Мақолалар

Аллоҳ сизларга енгилликни истайди

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «“Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб, тутмаганингиздан) яхшироқдир” ояти нозил бўлганида, ким хоҳласа рўза тутарди, хоҳламаса, рўза тутмасдан фидя берарди. “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин” ояти ҳукмни бекор (насх) қилди» (Имом Бухорий ривояти).

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир…»

Рамазон қамарий йилнинг тўққизинчи ойидир. Рамазон сўзининг маъноси ҳақида турли фикрлар билдирилган. Жумладан, Халилдан бундай нақл қилинади: «Рамазон “рамзо” сўзидан олинган бўлиб, куздан олдин ёғадиган ёмғир маъносини англатади. Ёмғир ер юзининг ғуборини ювганидек, Рамазон рўзаси бандалар гуноҳларини ювиб, қалбларини поклайди».

Рўза биздан олдинги умматларга ҳам фарз бўлган ибодатдир. Аллоҳ таоло Рамазон ойини рўзасини фарз қилиш ва у ойда Қуръони каримни нозил қилиш билан шарафлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен қиёмни (таровеҳ намозини) суннат қилдим. Рамазон рўзасини тутиб, қоим бўлган (таровеҳ намозини адо қилган) одам онадан туғилган кундаги каби гуноҳдан фориғ бўлади”, дедилар.

«…ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон…», яъни Қуръони карим одамларни тўғри йўлга бошлайди. У ҳаққа бошловчи ва ҳақни ботилдан ажратувчи очиқ-ойдин далил ва ҳужжатдир.

Уламолар Қуръони каримнинг “Фурқон” (ажрим этувчи) деб номланиши ҳақида турли фикрлар билдирганлар. Айрим олимлар: «У бир неча йиллар мобайнида бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлгани учун “Фурқон” деб номланган», дейишган. Бошқа муфассирлар: «Инсониятга жаннат ва дўзах, савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, ҳақ ва ботил ўртасидаги фарқни ажратиб бергани учун “Фурқон” деб номланди», деганлар.

«…Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин…» Ким Рамазон ойи кирганда ўз яшаш жойида саломат бўлса, унга рўза тутиш фарздир.

«…Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир». Беморлар ва мусофирларга рўза тутиш машаққат, қийин бўлса ё сафарда бўлса, саломат бўлганларида ва сафардан ўз яшаш жойига қайтганларида қазосини тутиб беришлари шарти билан касал ё сафарда бўлган кунлари рўзасини тутмаслиги мумкин.

Ким рўза тутса саломатлигига зарар етса ё касаллиги зиёда бўлса, ёки соғайиши кечикса, Рамазон ойида рўза тутмай, тузалганидан сўнг рўза тутиб бериши жоиз.

Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳима: “Бемор ва мусофирни қуввати етса рўза тутиши, кучи етмаса тутмаслиги афзал”, деб таъкидлаганлар.

«…Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди…» Фуқаҳолар оятнинг бу қисмидан “Машаққат енгилликни жалб қилади” деган усул қоидасини оладилар. Аллоҳ таоло инсонларга қийинчиликни эмас, уларга енгиллик ва манфаатни хоҳлайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу оят тафсирида: “Енгиллик” рўза тутмаслик, “оғирлик” сафарда рўза тутишдир, дейди.

«…Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қи­лишингиз учундир».

Имом Абу Жаъфар бу оятни: “Касал ё мусофир бўлиб, рўза тутмаган кунларингизнинг қазосини тутиб, рўза кунлари ҳисобини тўлдиришингиз, сизларни тўғри йўлга бошлагани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, улуғлашингиз ва шукр қилишингиз учундир”, деб тафсир қилган.

 

Read 754 times

Мақолалар

Top