ўзгартиришини кутманг, ўзингиз ўзгаринг!

Аллоҳга бўлган ишончингизни ўзингизга йўлбошчи қилинг!

Доимо ёдда тутингки, иймон ва амал билан мўъжизалар содир бўлади!

Сиз ўзингиз келажагингизни яратасиз, Аллоҳнинг изни билан албатта!

Муваффақиятли кишилар доим муваффақиятга қодирликларига ишонадилар. Бирор мавзуда иш олиб борсангиз, ўз кучингизни қанчалик белгилашингизга қараб муваффақиятга эришасиз.

Ўзингизни салбий қарашингиз – ҳаётда муваффақияциз бўлишингизнинг сабабидир! Доимо сизни хурсанд қиладиган нарсалар ҳақида ўйланг. Сизни ваҳимага соладиган нарсалардан узоқ бўлинг!

Билингки, умуман хато қилмайдиганлар умуман ҳаётий сабоқ ҳам олмайдилар. Сиз эса хато кетган уринишингизни муваффақият учун янги ибтидо деб билинг! Зеро қулагандан кейин юқорига кўтарилишга яна ҳаракат қилиш – умидсизланиб ерда юргандан афзалдир!

Одамлар сизга қандай баҳо бераётгани муҳим эмас, сиз ўзингизга қандай баҳо бераётганингиз муҳим! Яна шуни ҳам ёдда тутингки, ўзни ёлғиз ҳис қилиш – бошқалар билан алоқанинг ёмонлашиши билан натижаланади. Қизиққон, юраги ёним турадиган одам – хато ишга “йўқ”, тўғри ишга “хўп” дейдиган одамдир. Сизда бирор муаммо бўлса-ю, сиз унинг борлигини инкор этиб туриб олсангиз, у асло ҳал бўлмайди!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1112 times

Мақолалар

Top