Мақолалар

Ҳаётий воқеа: ким ёмон ниятда бир иш бошласа, охири вой

Ҳайит тонги Салимга отаси икки тилла танга бериб, тайинлади: “Бирига ўртоқларинг билан ширинлик олиб егин, иккинчисига укаларингга ҳолва келтир”.

Аммо Салимнинг нафси ҳакалак отиб, бир тилла танга ёнимга қолса фойда, деб ўйлади ва ўртоқларига:

– Отам ҳайитлик деб берган тангаларини йўқотиб қўйдим. Сизларни ҳолва билан сийламоқчийдим, – деб ёлғон гапирди ва ўзини афсуслангандек кўрсатди.

Салимнинг кўнгли тоза Ҳасан исмли дўсти бор эди. У Салимни юпатиб, “Бу гал сенда бўлмаса, менда бор-ку”, деб баққолнинг дўконига бошлади.

Тангалар ёнида қолгани, маза қилиб ҳолва еганидан хурсанд Салим отамга тангаларни йўқотиб қўйдим, дейман деб хаёл қилди. Уйга келганида эса, чиндан ҳам тангалар чўнтагидан тушиб қолган эди. Шунда отасининг: “Ким ёмон ниятда бир иш бошласа, охири вой”, деган гапи ёдига келди ва қилмишидан афсусланди.

Салим йўқотган тангаларни Шермат исмли бола топиб олди. У тангаларни кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлди, аммо фалокат босиб, йўлдаги каттагина ўрага тушиб кетди. Қанча уринмасин бировнинг кўмагисиз у ердан чиқиб кетишнинг иложи йўқ эди. Одамларни ёрдамга чақира бошлади:

– Ёрдам беринглар, ҳақига берадиган тилла тангаларим бор.

Шунда Салимнинг дўсти Ҳасан шу кўчадан ўтиб қолди ва дарров ёрдамга шошилди ва уни ўрадан чиқариб олди.

– Раҳмат, жўра. Сен бўлмаганингда, ҳолим нима кечарди. Мана бу тангаларни баққолнинг дўкони олдидан топиб олдим. Эгасини суриштирмай, ўзимники қилдим. Бировники буюрмас экан, ошна, – деб ваъда қилгани  тангаларни Ҳасаннинг қўлига тутқазди.

Ҳасан эса:

– Яхшилик эвазига пул олинмайди. Ёрдами учун бирор нарса тамаъ қилиш ёмон иш” – дея тангаларни рад этди.

Шермат унинг сўзлардан таъсирланди.

– Яхши бола экансан. Шу пайтгача кўп ёмон ишлар қилдим. Бундан кейин мен ҳам сенга ўхшаб яхши бола бўламан. Шу кунгача ҳеч кимга ҳайитлик бермагандим, – деб Ҳасанни баққолнинг дўконига бошлаб борди. Икки тиллалик холва олиб, Ҳасанга тутқазди ва: “Бу ҳайитлик сенга, қўлимни қайтарма”, деди.

Шунда Ҳасан отасининг: “Ким бировга холис яхшилик қилса, Аллоҳ, албатта, мукофотини беради”, деган гапларини эслади.

Қўлида совға билан уйига йўл олди, аммо Салимнинг пулини йўқотиб, хафа бўлгани ёдига тушди ва тўғри ўртоғининг уйига қараб юрди.

Бу пайт Салим дўстига, отасига ёлғон гапиргани, укаларига ҳайитлик олиб келмагани учун ўзини айблаб, хомуш ўтирарди. Ҳасан унга бўлиб ўтган воқеаларни бир-бир гапириб берганида, Шермат топиб олган тангалар ўзиники эканини билди. Ёмон ният қилгани учун жазоланганини ўйлаб, хижолат тортди. Аччиқ ва оғир бўлса-да, дўстига ҳақиқатни айтишга қарор қилди...

Ҳидоят ОЛИМОВА

тайёрлади

ЎМИ Маълумот хизмати

 

Read 4543 times

Мақолалар

Top