Мақолалар

Ўқиш-изланишга, илм-фанга иштиёқимиз кам
 

Мусулмон киши Ислом учун қайғур­масдан, илмий, иқтисодий жиҳатдан ғофил бўлиб, умрини Каъба атрофида ибодат билан ўтказса ҳам, Аллоҳ наздида унинг учун ҳеч қандай фойда бўлмайди. Зеро, фабрика қуришнинг савоби масжид қуришникига тенгдир. Энг яхши мусулмон дунё­сини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк этмаган кишидир”.

Шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг бу сўз­лари бугунги кунимиз учун ҳам ниҳоятда му­ҳимдир. Чунки бозору дўконлардаги маҳ­­сулотларга назар солсак, аксарияти хорижники. Кийим-кечагу эҳтиёжимиз учун зарур бўлган маҳсулот ишлаб чиқарадиган йирик фабрика-корхоналаримиз кам. Бори ҳам аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қоплай олмайди. Шу боисдан еганимиз ҳам, кийганимиз ҳам, техникалардан тортиб сериалу киноларгача чет элники. Буларнинг оқибатлари ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз.

Агар бир маҳаллада йирик фабрика ёки бирор ишлаб чиқариш корхонаси бўл­са, қан­чалаб одамларнинг қора қозони қай­найди, рўзғорига барака киради. Фабрика қуришнинг савоби масжид барпо этишга тенглиги ҳам шундан. Бу ишнинг моҳияти Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин” деган ҳик­матига мос келади.

Бугун энг сифатли маҳсулот, албатта, Ғарб мамлакатларига тегишли. Энг машҳур ва сердаромад “Apple”, “Google”, “Amazon”, “Microsoft”, “SpaceX”, “Tesla” компаниялари ҳам Ғарбда фаолият юритади. Бу ком­панияларнинг даромадлари кўпгина дав­латларникидан анча баланд. Улар илмда ўзиб кетди.

Сўнгги йилларда Хитой, Ҳиндистон ва Сингапур ривожланган мамлакатлар билан ҳар томонлама рақобатлаша бошлади. Нега биз орқада қоляпмиз? Чунки биз улар каби кўп китоб ўқимаймиз, изланмаймиз. Илм-фанга иштиёқимиз кам. Китоб ўқиш рейтингида хитойликлар ва ҳиндлар энг илғорлар сафидан жой олган.

Яқинда бир қўшнимга “Ҳидоят” ва “Мў­миналар” журналларини бердим. У билан ҳар кўришганда журналларда чоп этилган мақолалар ҳақида гап очдим. Аммо у лом-мим демади. Демак, нашрларни очиб ҳам қарамаган. Унинг уйида китоб жавонига ҳам кўзим тушган. Агар қўшним китобларни ўқиганда эди, оилавий муаммоларини, болаларининг юриш-туришини тўғрилаган, китоб – бу ҳаёт, тараққиёт эканини англаб етган бўларди. Афсуски, бундай инсонлар орамизда кўп.

Жамиятда бирор соҳанинг мутахассиси ёки олимлари етишмаса, унга ҳаракат қи­лин­маса, барча бирдек гуноҳкор бўла­ди. Демак, ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам зарур илмларни билишлари шарт. Чунки давлатнинг куч-қудрати илм-фан ривожи ва тараққиётига боғлиқ.

Бугун дунёда илм-фан шиддат билан ри­­вожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қи­линмоқда. Лекин буларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келади? Аф­суски, жуда ҳам оз. Ваҳоланки, тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб улкан кашфиётларни армуғон этган.

Исломда илм диний ва дунёвий­га ажратилмайди. Ота-боболари­миз бу қоидага амал қилган­­лари боис кўплаб қомусий олим­лар, мутафаккирлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунё­вий илмларда пешқадам бўлишган. Бутун дунёда пешқа­дам бўлиши­миз учун ўзи­миз ҳам, фарзандларимиз ҳам илм олиши ҳам фарз, ҳам қарздир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир” (Имом Бухорий ривояти), деганлар. Яна бир ҳадисда: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти). 

Ушбу ҳадисда дангаса, ғайрат­сиз, заиф мўминдан кўра, бақув­ват, ҳаракатчан, ибодатда ғайрат­ли мўмин Аллоҳ таолога севимли экани маълум бўлади.

Уламолар ушбу ҳадисдаги “куч­ли мўмин” иборасини дин ва дунё ишларида пешқадам киши деб шарҳлашган. Кучли мўмин деганда куч-қув­ватини на ўзи­га, на динига фойда бермайдган ­ишларга сарфламасдан, балки ўзи­га ва ўзгаларга манфаат бе­рувчи иш­ларда ғайратли бўлиш ҳам ту­шунилади.

Хулоса шуки, Аллоҳга суюкли бўлиш учун фақат ибодатни эмас, дунё ишларида ҳам одамларга кўпроқ манфаат беришимиз лозим. Бунинг энг мақбул йўли тадбиркорлик, касб-ҳунар, тижорат, бугунги замонавий со­ҳалар билан шуғулланиб, одамларни иш билан таъминлаш, бо­зору дўконларимизни ўз маҳсулот­ларимиз билан тўлдириб, хориж билан рақобатлаша оладиган да­ражага етишдир. Шундагина динимиз ҳам, юртимиз ҳам равнақ топади, иншоаллоҳ. 

Бобур МУҲАММАД

 

Read 845 times

Мақолалар

Top