Мақолалар

Таҳорат – намознинг  калити

Таҳоратнинг  фарз ва  суннатларини  кўпчилик  назарий жиҳатдан  билади-ю,  аммо амалда  хатога  йўл  қўяди. Бунинг  сабаби, баъзилар  таҳоратни  устоздан  эмас,  балки китоб  ўқиб ўрганганидир. Аслида эса  таҳорат амалиёт бўлгани  учун ҳар бир  намозхон  уни худди  намозни устоздан  ўрганганидек ўрганиши  кейин эса устозини олдида  таҳорат олишини  кўрсатиб  имтиҳон  топшириши  керак. Бу борада бепарволик ярамайди.  Зотан,  намознинг  дуруст  бўлиши учун  ҳам  таҳорат мукаммал  бўлиши керак  бўлади.  Таҳорат  мукаммал   бўлиши  учун  эса  таҳоратнинг  фарзи,  суннати, мустаҳаби  ва  одобини  билиш  керак.  Шунинг учун  таҳоратдаги  амаллар  рўйхатини   тартиб  билан  бирма-бир  келтириб  ўтамиз.

 

                                       Таҳоратда тўртта фарз бор. Улар: 

  1. Юзни ювиш  (сочдан  қулоққача,  жағнинг  тагигача);
  2. Икки қўлни  тирсаклари  билан  ювиш;
  3. Бошнинг тўртдан  бирига  ва  соқолнинг  юзни  тўсиб  турган  қисмига  масх  тортиш;
  4. Икки оёқни  тўпиқлари  билан  ювиш.

 

                                       Таҳоратнинг  суннатлари ўнта:

  1. Ният қилиш;
  2. Таҳоратни “бисмиллоҳ”  билан  бошлаш;
  3. Таҳорат олишдан   олдин  икки  қўлни  бўғимлари  билан  қўшиб  ювиш;
  4. Мисвок ишлатиш;
  5. Оғиз  ва  бурунни  ювиш;
  6. Таҳоратда тартибга  риоя  қилиш;
  7. Таҳорат аьзоларини   ювишни  кетма-кет,  узлуксиз  бажариш;
  8. Аьзоларни  уч  мартадан  ювиш;
  9. Қўл ва  оёқ  бармоқлари  орасига  ҳамда  соқолга  хилол  қилиш;
  10. Бошнинг ҳаммасига  бир  марта  ва  икки  қулоғига  масх  тортиш.

                                    

Таҳоратнинг   мустаҳаби иккита:

  1. ўнгдан  бошлаш;
  2.  бўйинга  масх  тортиш.

                                    Таҳоратнинг  одоблари ўн учта:

  1. Қиблага қараб  ўтириб  таҳорат  қилиш;
  2. Баланд  жойда  ўтириб  таҳорат  қилиш;
  3. Таҳорат  қилишда  узри  бўлмаса,  бировнинг  ёрдамидан     фойдаланмаслик;
  4. Таҳорат қилаётганда гаплашмаслик;
  5. Узуги бор  одамлар  уни  қимирлатиб,  остига  сув  етказиши;
  6. Оғзига  ва  бурнига  ўнг  қўл  билан  сув  олиб,  бурунни  чап  қўл  билан  тозалаш;
  7. Шошилиб  қолмаслик  учун  намоз  вақти  кирмасидан  таҳорат  қилиш;
  8. Сувни  исроф  қилмаслик;
  9. Ишлатишга қулай  бўлиши  учун  таҳорат  суви  солинган  идишни  ўнг  томонга  қўйиб  олиш;
  10. Қалбдаги  ният  билан  тилдаги  гапни  бирлаштириш;
  11.  Ҳар  бир  аьзони  ювганда   “Бисмиллаҳ”ни  айтиш;
  12. Таҳорат  қилиб  бўлгандан  кейин  шаҳодат  калимасини  ва  ривоятда  келган  дуони  ўқиш;
  13. Таҳорат  қилиб  бўлгандан  кейин  икки  ракат  намоз  ўқиш.

