Мақолалар

Заиф ҳадисга амал қилинмайдими?

Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу: “Модомики одамлар орасида ҳадис талабида юрганлар бор экан, улар яхшиликда бардавом бўладилар. Агар улар илмни ҳадиссиз талаб қилгудек бўлсалар, барбод бўладилар”, “Аллоҳнинг динида ўз раъйингиз билан асло бир сўз айта кўрманг. Суннатга эргашинг, чунки ким суннатдан четга чиқса, адашади”, деганлар.

Имом Шофеий: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ривоят қилатуриб, ундан бошқа гапни айтадиган бўлсам, мени қайси ер кўтаради”, деганлар.

Имом Молик: “Суннат Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Ким унга миниб олса, нажот топади, ким унга минмаса, чўкиб кетади”, деганлар

Имом Аҳмад: “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирон ҳадисларини рад қилса, ўзини ҳалокат ёқасига ташлабди”, деганлар.

Имом Нававий ўзларининг “Ал-Азкор” китобида “Муҳаддис, фақиҳ ва улардан бошқа уламолар: “Фазоилул аъмол, тарғиб ва тарҳиб масаласида заиф ҳадисга агар у мавзуъ бўлмаса амал қилиш жоиз ва мустаҳабдир. Аммо ҳалол ва ҳаром, бай, никоҳ, талоқ ва шу каби ишларда заиф ҳадисга амал қилинмайди” дейишган”.

Заиф ҳадисларнинг нима эканини тўғри тушуниб олишимиз учун, аввало, саҳиҳ ҳадиснинг илмий таърифини билишимиз лозим бўлади.

Саҳиҳ ҳадис адолат ва забт шартларига эга бўлган ровийларнинг узлуксиз санад билан, шозз ва иллатдан узоқ ривоят қилган ҳадисларидир.

Заиф ҳадис саҳиҳ ёки ҳасан ҳадиснинг шартларидан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаган ҳадисдир.

Жумҳур уламолар саҳиҳ ҳадиснинг шарти бешта эканига иттифоқ қилишган.

  1. Санаднинг муттасиллиги.
  2. Ровийнинг адолати собит бўлиши.
  3. Ровий забтининг собит бўлиши.
  4. Санад ва матннинг шоззликдан ҳоли бўлиши.
  5. Санад ва матннинг путур етказувчи иллатдан холи бўлиши.

Булардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаса, ҳадис заиф ҳисобланади. Заиф деб ҳукм қилинишига кўпроқ ровийнинг шахсияти, ҳадис санадидаги нуқсони сабаб бўлади.

Ҳадиснинг заиф ёки заиф эмаслигини аниқ билиш зарур. Бунинг учун ровийнинг сиқалиги (ишонарлилиги) борасида муҳаддислар орасидаги ихтилофларни билиш лозим. Чунки ровий ва ҳадис ҳақида берилаётган ҳукмлар олимларнинг шахсий ижтиҳодига боғлиқ. Кимдирнинг эътиборида заиф бўлган ровий, бошқа бир олимга кўра сиқа бўлади. Бир олим заиф ҳисоблаган ҳадис бошқа олимга кўра саҳиҳ ёки ҳасан бўлиши мумкин.
Заиф ҳадисга амал қилиш борасида олимлар орасида ҳар даврда турлича фикрлар баён қилинган. Ушбу фикрларни уч гуруҳга умумлаштириш мумкин:

  1. Ҳеч қандай масалада заиф ҳадисга амал қилиш мумкин эмас, хоҳ ҳалол-ҳаромга, хоҳ амалларнинг фазилатига оид мавзуларда бўлсин, заиф ҳадисга амал қилинмайди.

Бу фикрни Яҳё ибн Маъин, Абу Шома Абдураҳмон ибн Исмоил, Абу Бакр ибн ал-Арабий, Ибн Ҳазм каби олимлар айтишган.

  1. Аҳком масалаларида эмас, балки амалларнинг фазилатига оид масалаларда заиф ҳадисларга амал қилиш жоиздир.

Бу фикрга ижмо (олимларнинг иттифоқи) қилинган. Ибн Салоҳ тарғиб ва тарҳиб (ёмонликлардан қайтариш) мавзуларида заиф ҳадис ривоят қилишни жоиз дейди. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ амалларнинг фазилатига оид масалаларда амал қилинадиган заиф ҳадисга учта шарт қўяди:

1) Ҳадис жуда ҳам заиф бўлмаслиги;

2) Ислом дини тамойилларидан бирига уйғун бўлиши;

3) Амал қилинаётган заиф ҳадиснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид эканлиги хусусида эҳтиёт бўлиш ва ҳадиснинг субутига қатъий ишонмаслик шарт, чунки заиф ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид бўлмаслиги ҳам мумкин.

Замонамизнинг кўзга кўринган уламоларидан Юсуф Қарзовий юқоридаги уч шартни етарли ҳисобламай, уларга яна икки шартни илова қилади:

1) Ақл, дин ва тил жиҳатидан қабул қилиб бўлмайдиган муболағалардан ҳамда қўрқитишлардан холи бўлиши.

2) Ўзидан кучлироқ бошқа бир шаръий далилга зид келмаслиги лозим.

III. Баъзи шартлар билан аҳком масалаларида ҳам заиф ҳадислардан фойдаланиш мумкин, деган фикр ҳам бор.

Аҳком масалаларида заиф ҳадисларга амал қилиш хусусида олимлар қуйидаги мулоҳазаларни билдиришган:

1) Бунинг учун у заиф ҳадислар бошқа заиф ҳадислар билан ёки баъзи далиллар билан дастакланиши лозим.

