Мақолалар

Дунёни мафтун этган Хива

“Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти”

2022 йил Боку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XI сессиясида икки ярим минг йиллик тарихга эга қадимий Хива шаҳри 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилинган эди. 

Шу муносабат билан жорий йилнинг 31 май – 2 июнь кунлари Хоразмда қатор халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. 

Айни кунларда ушбу нуфузли анжуманга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Ўзбекистон мезбонлик қилаётган навбатдаги нуфузли тадбирлар доирасида ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг ХII сессияси ўтказилади. Халқаро анжуманда 57 та давлатнинг туризм вазири, халқаро нуфузли туристик ташкилотлар раҳбарлари, хорижий ОАВ вакиллари иштирок этади. 

Унда ИҲТга аъзо мамлакатларнинг туризм салоҳияти тақдимотлари ўтказилади, амалга оширилган ишлар натижалари таҳлил қилинади, истиқболдаги режалар кўриб чиқилади. 

2023 йил 12 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти” халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, шу кунга қадар кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. 

– Халқаро тадбирлар ўтказиладиган манзилларда сайёҳлар учун янада қулайликлар яратишга аҳамият қаратилмоқда, – дейди Туризм қўмитаси бўлим бошлиғи Муҳайё Ҳайитова. – Масалан, “Ичанқалъа”даги тарихий Жума масжидида ҳам ибодатларни эркин адо этиш учун шароит ҳозирланган. Муқаддас Қуръони Карим китоблари, ислом динига оид бошқа турли асарлар жойлаштирилган. Бу каби шароитлардан шаҳарга ташриф буюраётган хорижлик, айниқса, мусулмон давлатларидан келаётган меҳмонлар мамнун. 

– Хивалик инсонлар меҳрибон. Бизни жуда ҳурмат қилишяпти, – дейди туркиялик сайёҳ Ҳава Орду. – Турк тилида деярли барча аҳоли билан суҳбатлашяпмиз. Келганимга бир кун ҳам бўлмади. Жуда гўзал шаҳар экан. Мени мафтун этди. Бу сингари масжид, мадраса, мақбара ва музейларни бошқа шаҳарларда учратиш қийин. Уларнинг барчаси жуда қадимий, лекин уларни кўз қорачиғи каби асраб келаётган ўзбекистонликлар келажак авлодга бой мерос ва улкан туристик имконият қолдирмоқда.  

Маълумки, Хива шаҳридаги зиёрат туризми объектларидан бири бу Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳисобланади. Бу ерга нафақат хоразмликлар, Ўзбекистон аҳолиси, балки бутун дунёдан зиёратчилар келади. 

– Биз йигирмадан зиёд дугоналар Андижондан келдик, – дейди меҳнат фахрийси Раъно Боқиева. – Мақсадимиз – Хоразм, Хивадаги муқаддас жойларни зиёрат қилиш. Ичанқалъадаги меҳмон уйларга жойлашдик. Шароитлари жуда яхши экан. Қадимий, лекин барча замонавий қулайликларга эга, шинамгина хонадон бизни мамнун этди. Ибодат қилувчилар учун барча жойда ҳамма шароит яратилганидан хурсандмиз. Юртимизга, Ватанимизга, халқимизга тинчлик-тотувлик тилаб дуолар қилмоқдамиз. 

Таъкидлаш лозимки, Хива шаҳрига Ислом оламининг туристик пойтахти мақомини бериш шаҳарни халқаро туризм бозоридаги энг яхши сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш имкониятини беради. ЮНЕСКО мутахассислари ҳатто Хивани қадимги Афина, Рим ва Қоҳира билан солиштиришади. 

– Мен Хоразм тарихини анчадан буён ўрганаман, – дейди АҚШлик тарих ихлосманди Жек Карлсон. – Кўп йиллар шу ерга келиб Хоразмшоҳлар тарихини ўрганишни орзу қилганман. Мана ниятимга етдим. Музейларда мадраса ва инфомарказларда маълумотларни ҳеч қийналмай топиш мумкин. Маҳаллий тарихчилар ҳам ҳар доим биз билан мулоқот қилишга тайёр. Ташрифим давомида бутун дунё ислом дунёсининг тарихий ва нуфузли анжуманига гувоҳ бўлишимдан мамнунман. 

– Хоразм ва Франция ўртасида минг йиллик тарихга эга бўлган алоқа мавжудлиги тарихдан маълум. – дейди франциялик сайёҳ Эвелине Превост. – Хива шаҳрини бемалол шарқ меъморчилигининг бешиги ва илм-маърифат тамаддунининг пойдевори десак ҳам бўлади. Бу ерда гўзал маданият шаклланган. Мустаҳкам қадриятлар мавжуд. Айниқса, меҳмондўст хиваликларнинг таомларини еб тўймайсиз. Мен шу ерда эканлигимдан жуда мамнунман.

Бу йилги саёҳат ва зиёрат мавсуми қизғин паллага кирган шу кунларда Хива шаҳри, хусусан, “Ичанқалъа” мажмуаси кўчаларида кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни учратасиз. Воҳа меҳмонлари тарихий меъморий обидаларни томоша қилиш асносида аждодларимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятига эга эканига гувоҳ бўлишади. Демак, нуфузли анжуман доирасида жаҳоннинг 60 га яқин давлатидан нафақат туризм соҳаси вакиллари, балки дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳлар Хивада жам бўлишади. Бу эса мамлакатимизда туризм имкониятининг янада кўтарилишига хизмат қилади. 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири

Read 702 times

Мақолалар

Top