Мақолалар

Одамларга яхши гаплар айтинг!

Одамларга хитоб қилаётганингизда энг чиройли сўзлардан фойдаланиб, чиройли тарзда гапиринг. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Одамларга яхши гаплар айтингиз” (Бақара сураси, 83-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яримта хурма билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг. Агар кимки буни тополмаса, ширин сўз билан!”.

Гапингиз орасида тўхтаб-тўхтаб, шошмасдан гапиринг, токи эшитаётган одам мақсадингизни тушунсин, унинг мағзини чақсин!

Оиша розияллоҳу анҳодан бундай деганлари ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди сизлардек гапирардилар, лекин гап орасида тўхталиш (пауза) қилиб гапирардилар ва шу орқали ўтирганлар у зотнинг гапларини ёдлаб қолишарди”.

Оиша онамиз яна шундай деган эканлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай оҳиста гапирар эдиларки, гапларини санашга ҳам имкон бўларди”.

Сизни тинглаётган одамнинг фаҳмига лойиқ тарзда хитоб қилинг. У тушунадиган сўзларни ишлатиб гапиринг. Йўқса ёмон гумонга бориб қолади, яъни агар сиз унинг илмий савиясидан юқорироқ савияда гапириб қўйсангиз, у буни истеҳзо қилиш, пастга уриш деб ўйлаб қолади.

Камгап бўлишга ҳаракат қилинг. Иложи бўлса, саволга жавоб бериш, насиҳат қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ёхуд Аллоҳга чақиришдан ташқари ҳолатларда гапирманг. Зотан Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтдики: “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берурмиз” (Нисо сураси, 114-оят).

Кўп гапириб, Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолмангиз! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳнинг зикри бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллоҳни ёд этмаган ҳолда кўп гапириш қалбни қорайтиради. Аллоҳдан энг узоқ банда қалби қотган (қорайган) бандадир”.

Сергапликдан, бекорчи ва мақсадсиз гаплардан четланинг! Зеро Роббимиз таоло Мўминун сурасининг 1-3-оятларида айтади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир”.

Гапиришдан олдин гапингизни, унинг оқибатини ўйлаб олиб, кейин гапиринг. Мақсадингизни яхши қамраб олмасдан, аниқлик киритиб олмасдан туриб гапирманг!

Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар” (Қоф сураси, 18-оят).

Гапираётган одамингизнинг юзига қараб гапирингки, унга бўлган эътиборингизни ҳис қилсин! Телефонингизни титиб ёки ўнгга-чапга қараб гапирсангиз, бу унинг парвосини ҳам камайтиради.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 988 times

Мақолалар

Top