Мақолалар

Душман қалбингизни улфат қилмадими?

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Эй мўминлар, Аллоҳ таоло сизга ошнолик ва бирдамликни инъом этганини эсланг. Зеро, Исломни қабул қилишингиздан олдин бир-бирингизга душман эдингиз. Аллоҳ таоло Ислом орқали қалбингизни бирлаштириб, ўзаро биродар қилди. Шундай экан, биродарингизга нисбатан қалбингизда асло гина, кин-адоват ва нафрат сақламанг!

Имом Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ қалбингизни Ислом сабабли бирлаштирди ва шу боис ўзаро биродар бўлиб, раҳм-шафқатли ҳамда бир-бирингизга ёрдам бердингиз” (“Тафсири Саъдий”).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган Зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли Зотдир(Анфол сураси, 63-оят).

Ҳунайн ғазотидаги ғалабадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маккаликларга уларнинг қалбларини Исломга янада ошно қилиш мақсадида ўлжаларни орттириб бердилар. Бунга баъзи ансорийлар норози бўлиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшга беряптилар, бизни эса тарк қиляптилар”, дейишди.

Бу гап Набий алайҳиссаломга етди. Шунда ансорларни тўплаб: “Эй ансорлар жамоаси, залолатда эдингиз, Аллоҳ таоло сизни мен сабабли ҳидояга бошламадими? Тарқоқ эдингиз, Аллоҳ сизни мен сабабли оға-ини қилмадими? Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бадавлат қилмадими?”.

Ансорлар у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир саволларига: “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир”, деб жавоб беришарди.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1051 times
Tagged under

Мақолалар

Top