Мақолалар

Совун нопокми?

Cавол: Пок сувда, пок кийимни янги совун билан ювса, кийим нопок бўлиб қолмайдими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Янги совун нопок ҳисобланмайди. Ҳатто ишлаб чиқариш жараёнида нопок моддалар қўшилган тақдирда ҳам кимёвий ўзгариш жараёнидаги ўзгаришлар туфайли улар бошқа нарсага, яъни совунга айланиб қолади ва у шариат қоидасига кўра ҳалол ҳисобланаверади.

Динимизда барча нарсалар, агар уларнинг нопоклиги аниқ бўлмаса, пок ҳисобланади. Масалан, янги кийим сотиб олинган кийим нопок деган гумон билан ювилмайди. Қачон унда нажосат борлиги аниқ бўлсагина, ювилади. Фиқҳий манбаларимизда бу ҳақида мана бундай келган:

“...нарсалардаги асл ҳолат бу уларнинг поклиги бўлиб, нажосат бўлиши оризий(кейин пайдо) бўладиган нарсадир. Шунга кўра нарсаларнинг, то нопоклиги маълум бўлмагунича асл ҳолатига (яъни пок эканига) ҳукм қилинаверади” (“Муҳити Бурҳоний” китоби).

“Нажосат бўлган ёғ совунга айлантириш билан пок бўлади. Умумий балво (омма мубтало бўладиганлиги) туфайли шунга фатво берилган” (“Раддул муҳтор” китоби).

Шунга кўра сиз айтган ҳолатларда кийим ёки сув нопок бўлиб қолмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1085 times
Tagged under

Мақолалар

Top