Мақолалар

Хижолат бўлиб қолмагин дедик…

Ўтмишда бир бой йигит бўлган экан. Бойлиги жуда катта экан. Отаси гавҳарлар, ёқутлар савдоси билан шуғулланар экан. Йигит дўстларини жуда сийлар, улар ҳам давраларида уни улуғлашар, эҳтиром қилишар экан.

Кунлар ўтиб йигитнинг отаси вафот этибди ва оила тобора камбағаллашиб кетибди. Кейин йигит ёрдам сўраш учун дўстларини излаш мақсадида роҳатда яшаган кунларини эслабди ва ўша вақтдаги энг яқин бир дўсти ёдига тушибди. У дўстини жуда яхши кўрган, бошқалардан устун кўрган ва катта миқдордаги бойликларни унга ўтказиб берган экан. Натижада дўсти мол-давлати кўп, бир нечта қасрлари бор бўлган бойга айланган экан. Шуларни эслаб, ҳолимни ислоҳ қилиб берармикин деган умидда унинг олдига борибди. Қасрининг эшигига етганда ходимлар унинг қаршисига чиқибди. Йигит уларга қаср эгасининг эски дўсти эканини айтибди. Ходимлар бориб хўжайинга бу ҳақида хабар беришибди. Шунда у парда ортидан унга назар ташлабди, қараса эски-туски кийинган камбағал бир одам турган экан, у билан кўришгиси келмабди. Ходимларига хўжайин ҳеч ким билан кўришмас эканлар, деб хабар беришни буюрибди.

Бундай қувилиш йигитга жуда оғир ботибди, ўрталаридаги дўстлик ўлиб-битганига алам ютиб бир чеккага ўтирибди. Сарфлаган пуллари вафодан узоқлаштиришдан бошқасига ярамаганига ачинибди.

Бир куни унинг уйи олдига уч киши келиб қолибди, улар бир кишини излаб юришган экан. Йигитдан: “Биз фалончини қидиряпмиз”, деб отасининг исмини айтишган экан. у: “У киши менинг отам бўладилар, бир-неча йил олдин вафот этгандилар”, дебди. Буни эшитиб ҳалиги кишилар “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ” деб юборишибди. Улар йигитнинг отасини яхши ном билан эслаб, унга: “Отанг дуру гавҳарлар савдоси билан шуғулланарди. У бизга бир нафис маржонни омонат қолдирган эди”, дейишибди ва маржонга тўла бир ҳалтани чиқариб, унга беришибди ва ортларига қайтиб кетишибди. Йигит кўзларига ишонмасди. Бу маржонларни оладиган одам қидиришга тушибди.

Озгина вақт ўтиб ёши катта бир бой аёл тасодифан унга йўлиқиб: “Шаҳрингизда гавҳарлар сотиладиган жой борми?” деб сўрабди. Йигит бу тасодифдан донг қотиб қолибди ва аёлдан унга қандай гавҳарлар кераклигини сўрабди. Аёл: “Ноёб ва қимматбаҳо тошларни қидиряпман, нархи қанча бўлса ҳам сотиб оламан”, дебди.

Кейин йигит бояги маржонларни кўрсатибди. Улар аёлни ҳайратга солибди ва бир қанчасини сотиб олиб, яна қайтиб келишга ва қолганини ҳам сотиб олишга ваъда берибди.

Шундай қилиб қаҳрамонимизнинг ишлари яна изига тушибди ва отасининг тижоратини давом эттира бошлабди.

Орадан вақтлар ўтиб дўстлик ҳаққини адо этмаган дўстини эслаб унга мактуб йўллабди. Мактубда қуйидагича ёзилган экан: “Мен вафосизларни дўст тутибман, улар шундай иккиюзламачики, бой-бадавлат вақтим мени мақтаб, кўкка кўтаришади-да, инқирозга юз тутсам, мени танимаганга олишади”.

Дўсти бу хатни ўқиб, унга жавоб ёзибди: “Сенга тасодифан дуч келган уч киши менинг одамларим эди, уларни мен юборган эдим. Маржонларни сендан сотиб олганлар эса менинг онам эди. Сен мен учун доим ўша-ўшасан, балки ундан ҳам юқорисан! Биз сени бахиллик қилиб ёки менсимаганимиздан ташлаб қўймадик, сени хижолатга қўйишдан қўрқдик, холос!”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1059 times

Мақолалар

Top