2) Иснодлари заиф бўлса ҳам, инсонлар мазмуни ила амал қилаётган ҳадислардан аҳком масалаларида фойдаланиш мумкин.

3) Муҳаддислар эҳтиёткорлик билан олган ҳадисларга кўпроқ мос бўлган заиф ҳадис ила аҳкомда фойдаланиш мумкин.

4) Қайси бир мавзуда заиф ҳадисдан бошқа далил топилмаса, олимларнинг шахсий фикрларидан афзал кўрилган ҳолда ундай ҳадис билан амал қилинади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абу Довуд ас-Сижистоний “Аҳком масалаларида бошқа ҳадис топилмаган пайтда заиф ҳадисдан фойдаланиш мумкин”, дейишган.

Имом Абу Довуд билан Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг юқоридаги фикрлари олимлар орасида турлича шарҳланган. Масалан, уларнинг даврларида заиф ҳисобланган ҳадисларнинг кўпи кейинги даврларда ҳасан ҳадис деб қабул қилинган ёки улар заиф ҳадисни қиёсдан афзал кўрганларидан шундай фикр айтган бўлишлари мумкин, дейилган.

Мазкур ҳадисларнинг заифлик даражаси ҳам бир хил эмас.

  1. Заифлиги бартараф қилинган ҳадислар ҳам бор. Бир жиҳатдан ҳасан ҳадисга, бошқа бир жиҳатдан заиф ҳадисга ўхшайди, лекин ҳасан ҳадисга яқинроқдир.
  2. Заифлик даражаси ўртача бўлган ҳадис. Бу ҳадис ровийи ҳақида «заифул-ҳадис», «мардудул-ҳадис» ёки «мункарул-ҳадис» дейилган ривоятлар.
  3. Санадида муттаҳам (ёлғончиликда айбланган) ёки матрук (ҳадис олиш тарк этилган) ровий мавжуд бўлган ривоятлар ҳам жуда заиф ҳадис, деб эътироф қилинган. Шунинг учун ҳам заиф ҳадис билан амал қилинаётган пайтда ҳадиснинг заифлик даражаси ҳамда амал қилинадиган мавзу диққат эътиборда туриши керак.

Заиф ҳадислар ривоят қилинаётганда ҳадиснинг заифлиги мутлақо айтилиши зарур. Бундай ҳадислар қатъийлик ифода этувчи жумлалар билан эмас, балки мажҳул жумлалар билан ривоят қилиниши муҳаддислар орасида қабул қилинган услубдир.

Заиф ҳадисга амал қилишнинг яна бошқа ҳолати ҳам бор. Бир ҳадис келиб, лафзи икки хил маънога далолат қилса ва бу маъноларнинг бирини танлаш имкони бўлмаса, ана шундай ҳолатда икки маънодан бирини қувватлайдиган ҳадис келса, гарчи у заиф бўлса ҳам, унга амал қилинади. Бу фикрни аввал ва кейин ўтган имомларнинг кўпчилиги таъкидлаганлар.

Юқорида кўриб чиққанимиздек, салаф имомларимизнинг наздида заиф ҳадиснинг ҳам қиймати ва эътибори бор. Бугунги кунда эса айримлар бунга хилоф қилиб, уни мутлақо четга суриб, тўқима ҳадисларга қўшиб қўймоқда ва иккавини бир силсилада келтирмоқдалар.

Хулоса

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳозирги кунда энг мўътадил ва маъқул кўрилган фикр шуки, заиф ҳадислар ҳеч бир ишга ярамайди, деган қаноат ниҳоятда хатодир. Бундай хато қарашга кўпинча заиф ҳадисларнинг уйдирма ҳадислар билан аралаштирилиб юборилиши, заиф ҳадисларнинг ўзига хос мартабалари борлигини назарда тутмаслик ва заиф ҳадис тўғрисида етарлича билим ва кўникмага эга бўлмаслик сабаб бўлмоқда. Заифлиги қатъий бўлмаган, баъзи исбот ва далиллар билан дастакланган заиф ҳадислар эътиқод ва ҳалол-ҳаромларни ажратувчи масалаларни истисно қилганда, бошқа барча соҳаларда ҳужжат бўлади. Фазилатлар борасидаги заиф ҳадисга ҳамма ҳам амал қилаверади, аммо фиқҳий мавзулардаги заиф ҳадисга фақатгина олим ва фуқаҳолар кўрсатмасига мувофиқ амал қилиш мумкин. Чунки аҳком ҳадисларидан ҳукм чиқариш учун маълум даражада илмий савия талаб қилинади. Заиф ҳадисларни буткул қабул қилиш ёки буткул рад этиш ўрнига, уларнинг хусусиятларига ва қўлланилаётган мавзуига қараб алоҳида-алоҳида баҳо бериш энг маъқул йўлдир. Ҳақиқатдан ҳам олимларнинг аксарияти ўтмишда мазкур услубни татбиқ қилиб кетишган.

Ҳар бир ҳадиснинг ҳукми ва амал йўналиши фарқли бўлгани учун уларнинг ҳар бири ўзининг ҳақли ўрнига қўйилиши, саҳиҳга саҳиҳ, заифга заиф ва уйдирмага уйдирма дейилиши, бир-бирларига мутлақо аралаштириб юборилмаслиги борасида етарли талабчанлик кўрсатилиши лозим.

Заиф ва уйдирма ҳадисларни ажратмасдан саҳиҳ ҳадис каби айтиб юриш диний нуқтаи назардан ҳаромлигини ва ман этилганини унутмаслик лозим.

Фарҳод ҲОМИДОВ,

ТИИ “Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси.

 

 

Read 843 times

Мақолалар

Top