Мақолалар

Пул беришда тўғри тарбия

Ёшлигимда отамдан кундалик харажатларим учун пул олардим. Дадам менга ўзимга етадиган миқдорда пул берардилар. Мен у пулларимни эҳтиёжимга қараб ишлатиб, ортиб қолганини йиғиб қўярдим.

Баъзида отам менга пулни керагидан бироз кўпроқ ҳам берардилар. Масалан, ҳар куни 200 сўм берсалар, айрим кунлари 250-300 сўм берардилар. Кейин менга “Ортган пулга синглингга музқаймоқ олиб берарсан” деб қўярдилар.

Баъзи кунлари “Ўғлим, агар ортиқча пулинг бўлса, ёнингдаги дўстларинг, ака-укаларинг, опа-сингилларингни ҳам унутмагин, уларга ҳам нимадир ҳадялар қилиб, хурсанд қилиб тургин” дердилар.

Отамнинг пул беришдаги шундай тарбиялари билан оила аъзоларим, дўстларим ва бошқа яқинларимни ҳам ўйлайдиган бўлиб ўсдим. Агар уйда ёки ҳамёнимда ортиқча пул пайдо бўлса, яқинларимдан қайси бири ёрдамга муҳтожлиги ҳақида ўйлаш менга мактаб давримдан одат бўлиб қолган эди.

Бугун отамнинг мени шундай тарбия қила бошлаган вақтларидан 20 йил ўтибди. Лекин пул масаласида ўша 20 йил олдин қандай бўлсам, ҳозир ҳам шундай ҳолатни бошимдан ўтказаман. Қўлимга пул тушдими, биринчи навбатда ўзимнинг ва оиламнинг эҳтиёжларига сарфлайман. Ундай кейин отамнинг насиҳатларини ёдимда сақлаган ҳолда қариндошлар, қўни-қўшнилар, дўстларимдан муҳтожларига беришга ҳаракат қиламан.

Ёшлигимда бу хайрли ишлар отам берган пуллардан бўлар эди. Бугун эса ўзим ишлаб топган пулга бўляпти. Аммо барибир ўша ёшлигимдагидек отамнинг насиҳатлари ва тўғри тарбиялари ҳосиласи ўлароқ бўляпти бу хайрли ишлар. Шу сабаб бу хайриялардан марҳум отамга ҳам насиба бориб туришидан умидворман.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 926 times

Мақолалар

Top