Мақолалар

Тақво нажот йўли

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил. Гуноҳнинг ортидан, уни ўчирадиган яхшилик қилгин. Инсонларга гўзал хулқ билан муомала қил”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда “тақво” деб таржима қилинган сўздан луғатда ҳимоя, тўсиқ деган маънолар тушунилади. Шариат истилоҳида банда билан у қўрқадиган азобнинг ўртасидаги ҳимояловчи тўсиқ тақводир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ҳадисни айтишларига Абу Зар ва Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳумо)лар сабаб бўлишган. Муоз (розияллоҳу анҳу) Яманга кетаётганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Муоз, Аллоҳга тақво қилгин. Одамлар билан гўзал муомалада бўлгин. Гуноҳ иш қилиб қўйсанг, ортидан яхшилик қилгин”, дедилар. Муоз: “Ё Расулуллоҳ, “Ла илаҳа иллаллоҳ” яхшиликми”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У яхшиликларнинг энг буюгидир”, дедилар” (Ибн Абдулбир тамҳидда келтирган). Абу Зар (розияллоҳу анҳу): “Ё расулуллоҳ мени жаннатга яқин қилиб, дўзахдан сақланишимга сабаб бўладиган амални ўргатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳ қилиб қўйсанг, ортидан яхшилик қилгин. Чунки битта яхшиликнинг ўнта мисли бор”, дедилар. У: “Ё Расулуллоҳ “Ла илаҳа илллаллоҳ”, яхшиликми”, деб сўради. Набий (алайҳиссалом): “У яхшиликларнинг гўзалидир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Инсон Аллоҳ таолонинг ердаги халифаси. Аллоҳ таоло бандаларни яратиб, уларга ҳисобсиз неъматлар ато қилди. Башариятга яхшилик ва саодат йўлларини кўрсатиш учун, уларнинг орасидан пайғамбарлар чиқарди. Аллоҳ таоло бандаларни Ўзига ибодат қилиш ва буйруқларига бўйсунишга буюрди. Одамларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, меҳр-оқибатли бўлишлари ва ўзаро яхшиликлар қилишлари саодатга эришишнинг муҳим омилларидан эканини баён қилди. Бу йўлда Аллоҳга тақво қилишнинг ўрни беқиёсдир.

Тақво нажот йўли. Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тақво банда учун саодат эшиги ва Аллоҳ таолонинг розилиги калити эканини баён қилдилар. Тақво барча яхшиликларни жамлайди ва инсони ёмонликлардан ҳимоя қилади. Мўминлар тақво билан абдаий нажот топадилар ва Аллоҳ таолонинг ёрдамига эришадилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир” (Наҳл, 128). Бошқа оятда Аллоҳ таоло тақволи бандаларга гўзал ризқ беришни ва қийинчилик, машаққатлардан халос қилишни ваъда қилди: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ, 2-3). Банда тақво қилса ёмонларнинг ҳийла-найранрларининг зараридан халос бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар сизларга яхшилик етса, бу уларни хафа қилади. Борди-ю, сизларга ёмонлик етса, бундан улар хурсанд бўладилар. Агар сабр билан тақвода бўлсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар етказмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилмишларини иҳота қилувчи зотдир” (Оли Имрон, 120).

Банда тақво қилиб дунё ва охиратда ғалаба қилади ва Аллоҳ таолонинг чексиз инъомлари ва даражаларига эга бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва дарёлар узрадирлар. (Улар) қудратли подшоҳнинг (Аллоҳнинг) ҳузуридаги садоқат мақомида бўлурлар” (Қамар, 54-55).

Тақво сўзидан Ислом динидаги ақида, ибодат, муомала ва хулқ каби амaллар тушунилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингиз-нинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар” (Бақара, 177).     

Тақво айтиладиган сўз ёки ҳужжатсиз талаб қилинадиган даъво эмас. Балки, у Аллоҳга итоат этиш ва гуноҳларни тарк қилишга ундовчи солиҳ амалдир.  Уламолар: “Аллоҳ таолога итоат этиб, осий бўлмаслик, Уни ёдга олиб, унутмаслик ва Раббига шукр қилиб, кўрнамаклик қилмаслик тақводир”, дейишади. Мўминлар мазкур маънода амал қилишлари ва сийрат-у суратда тақво билан зийнатланишлари лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!” (Оли Имрон, 102).

Банда шубҳали нарсалардан сақланиб, мукаммал тақвога эришади. Шубҳадан сақланиш инсонни поклайди. Ҳаром нарсаларни бажариб қўйишдан қўрқиб, мубоҳ ишлардан сақланиш ҳам шунинг жумласидан ҳисобланади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда зарарли нарсадан қўрқиб, зарарли нарсалардан тийилмагунча тақводор бўлолмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсон ҳаромдан хавф қилиб, ҳалолни тарк қилмагунча тақвога эришолмайди”.

Гуноҳларга тавба қилиш тақводорларнинг хулқидир. Гоҳида инсон унутади ёки ғафлат қолади. Натижада, нафси ғолиб келиб ёки шайтон васавасаси сабаб гуноҳ қилиб қўяди. Шу онда тавба қилиш ва Аллоҳ таолога истиғфор айтиш тақводорлик белгисидир. Аллоҳ таоло тақволик бандаларни бундай сифатлайди: “Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир” (Оли Имрон, 135). Бошқа оятда бундай марҳамат қилинади: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар” (Аъроф, 201). Тақволик банда тавба ва истиғфордан кейин, яхшилик қилиш ва солиҳ амалларни бажаришга шошилади. Аллоҳ таолонинг ваъдаси билан яхшиликлар ёмонликларни ўчиради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир” (Ҳуд, 114).

Гўзал хулқ мўминнинг зийнати. Инсон чиройли хулқ билан олий даражаларга етади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча билан гўзал муомалада бўлишга буюриб: “Имконинг борича хулқингни гўзал қилгин”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти). Инсон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал хулқларига эргашиб, чиройли одобни  ўрганади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21). Аллоҳ таоло бошқа ояти каримда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай сифатлаган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қалам, 4).

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хато қилган одамни кечириш, инсонларга меҳр-муҳаббатли ва оқибатли бўлиш, уларга очиқ юз, ҳалимлик, тавозелик ва камтарлик билан муомала қилиш гўзал ахлоқнинг кўринишларидир.

Манбалар асосида Юнусобод туманидаги

"Юнусобод" жоме масжиди имом-хатиби

Абдулғани ТОШПЎЛАТОВ тайёрлади

Read 6510 times

Мақолалар

Top