Мақолалар

Бебаҳо неъмат

Бир куни мактабимдаги синфдошларим ва устозларим билан сафарга чиқдик. Сафар асносида чиройли манзаралар бўлса, тасвирга оламан дея дадамдан қўл телефонларини сўрадим. Дадам “Эҳтиёт қил” деб менга ўзлари яқинда сотиб олган телефонларини бердилар.

Сафарда узоқ йўл юрдик. Манзилга борганимиздан кейин ҳамма тушликка йиғилди. Шунда чўнтагимни қарасам, дадамнинг телефонлари йўқ. Юрагим дукиллаб уриб кетди. Сафар ҳалтамни, сумкамни, ҳатто хаёл билан солиб қўйгандирман деб ёнимда бирга ўтириб келган дугонамнинг сумкасини ҳам қарадим. Йўқ, ҳеч қаерда йўқ! Тамом бўлдим деб ўйладим. Чунки дадам бекорга эҳтиёт қил демадилар. Ахир бу телефонни яқинда олгандилар. Олганларига ҳали бир ой ҳам бўлмаганди. Қолаверса, бундай телефонлар энди-энди чиқа бошлаган пайт, қиммат турар эди. Тополмаганимга роса йиғладим.

Ноилож дугонамнинг телефонидан онамга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирдим. Онамдан яхшигина дакки эшитдим. “Эҳтиёт қилолмасанг, олиб кетишга бало бормиди!?” дедилар. Онамга “Дадамга айтманг, ўзим пулини йиғиб, дадамга янги телефон олиб бераман” дедим, гарчи бундай қила олишимга кўзим етмаса ҳам. Кейин телефонни ўйлаб роса сиқилдим. Онам айтиб қўйсалар нима бўлади? Айтмасалар, ҳам борганимдан кейин телефон йўқлигини дадам биладилар-ку! “Телефон қани?” деб сўрасалар нима дейман?!

Шундай ўйлар билан бошим ғувиллаб ўтирсам, дугонамнинг телефонига онам телефон қилиб қолдилар.

- “Лаббай онажон” дедим қўрқиб.

- “Дадангга айтдим!”

- “Нега айтдингиз онажон, ахир айтманг дегандим-ку! Энди дадам мени роса уришадилар, ўлдирадилар” деб йиғлаб юбордим. Шунда онам бир пас жим турдилар-да, менинг бир умр эсимдан чиқмайдиган ўша гапни айтдилар:

- “Қўрқма қизим. Кимдир ўғирлаган бўлса керак дедим. Даданг “Майли, қизимга айт, сиқилмасин. Уч кунлик сафарини шу нарсани ўйлаб ўтказмасин. Мазза қилиб ўйнаб, яйраб келсин. Битта телефон экан-ку, қизим учун, керак бўлса, бутун дунёни фидо қиламан!” дедилар. Хотиржам бўл қизим!”.

Ўша онда ишонсангиз, қотиб қолгандим, кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмасдим. Ич-ичимдан шундай туйғулар жўшдики, қани ҳозир дадам ёнимда бўлсалару, бўйниларидан қаттиқ қучоқлаб олсам! Телефон қанчалик қимматбаҳо бўлмасин, дадамнинг наздиларида мендан қадрли эмаслигини билдим.

Бутун сафар давомида хурсанд бўлиб юрдим, вақтим чоғ ўтди. Мени осмонларда учиб юришимга сабаб бўлган нарса сафардаги қизиқ-қизиқ воқеалар, сўлим гўшалар ва улардан олган таассуротларим эмас, балки дадамнинг мана шу гаплари эди: “Керак бўлса қизим учун бутун дунёни фидо қиламан”.

Уйга қайтганимда отам мени табассум билан кутиб олдилар. Бағриларига босиб “Қизим, бутун дунё фидо бўлсин сенга” дедилар. Мен отамни қучоқлаган кўйи кўзимдаги ёшларни тўхтатолмасдим...

Ўша кундан кейин мен отамнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан берилган қанчалар бебаҳо неъмат эканларини англадим. Уларнинг маслаҳатларисиз, йўл-йўриқларисиз ва улардан беркитиб ҳам бирор иш қилмайдиган бўлдим. Ота ўз қизига фақат энг тўғри йўлни кўрсата олишига ўз ҳаётимда гувоҳ бўлдим.

Ўша воқеадан кейин қўл телефонимни ҳам жуда эҳтиётлайдиган бўлдим.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1077 times

Мақолалар

Top