Мақолалар

Исломнинг мадори бўлган ҳадис

Имом Нававий: «Ушбу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардан биридир», деган. Ҳадиси шариф шариат аҳкомлари асоси бўлган тўрт ҳадиснинг бири саналади ва Исломнинг учдан бирига тенгдир.

Қуртубий: “Бу ҳадисда ҳалол ва бошқа нарсалар ўртасидаги ҳукмлар батафсил баён қилинган, қалб билан боғлиқ амалларнинг барча жиҳатлари қамраб олинган. Шу сабаб барча ҳукмларни ундан чиқариб олиш мумкин”, деган.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳалол аниқ, ҳаром аниқ. Аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди. Ким тўсиқ атрофидаги чўпонга ўхшаб шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, унга тушиб қолади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир подшоҳнинг чегараси бўлади. Аллоҳнинг Ердаги чегараси У Зот ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти).

Ҳадис шарифда ким ўзини шубҳали нарсалардан эҳтиёт қилса, динини нуқсондан, ўзини таъна ва дашномлардан сақлаган бўлади дейилмоқда. Бу қоидага ҳалол касб-ҳунар қилишга алоҳида эътибор бериш керак. Шунда банда қалби соғлом, имони мустаҳкам бўлади.

Имом Нававий айтади: “Нарсалар уч қисмга бўлинади: ҳалол очиқ-ойдин, унинг жоизлигида шубҳа йўқ. Буларга нон, мевалар, ёғ, асал, гўшти истеъмол қилинадиган ҳайвон сути ва тухуми, бундан бошқа таомлар киради. Шунингдек, гапириш, назар солиш, юриш ва шу каби тасарруфотлар ҳам ҳалол. Бу ишларнинг ҳалоллигига шубҳа йўқ.

Ҳаром нарсаларга хамр, тўнғиз гўшти, ўлимтик, бавл ва оққан қон, шунингдек, зино, ёлғон, ғийбат, бўҳтон, номаҳрамларга назар солиш ва шу кабилар киради.

Шубҳали нарсалар шуки, Қуръон, суннат ва ижмоъда бирон нарса дейилмаган бўлса, мужтаҳид ижтиҳод қилади. Ҳалол ёки ҳаромлиги номаълум нарсаларни тарк қилиш тақводир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ким шубҳали нарсаларни тарк қилса, дини ва обрўсини сақлаб қолади”, деган ҳадисларига мувофиқдир” (Шарҳун нававий ъала саҳиҳи Муслим).

Ҳадисда ҳаром билан ҳалол ўртасидаги тўсиқ подшоҳнинг чегарасига ўхшатилмоқда. Ҳар бир ҳукмдорнинг одамлар киришига тўсқинлик қиладиган чегараси бўлади. Агар бирон киши ундан ўтиб кетса, жазоланади. Худди шунингдек, ҳукмдорлар ҳукмдори, оламлар Парвардигори Аллоҳнинг ўз чегаралари, ўтилиши мумкин бўлмаган ҳудудлари бор. Бу ҳаром нарсалар ва ишлардир. Ким бу чегара яқинига келса, ундан ўтиб кетиш хавфи туғилади. Шу сабаб ҳам бу чегара яқинига келмаслик шарт.

Умар ибн Абдулазиздан сўрашди. Эй мўъминларнинг амири сиз ҳаётингиздаги қайси воқеани улуғ деб санайсиз? “Бобомнинг мен ҳақимга қилган дуою яхшиликларида деб биламан. Бобоси Умар ибн Хаттоб Мадина кўчаларида кечқурун айланиб одамлар ҳолидан хабар олиб юрарди. Кунлардан бир кун бир уйдан “Эй қизим, сутга озгина сув қўшгин”, деган овоз эшитилди. Шунда қиз: “Онажон, мўъминларнинг амири бу ишдан қайтарди, деди. Она деди: “Умар қайда-ю, сен қайда”. “Онажон, у зотнинг олдида итоат қилиб йўқлигида исён қилмамизми?”, деди. Умар ибн Хаттоб ўша қизни келин қилди. Ўша қиздан туғилган фарзанд Умар ибн Абдулазиз одил подшоҳ бўлиб етишди. Бу эса онасининг ҳалоллигидан эди. Қалб иши нозик экани, уни ислоҳ қилиш, Ҳалол ризқ топиш, ҳаромдан ҳазар қилишда ҳам қалб поклиги муҳим саналади. Юракдан яхши ният чиқса жисмнинг бошқа аъзоларига ҳам яхши бўлади. Аллоҳ таоло зоҳирий ва ботиний қалбимизни Ўзи ислоҳ қилсин.

Ҳусниддин АБДУҚОДИРОВ,

Зарбдор тумани «Кериз» масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4841 times

Мақолалар

Top