Мақолалар

“Сен берсанг, Аллоҳ сенга етказади”

Мактабни битирай деб қолган пайтларим онам менга сингилларим ҳақида кўп насиҳат қилардилар. Уларга меҳрибон бўлишимни, улардан ҳеч нимамни қизғонмаслигимни, отамиз йўқлиги учун уларга ота ўрнида ота бўлишимни айтардилар. Онам “Сен сингилларингга берсанг, Аллоҳ сенга ўйламаган тарафингдан янада кўп қилиб етказади” деган гапларини кўп такрорлардилар. Мен онамнинг бу насиҳатларига ўша пайтлардаёқ амал қилишга ҳаракат қилардим.

Бир куни сингилларим билан амакимнинг уйига меҳмонга бордик. Дастурхонга узум қўйилди. Мен узумдан бир шингил татиб кўрдим. Узум ҳақиқатдан ҳам ширин эдими ёки анчадан бери узумни соғинганим учунми, билмадим, лекин ўша пайт узум роса ширин туюлди. Оиламиз анчадан бери ночорликда, ғарибона ҳаёт кечиргани учун узум ейишни соғинган эканман. Кетидан яна бир-икки шингилни эргаштирдим. Дастурхонда бошқа катта ёшли меҳмонлар ҳам бор эди. Сингилларим роса уятчан бўлганлари сабаб узумга қўл узатишолмади. Мен енглар деб қанча имласам ҳам узумдан олишга ботина олишмади. Лекин роса егилари келаётгани шундоқ юз-кўзларидан билиниб турарди....

Уйга қайтарканмиз йўлда онамнинг насиҳатлари ёдимга тушди. “Сен сингилларингга берсанг, Аллоҳ сенга ўйламаган тарафингдан янада кўп қилиб етказади” деган гапларини эсладим. Чўнтагимни қарасам, озгина пулим бор экан. Бу пулга ўзим кеча кўрган янги китобни сотиб олмоқчи эдим. Китобни синфдошларимдан олиб ўқирман дедимда ўша пулимнинг ҳаммасига йўл устидаги бозорга кириб сингилларим билан икки бош узум сотиб олдик.

Уйга келгач, ўз қўлим билан узумни ювиб, катта товоққа солиб, сингилларимнинг олдига қўйдим. Ўзим емай уларни кузатиб ўтирдим. Сингилларим узумни шундай иштаҳа билан ейишардики, уларни кузата туриб узум гўё уларнинг эмас, менинг томоғимдан ўтаётгандек бўларди. Мен ана шунда ўзимни ҳақиқий акадек ҳис қилдим. Ўша куни уларнинг узумни мазза қилиб ейишларини кўриб, ич-ичимдан таърифлаб бўлмас роҳатни ҳис қилганман.

Онам ҳақ эканлар. Ўша кундан кейин, ўқишларимда, ишларимда фақат олдинга силжишни кўрдим. Аллоҳ менга сингилларимга берганимдан бир неча баробар қилиб мол-дунё берди. Сингилларимни ҳам Алллоҳнинг ёрдами ила бирма-бир эгаларига топширдик.

Онамнинг иршодлари сабаб сингилларим билан оқибатимиз гўзал бўлди. Ҳозиргача қариндошлар йиғиладиган бўлсак, сингилларим ўша узум воқеасини эслашади. Ўшанда еган узумлари таъми ҳали ҳам оғзиларидан кетмаганини айтишади. Бизнинг шу қадар оқибатли бўлишимизга сабабчи бўлган онамни Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 844 times

Мақолалар

Top