Мақолалар

Бир оят тафсири ва шубҳани кетказиш

“Улар Раббилари томонидан ҳидоятдадирлар ва улар фалоҳ (нажот) топувчилардир”. Бу оятда икки нарса - ҳидоят ҳамда фалоҳ мукофот сифатида зикр этилган. Чунки, бундан олдин ғайбга ҳамда пайғамбарларга иймон келтириш сифатлари келтирилган. Мана шу иймонга мукофот ўлароқ бу оятда ҳидоят билан фалоҳ ваъда қилинмоқда. Фалоҳни амалга мукофот бўлишини тушунса бўлади, чунки фалоҳнинг маъноси мурод ва мақсадга етмоқдир. Лекин ҳидоят деб йўлни кўрсатишга айтилади. Бир нарсанинг йўлини кўриб олиш бир мақсад ҳам эмас, шу билан бирга у бирор амалга мукофот бўлиши ҳам мумкин эмас.

Ҳазрат мана шу шубҳани дафъ қилиш учун айтдиларки, менинг ўзим билан содир бўлган бир воқеа мана шубҳага жуда яхши жавоб бўлади. Воқеа шундай бўлдики, бир одам Меюратга кетаётган поездга минмоқчи экан, адашиб Руркийга, яъни қарама-қарши тарафга кетаётган поездга миниб олибди. Поезд юрганидан кейин хато қилганини билди. Мен ҳам ўша поездда Руркийга кетаётган эдим. У одамнинг ниҳоятда қаттиқ изтиробга тушганини кўрдим. Мен эса ўз жойимда хотиржам ўтирибман. Унга тасалли бераман десам, менга илтифот ҳам қилмади. Поезд тезлагани  сайин унинг паришонлиги янада ортиб бораверди. Ўша вақтда билдимки, манзил ва мақсад томон тўғри йўлда кетаётганини аниқ билишнинг ўзи ҳам инсон учун бир катта неъмат ва роҳат экан. Шунинг учун буни амалга мукофот қилиб белгиланса бўлаверади. Бу оят мўминларни "Сизлар саҳиҳ ва тўғри йўлдан бормоқдасизлар, ҳеч ташвиш қилманглар", дея хотиржам қилмоқда. Бундан ортиқ яна қандай неъмат бўлиши мумкин?

Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳ

Read 761 times

Мақолалар

Top