Мақолалар

Сўзида турганлар нажот топгай!

Бир киши чошгоҳ вақти уламолардан бирининг уйига келиб, эшикни тақиллатибди ва шошилиб сўрабди: “Мен нафл рўза тутган эдим, кейин унутиб битта бодринг еб қўйдим, энди рўзам нима бўлади?”.

Олим дебди: “Хоҳлаганингча бодринг еявер, сенга бўлаверади. Лекин бундан олдин фалончидан тортиб олган ерни эгасига қайтиб бер!”.

Доктор Мустафо Маҳмуд раҳимаҳуллоҳ айтардилар: “Мен Каъбани тавоф қилганимда ўзимга савол бераман: Мусулмонларга не бўлдики, ҳозир Аллоҳдан қўрқув билан, қалблари титраган ҳолда тавоф қиляптилар-у, бироқ кетгандан кейин ҳаммалари ҳар қаёққа тарқаб, кимдир ўзининг атрофида, кимдир ўз номи атрофида, яна кимдир шайтони атрофида айланишда давом этади… Аллоҳ таоло тавоф қилишга буюрганда шунчаки ҳаракатларни бажаришни ирода қилганмиди..? Ёхуд бундан ҳаётни бутунлай яхшилаб тўғри тарафга ўзгартирадиган диний шиорни кўзлаганмиди? Йўқ иккиси ҳам эмас! Аллоҳ бутун ҳаётимиз унинг хоҳиши атрофида айланишини, тавоф этишини ирода қилган! Агар араблар ҳозиргидек битта нуқта атрофида айланишганида, оқу қора, ҳар турли одамни худди Каъба атрофида жамлангандек бир сафда жамлаганларида эди, асло хорликка юз тутмас эдилар, ҳозир кўриб турганимиздек дунё бўйича учинчи ёки тўртинчи ўринга тушиб қолмас эдилар. Мен ўзимга ўзим жуда ҳайратланиб савол бераман: “Қандай қилиб, битта Каъба атрофида тавоф қиладиган мусулмонлар бир бирларини ўлдириши, бир бирига қарши уруш очиши мумкин? Унда биргаликда тавоф қилишларидан нима маъни? Каъба атрофида бир сафда жамланишлари қаерда қолади? Хўш шундай қилсалар тавофларига муносиб иш қилган бўладиларми?! Аллоҳу акбар деган гапларига лойиқ иш қилган бўладиларми? Йўқ, дунё улар учун барча нарсадан устун. Улар кўринишидан Каъбанинг атрофида тавоф қилаётган бўлсалар-да, аслида бошқаларни писанд қилмай, фақат ўз фикрларини маъқуллаб, ўз хоҳиш-истаклари атрофида тавоф қилмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир аъробий келиб, беш маҳал намозни ўқийман, бундан кўпайтирмайман ҳам, камайтирмайман ҳам деганида У зот алайҳиссалом: “Агар гапида турса нажот топгай” дегандилар ва жуда ҳам ҳақ сўзни айтгандилар. Арабларда бу сўз ҳали ҳануз ишлатилади, улар яхши ишлар қилишга ваъда берган одамга қарата: “Агар ҳақиқатдан гапида турса нажот топади”, дейишади".

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1109 times

Мақолалар

Top