Мақолалар

Гўзал хулқ нажот йўлидир

Ота-боболаримиз қадимдан маънавиятимизнинг асосий бўлаги бўлмиш ахлоқ масаласига катта эътибор беришган. Бу йўлда ёшларга гўзал хулқ билан безаниш, ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилиш каби эзу тушунчаларни сингдиришган. Бу саъй-ҳаракатлар эса ўз самарасини берган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал хулқ ҳақида бундай дейдилар: “Мен гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим”.

Яна бир ҳадисда У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга энг суюклингиз ва қиёмат куни менга жойи яқин бўладиганларингиз гўзал хулқлиларингиздир”, деганлар.

Аслида соғлом табиатли ҳар бир инсон одоб-ахлоқли бўлишга ҳаракат қилади. Чиройли хулқли инсонларни ҳурмат қилади. Чин мўмин гўзал хулқларни яхши деб, ёмон ахлоқларни қоралайдиган инсон эмас, балки гўзал хулқлар билан безаниб-зийнатланиб, ёмон хулқлардан узоқ бўлган кишидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бири Уқба ибн Омирга бундай деганлар: “Эй Уқба, сенга дунё ва охиратнинг энг афзал хулқи нималигини айтайми? Сендан алоқани узганлар билан алоқа ўрнатасан, сенга зулм қилганларни кечирасан, сени маҳрум қилганга яхшиликлардан берасан”.

Ҳадисга эътибор назари билан қарасак, “фалон, фалон хислатларни билиб қўй” дейилмаган, балки ўша ишларни қилишга, яъни амалга ундалган. Чунки амал – инсонни, жамиятни қутқарадиган асосий омил.

Бугун мусулмонлар орасида гўзал ахлоқни четга суриб қўйиб, қариндошлик ришталарини узаётганлар, ота-онадан воз кечаётганлар, ўзгаларга зулм, озора бераётганлар кам эмас.

Алоқани узган киши билан алоқа ўрнатишга уринган, зулм қилганларни кечирган, маҳрум қилганларга яхшиликдан берган инсонлар жамиятини бир тасаввур қилинг-а! Уларда ҳаё илдиз отган, уларда сабр қарор топган, уларда шижоат ўз ўрнида, уларда мулойимлик одатга айланган шундай бир жамиятки, бундай жамиятга келишмовчиликлар ўз-ўзидан бартараф бўлиб кетади. Бундай халқ фаровон яшайди, бундай миллат юксалади, бундай Ватан гуллаб яшнайди.

Демак, гўзал хулқли бўлиш барча муаммоларимизнинг ечими экан.

Гўзал хулқни, аввало, ўзимиздан бошлашимиз, сўнгра яқинларимиз, атрофимиздагиларга сингдиришимиз, фарзандларимизни одоб-ахлоқ асосида тарбия қилмоғимиз лозим.

Агар шундай қила олсак, бизнинг орамиздан ўғри ҳам, гиёҳванд ҳам, зинокор-у ҳар хил бедаво касалликларга мубтало бўлганлар ҳам, қолаверса, мусулмонликни даъво қилиб юрган фирибгарлар ҳам чиқмайди. Ёшларимиз ўзимиздан тарбия олишади. Илк ва соф исломий тарбияни биздан ўрганиб, ҳар хил экстремистлар таъсирига тушиб қолмайди. Натижада Ватанни ҳам, миллатни ҳам ҳар хил хатарлардан асраган бўламиз.

УЛУҒБЕК ЖИЯНОВ,

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

 

Read 888 times

Мақолалар

Top