                             

Таҳоратнинг  макруҳлари тўққизта:

  1. Сувни  исроф   қилиш;
  2. Сувни  ўта  кам   ишлатиш;
  3. Сувни  юзга  ёки  бошқа  аъзоларга  уриш;
  4. Дунёвий  гапларни  гапириш;
  5. Узр бўлмаган ҳолда  бошқанинг  ёрдамидан  фойдаланиш;
  6.  Нажосат  бор  жойда  таҳорат  қилиш;
  7. Рўзадор  киши  оғиз  ва  бурунни  чайишда  муболаға   қилиши;
  8. Таҳоратнинг  суннатларидан  бирини  тарк  этиш;
  9. Ўта  иссиқ,  ўта  совуқ  ёки  қуёшда  исиб  қолган  сувда  таҳорат  қилиш.

Қуйида  таҳорат  олиш  асносида  йўл қўйиладиган  баъзи  камчиликлар  тўғрисида  маьлумот  бериб  ўтмоқчимиз. Чунки ҳозирги  кунимизда  таҳоратга  бирозгина  эътиборсизлик,  бепарволик  кучайиб  қолмоқда.  Гўёки  ювиладиган  аьзоларни  қандай  қилиб  бўлса  ҳам  ювса  бўлди.  Аслида  эса  таҳорат – намознинг  калити  дейилади.  Демак,  таҳоратга  ҳам   худди  намозга   этибор  бергандек   эътибор  бериш  керак. Акс  ҳолда  ҳар  иккала  ибодат  ҳам  дуруст  бўлмайди.  

Бу ўринда  барча  маьлумотларни  тўлиқ  келтиришдан  йироқмиз.  Негаки,  мазкур  маълумотлар  кўплаб  китобларда  мукаммал  ҳолда  келтирилган.  Биз  эса  айнан  ҳозирги  кунда  масжид  таҳоратхоналарида  содир  этилаётган  айрим камчиликлар  тўғрисида  сўз  юритмоқчимиз . 

