Мақолалар

Ғассол таҳоратли бўлиши керакми?

Cавол: Бир эътиборли киши бундай деб айтди: “Маййитларни ювадиган ғассолнинг таҳоратли бўлиши шарт эмас. Доимий таҳоратли юриш ва намоздан бошқа ўринларда ҳам таҳорат муҳим эмас. Таҳорат фақат беш маҳал намоз учун керак”. Бу гапларни кўп айтади. Бу борада тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Маййитни ювадиган ғассолнинг таҳоратли бўлиши шарт эмас. Бу гап тўғри, аммо таҳоратли ҳолатда ғассоллик қилиши мустаҳаб саналади. Яъни, маййитни ғусл қилдиришда таҳоратли бўлса, кўпроқ ажру савобга эришади.

“Муҳийтул Бурҳоний”да бундай дейилган: “Маййитни ювадиган шахс таҳоратли бўлмоғи керак. Жунуб ёки ҳайзли ҳолатда маййитни ғусл қилдириш макруҳ саналади”. Бу гаплар кўплаб фиқҳий китобларимизда, жумладан, “Фатаво Оламгирия”, “Фатаво Қозихон”, “Дурарул ҳуккам” китобларида зикр қилинган.

Яна шуни яхши билиш керакки, динимизда амалларнинг турли даражаси бор. Фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ва ҳоказо. Демак, фарздан ташқари вожиб, суннат каби даражалар ҳам бор бўлиб, мусулмон инсон фақатгина фарз ва вожиб бўлган амаллар билан чекланиб қолмайди, балки суннат ва мустаҳаб бўлган амалларга ҳам эътиборли бўлади. Айнан суннат, нафл амалларни бажариш орқали кўплаб ажру савобларга эришишдан ташқари қиёматда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ҳам мушарраф бўлади. Ҳаётига барака киради, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам Менга нафллар билан яқин бўлишда бардавом бўлади, ҳатто Мен уни яхши кўриб қоламан...”, деган.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Фақат (комил) мўмин давомли таҳоратли юра олади”, дейилган. (Ибн Можа Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Демак, доим таҳоратли юриш шариатнинг фарз даражасидаги амал бўлмасада, мўл-кўл савобга сабаб бўладиган амаллар сирасига киради.

Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 910 times

Мақолалар

Top