Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺни севиш иймондандир

Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, сизлардан бирор киши, мен унга отаси, боласи ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча, у мўмин бўла олмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

“Бу ҳадисда қандай муҳаббат назарда тутилган, табиий ёки ихтиёрий?” деган савол туғилса, жавоби бундай: «Табиий муҳаббат кишининг ихтиёрида бўлмайди. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ойша онамизни бошқалардан кўпроқ яхши кўрганлар. Оналаримиз хусусида: “Ё Аллоҳ, бу менинг қодир бўлганим нарсадаги тақсимотим. Сен Ўзинг эгалик қилган ва мен эгалик қилолмайдиган нарсада мени маломат қил­ма”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳадисда ихтиёрий муҳаббат ирода қилинган. Ихтиёрий муҳаббатни инсон касб қила олади. Яъни, инсон тафаккур ва тадаббур қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг барчадан кўра муҳаббат ва таъзимга лойиқ эканларини билади».

Абдуллоҳ ибн Ҳишом розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳунинг қўлидан тутиб турганларида, у киши: “Ё Расулуллоҳ, сизни барча нарсадан яхши кўраман. Фақат ўзимдан кўра яхши кўролмаяпман”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Йўқ, жоним измида бўлган Зот ҳаққи, ўзингдан ҳам яхшироқ кўрмагунингча мўмин бўлолмайсан”, дедилар. Умар розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасам, энди сизни ўзимдан ҳам яхшироқ кўрдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ана энди бўлди, эй Умар”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисни бундай шарҳлайди: «Ҳадисда ихтиёрий муҳаббат назарда тутилган. Чунки табиий муҳаббат инсоннинг ўзига боғлиқ эмас. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳунинг: Фақат ўзимдан кўра яхши кўролмаяпман деганидан ихтиёрий муҳаббат эмас, балки табиий муҳаббат англашилмоқда.

Шунда Набий алайҳиссалом сўзларидаги муҳаббатдан эса табиий муҳаббат эмас, балки ихтиёрий муҳаббат ирода қилингани тушунилади. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломга: “Аллоҳга қасам, энди ўзимдан ҳам яхшироқ кўрдим” дер экан, динда лозим бўлган муҳаббатдан мурод ихтиёрий муҳаббат эканини билиб, уни изҳор этди ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ана энди бўлди, эй Умар”, дедилар. Яъни: “Тўғри, сен энди тушундинг. Ихтиёрий муҳаббат бўлиши лозим”, дедилар».

Моҳигул АНВАРОВА,

Манбалар асосида Имом Бухорий номидаги

Тошкент Ислом институти талабаси тайёрлади.

Read 804 times

Мақолалар

Top