  1. Юзни ювиш асносидаги  хатолар: аввало  юзни  юваётганда  икки  қўлнинг  ҳовучига  сув  олиб  ювиш, ювганда  ҳам  сувни  юзга зарб  билан  уриб  ёки  сувни  сочиб  юбориб  кейин  ишқалаш  ҳолати  кузатилади.  Аслида  эса  ўнг  қўлга  сув  олиб  юзга  сочмасдан  оҳиста  қилиб  юзни  юқори  қисмидан  яъни  пешонадан  қуйилади. Сўнгра оқиб  тушаётган  сув ўнг қўл  билан  юзга  ишқалаб  ҳамма  жойига  етказилади.  Мазкур  амални  бажариш  асносида  ерга  тушаётган  сув  қайтиб  тепага  сачрамаслигининг  чорасини  кўриш  керак.  Бунинг  учун  эса  таҳорат  олинаётган  жойдаги  ариқча  анчагина  чуқур  бўлсин .  Қолаверса, сувнинг  ариқчага  тушишининг  ҳам  чорасини қилиш  керак. Ариқчанинг  икки  чети  қиялатиб   қилинган  бўлиши  алоҳида  аҳамиятга  эга. Шундай қилинса,  сув ариқчанинг  ичига  тўғри  тушмасдан,  балки  синиб  ёнбошга  оқиб  тушади. бу эса сувнинг  сачрашининг  олдини  олади. 
  2. Қўлни тирсаклар билан  ювишдаги   хатолар:  бунда  аввало  кийимнинг енги  тирсакдан  юқорига  кўтарилган  ҳолда  бўлиши шарт.  Баъзилар  ушбу  ҳолатга  бепарво  бўлгани оқибатида тирсакни   тўлиқ  юва олмайди. Шунинг   учун  ҳам  енгни  иложи  борича  юқорига  шимариб,  сўнгра  қўлни  тирсаклар  билан  юваётганда тирсакнинг  орқа  қисмидаги  тери  буришиб  турадиган  жойига  алоҳида  эътибор  бериш  керак.  Акс  ҳолда  айнан  ўша  жойга  кўпинча  сув  тўлиқ  етиб  бормайди.  Натижада  таҳорат  ноқис  бўлади. Ушбу  ўринда  эътибор  беришимиз  керак  бўлган  ишлардан  яна  бири,  сув  тушиб  турадиган  жўмраклардан  сув  узлуксиз  оқиб  туради  купчилик  эса айнан  мана шу  жойда  хатога  йўл  қўяди,  яъни,   оқиб  турган  сув  остидан  қўлни  чиқариб  олмайди,  балки қайта-қайта  ишқалайверади  ва  ўзича  уч марта  ювдим  деб  ўйлайди. Аслида  эса  қўлни  сувдан  узмас  экан,  неча  марта  ишқаласа  ҳам,  барибир,  бир  мартага  ўтади,  холос. Бу  ҳолатда  суннат  амал  тарк  этилган  бўлади (Бурунлари  обдастада  таҳорат  қилингани  туфайли  бу  муаммо  бўлмаган).
  3. Бўйинга масх тортишдаги  хатолар:  бунда  баъзилар  бўйинга  эмас,  балки  гардани  (бўйиннинг  орқа  томони) аралаш  бўйнига  ҳам  масх  тортиб  юборади.  Бу  эса  бидъатдир.   Аслида  эса  учта  бармоқ:  ўрта, номсиз ва  жимжилоқ  бармоқларнинг  ташқи  томони  ила  бўйиннинг  олди қисмидаги  икки  ёнбош  томони  (жон  томир) устига  оҳиста  қўйилиб  оҳиста  тортилади.  Бунда  бўйиннинг  ҳамма  жойига  сувни  ишқалаб  ташланмайди. Акс  ҳолда  мустаҳаб  бўлган  амални  бажараман  деб  билмаган  ҳолда  бидъат  қилиб  қўйиши  мумкин .
  4. Оёқни ювишдаги хатолар:  бармоқлар орасига  албатта  хилол  қилиш  керак.  Бунда  ўнг  оёқ  жимжилоғининг  пастки  тамонидан  бошланади,  охири  чап  оёқ  жимжилоғида  якунланади.  Баьзиларнинг  товони  ёрилган  бўлса  янада  эҳтиёт  бўлиши  керак,  ёрилган  жойларига  албатта  сув  етказиш зарур.   

Эътиборли  бўлишимиз  керак  бўлган  ишлардан яна  бири,  оёқни  уч  марта  ювиш.  Бунда  ҳам  албатта   оёқни  сувни  тагидан  чиқариш  билан  узиш  ёки  сувни  уч мартагача  тўхтатиш  билан  узиш  мумкин.  Кейингиси  эса  оёқдан  оқиб  тушаётган  сувга  эътибор  бериш.  Бунда  одатда  оқиб  тушаётган  сув  оёқлар  турган  жойгача  сачраб  тушади.  Бунинг  оқибати  нима  бўлишини  эса  юқорида  айтиб  ўтдик.  Кўпчилик  яна  бир  хатога  йўл  қўяди.  Яъни ўнг  оёқни  ювиб  бўлиб   яна  пастга  қўйиб,  кейин  чап  оёғини  ювади.  Натижада  чап  оёғини  юваётгандаги   сув  яна  ўнг  оёғи  устига  сачрайди.  Шунинг  учун  ўнг  оёғни  ювгандан  кейин  уни  жўмраклар  ўрнатилган  жойга,  яъни  баландга  кўтариб  туриб  кейин чап  оёқни  ювиш  керак.  Шунда  сув  сачраш   хавфи  бўлмайди.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

ЎМИ масжидлар бўлими ходими

 

Read 7221 times

Мақолалар

Top