Мақолалар

Ҳажарул асвадни ўпиш учун бошқаларга азият бериш

Cавол: Умра ёки ҳажда Ҳажарул асвадни ўпиш учун тиқилинч пайдо қилиш ва бир-бирига озор беришнинг ҳукми қандай бўлади? Шу ерга тиқилишдан кўра бошқа ибодатларни қилиш афзал эмасми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Минг афсуски, сиз айтган дилхираликлар учраб турибди. Зиёратчилар, эркакми, аёлми, қандай қилиб бўлса ҳам Ҳажарул асвадни ушлаш, ўпиш илинжида ўша томонга интилиб бир-бирига азият бериб қўймоқдалар.

Уламолар бир овоздан Ҳажарул асвадни ўпишда ҳеч кимга озор бермасликни шарт қилганлар. Чунки мўмин кишига озор етказиш гуноҳ амалдир. Суннат амал бўлган Ҳажарул асвадни ўпаман деб гуноҳга йўл қўйилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга шундай тавсия қилганлар: “Эй, Умар, сиз кучли одамсиз, Ҳажарга етишиш учун тиқилинч қилманг, кучсизларга озор бериб қўясиз. Агар бўш жой топсангиз, уни ўпинг. Йўқса, унга юзланиб, таҳлил ва такбир айтинг” (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, ўзгаларга озор бермай Ҳажарул асвадни ўпишнинг иложи бўлса, шундай қилади. Акс ҳолда Ҳажарул асвадга узоқдан қўл кўтариб ишора қилади.

Ўз ўрнида тиқилинчга кирмасдан нафл тавоф, нафл намоз, Қуръон тиловат қилиш, зикр ва Каъбага қараб ўтириш каби ибодатлар билан машғул бўлса, катта савобга эга бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 848 times
Tagged under

Мақолалар

Top