Мақолалар

Билим ва малака синовлари ҳаммамизни изланишга ундади

1943 йил 20 октябрда Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси таъсис этилган. Демак, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташкил этилганига 80 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу давр мобайнида диний идора халқимизнинг диний-маърифий савияси юксалиши учун улкан хайрли ишларни амалга оширди. Собиқ иттифоқ даврида бу тизимда иш юритиш осон бўлмаган, 80 дан зиёд масжидда юзга яқин имом-хатиб ишлаган. Шукрлар бўлсин, бугунги кунда 2131 та масжидда 3471 нафар имом-хатиб ва ноиблар динимизнинг соф таълимотини тарғиб этиб, халқимизнинг маърифати юксалиши йўлида хизмат қилмоқда. 

Уларнинг билим ва малакасини ошириш борасидаги ишлар ҳам йил сайин такомиллашиб боряпти.

2023 йилнинг октябрь – ноябрь ойларида республикамизнинг барча ҳудудларида имом-хатиблар, ноиблар, отинойилар билим ва малака синовидан ўтказилди. Жараёнда бевосита қатнашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Ассалому алайкум, устоз. Ўтказилган синовларда имомларнинг қайси жиҳатларига эътибор қаратилди ва ишлари қайси мезонлар асосида баҳоланди?

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идо-расига раис этиб сайлангач, тизимда кўплаб ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Биргина диний соҳа ходимларининг билим, маҳорат ва тажрибаларини ошириш, масъулиятини янада юксалтириш мақсадида Идора тизимида илк марта малака даражаларини бериш учун ўтказилган синовлар меҳроб ва минбар эгаларини яна ҳам сидқидилдан хизмат қилишга ундайди, иншоаллоҳ.

Мазкур тадбирларда соҳа ходимларининг билим ва малакаларини баҳолашда уларнинг малакаси, касбий маҳорат ва тайёргарлик даражаси ҳамда вазифасига қай даражада масъулият билан ёндашиш хислатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, нотиқлик иқтидори, қироати, илмий-ижодий, маънавий-маърифий фаолияти, чет тилларни билиш даражаси ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини қанчалик ўзлаштирганлиги тест синовлари ва суҳбатлар асосида аниқланди. Синовлардан муваффақиятли ўтган имом-хатиб ва имом ноибларига олий, биринчи ва иккинчи даражали малака тоифалари тақдим этилди. 

– Ушбу синовда имом-домлаларнинг натижалар кўрсаткичи қандай бўлди? 

– Маълумки, доимий изланиб, тажрибасини муттасил бойитиб борган мутахассис жамият равнақи учун фойда келтиради. Қувонарлиси, ушбу синовда аксарият имом-домлаларимиз ўзларининг юксак билим ва иқтидорларини намойиш этишди. Жумладан,Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Хоразм вилоятлари имом-домлалари бошқа ҳудудларга нисбатан яхши натижа кўрсатишди. Қуйи натижа кўрсатганлар ҳам бўлди. Улар, асосан, масжидларда иш ва ҳужжат юритиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва чет тилларини билиш борасида камчиликларга йўл қўйишган. Аммо буларни бартараф этса бўлади. 

– Имом-домлалар фаолиятида энг кўп кузатилган камчиликлар нималардан иборат бўлди? 

– Алоҳида таъкидлашни истардимки, имомларнинг нотиқлиги, қироати, фиқҳий билимлари ва диний саводхонлиги ҳайъат аъзоларини хурсанд қилди. Улар бу борада, ҳақиқатан, яхши мутахассис. Бироқ айрим жиҳатларда, жумладан, илмий-ижодий фаолиятда, ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда маънавий, маърифий, диний тарғиботлар олиб боришда нуқсонлар кузатилди.

Бугунги кун имомидан нафақат махсус билимлар, балки хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологияларини ҳам етарли даражада ўзлаштиришлари талаб этилади. Чунки ушбу нарсалар бугун ижтимоий, маънавий ҳаётимизга шу қадар кириб борганки, ҳаётимизни уларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси келгусида ташкил этиладиган малака ошириш курслари ва бошқа машғулотларда ана шу каби камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратади. 

– Тўғри таъкидладингиз, чиндан ҳам бугун ижтимоий тармоқдан унумли фойдаланиш, холис ва қизиқарли контентлар яратиб, кишиларга фойдали маълумотлар бериш долзарб масала. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз. 

– Ҳозирги пайтда Ўзбекистон мусулмон-лари идораси, унинг ҳудудий вакилликлари, масжидлар ҳамда диний соҳа ходимларининг жами 45 та веб-сайти, 433 та “Meta”, 140 та “Instagram”, 134 та “YouTube” саҳифаси, 655 та “Telegram” ҳамда 8 та “Twitter” канали фаолият олиб бормоқда. Уларда ҳар жиҳатдан долзарб бўлган контентлар тайёрланиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этиляпти. Обуначиларнинг умумий сони “Meta” саҳифасида 2 212 470 та, “Youtube” саҳифасида 2 478 243 та, “Instagram” са-ҳифасида 2 157 971 та, “Telegram” каналида 1 854 343 тани ташкил этиб, жами 11 430 083 тага етади. Бу кўрсаткич ўтган йили 7 412 013 тани ташкил этган. Бу эса ўтган йилга нисбатан 30 фоиз кўп дегани.

– Ҳозирги пайтда имом-домлалар ва отинойиларимизнинг аҳоли билан иш олиб боришлари қандай кечмоқда? 

– Имом-домлалар ўз ҳудудида истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг аҳил-иноқ, дўст-биродар, елкадош бўлиб яшашлари учун диний тарғибот олиб боришаётган бўлса, отинойиларимиз маҳалладаги аёл-қизлар масалалари билан жиддий шуғул-ланишмоқда. Шунингдек, кам таъминланган, боқувчиси йўқ, ногиронлиги бўлган шахсларни имом-домлалар ҳомийларни жалб қилган ҳолда қўллаб-қувватлаб келмоқдалар.  

– Олис ҳудудлардаги кам даромадли масжидлар ва уларнинг имом-домлаларини қўллаб-қувватлаш учун қандай имтиёз ва ёрдамлар кўзда тутилган?

– Ўзбекистон мусулмонлари идораси олис қишлоқ ҳудудларидаги кам даромадли масжидларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқ-да. Мазкур масжидларда хизмат қилаётган 150 нафар имом-хатиб ва 100 нафар имом ноибига қўшимча ҳақ тўланади.

Бугунги кунда имом-домлалар дин тар-ғиботчиси, шариат пешвоси бўлиш билан бирга, жамиятдаги хайрли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси экан, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларига ўз вақтида ечим топиш долзарб вазифадир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси олис ҳудудлардаги имом-домлаларнинг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг махсус сиртқи бўлими ва модуль таълим тизимида таҳсил олишлари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий филиалларида билим ва малакаларини оширишларига кўмаклашмоқда.

Муҳаммадмурод АБДУРАҲИМОВ,

суҳбатлашди.

 

 

Read 979 times

Мақолалар

Top